10:29 / 27.08.2017
6 786

«Пулларни биз ўз хоҳишимиз билан топширганмиз»: «Аҳмадбой иши» бўйича навбатдаги суд мажлисидан репортаж

«Пулларни биз ўз хоҳишимиз билан топширганмиз»: «Аҳмадбой иши» бўйича навбатдаги суд мажлисидан репортаж
24 август, пайшанба куни молиявий пирамида асосчиси Аҳмаджон Турсунбоев — «Аҳмадбой иши» бўйича навбатдаги эшитув бўлиб ўтди, деб ёзади «Дарё» нашри.

Жиноий ишнинг биринчи қисми бўйича 238 нафар жабрланувчининг кўрсатмалари тингланади. Бугунги кунгача 7 та мажлис бўлиб ўтди, уларнинг ҳар бирида 8—12 жабрланувчи кўрсатма берди.

Навбатдаги эшитувга Тошкент вилоятидан тўққиз жабрланувчи таклиф қилинди.

Чиноз туманида яшовчи Раҳима И. судланувчилар ўриндиғидаги барча айбланувчиларни таниди. У судда II гуруҳ ногирони бўлган қизини даволатмоқчи ҳамда турмушга узатмоқчи бўлганини гапириб берди. «Одамлар Аҳмадбойга ишониш мумкин, дейишганди», — деди у. Фирма кассирлари Раҳима И. га 7000 доллар қайтариб беришни ваъда қилишган, аммо ҳеч қандай фоизларни олишга у улгурмаган.

Янгийўллик 54 ёшли Саидаҳрор У. Damas автомобилини Аҳмадбойнинг фирмасига 11 минг долларга сотган ва келажакда фойда олиш учун пулини берган. Тўрт ой ичида фирма унга 4000 доллар миқдорида фоизлар тўлаган. Жабрланувчи, шунингдек, фирмага Gentra автомобилини ҳам сотган. Машиналардан ташқари, у кассага қўшимча 5000 доллар берган.

Янгийўллик 60 ёшли Зулфия Х. 2016 йил 27 апрелда Аҳмадбойнинг фирмасига 1800 доллар берган. Майда илк фоизларни олган (350 доллар). Сўнг у фирмага яна 3 миллион сўм киритган. Айтишича, аёлнинг 2 минг долларлик қарзи бўлган ва жамғармасини икки карра кўпайтириб, уни тўлашни истаган.

1957 йилда туғилган Янгийўл фуқароси Толиб А. хотини уйни сотишдан тушган пулни ундан сўрамасдан Аҳмадбойга олиб бориб берганини айтди, аслида эса улар бошқа уй олмоқчи бўлган. Маблағ тахминан 4600 доллар бўлган. Ҳозир унинг хотини Россияда, ўзи эса қизиникида яшашга мажбур қолган.

Янгийўллик Лилия Л. 17 май куни жамғармаларини кассага олиб борган. 4500 доллар пулдан фирма ходимлари унга ҳар ойда 930 доллардан тўлаб туришни ваъда қилган.

Чинозлик 40 ёшли Олеся В. Аҳмадбойнинг фирмасига 2016 йил декабрдаёқ ўз пулларини берган (аниқ суммасини айта олмади), майда фоиз сифатида 2000 доллар олган. Ўша пайт ногирон онаси билан қўшимча 5000 доллар киритган.

Жабрланувчи аёлнинг укаси, 24 ёшли Александр В. Аҳмадбойнинг фирмасига 5000 доллар киритган. «Одамлар ишонганини кўриб, биз ҳам ишонардик. Бизни ҳеч ким бунга ундагани йўқ. Пулларни биз ўз хоҳишимиз билан топширганмиз», — деди у. Ўн ой ичида Александр, фирма ходимлари сўзларига кўра, 12 500 доллар олиши керак бўлган. Адвокатлардан бирининг пулларни нима учун банкка қўймагани ҳақидаги саволига у «банк бундай фоизлар бермайди», дея жавоб қилди.

Тошкентнинг Миробод туманида яшовчи Аҳмаджон Р. Турсунбоевнинг фирмасига 3000 доллар киритган. Ўн ойдан кейин унга пулини икки баравар қилиб қайтаришни ваъда қилишган.

Чинозлик якка тадбиркор У. 13 июнда фирмага 3000 доллар ва миллий валютада яна тахминан 600 доллар берган. У, шунингдек, Турсунбоевнинг корхонасига машинасини сотган.

Навбатдаги суд мажлиси 4 сентябрга белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, Аҳмадбойга қарши Жиноят кодексининг тўрт моддаси бўйича айбловлар илгари сурилди: 177-модданинг (валюта қимматликларининг ноқонуний харид қилиниши ёки сотилиши) «а», «б» бандлари, 188-модда (Давлат рўйхатидан ўтмай тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб, ўта йирик миқдорда назоратсиз даромад олиш), 189-модда (Савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш), 190-модданинг (Лицензиясиз фаолият билан шуғулланиш) «а», «в» бандлари.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Пулларни биз ўз хоҳишимиз билан топширганмиз»: «Аҳмадбой иши» бўйича навбатдаги суд мажлисидан репортаж