00:07 / 22.09.2017
5 497

Шавкат Мирзиёев Тошкентга қайтиб келди

Шавкат Мирзиёев Тошкентга қайтиб келди
18-20 сентябрь кунларида АҚШ сафарида бўлган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкентга қайтиб келди.

Президент минган самолёт Тошкент вақти билан соат 20:00да пойтахтдаги халқаро аэропортга қўнган.

Ушбу ташриф ҳар жиҳатдан самарали ўтди дейиш мумкин. Президент БМТ Бош котиби, Болгария президенти, Грузия Бош вазири, Жаҳон Банки президенти, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари, Халқаро Валюта фонди бошқарувчи директори билан суҳбатлашиб, Ўзбек-АҚШ бизнес форумида иштирок этди. Шунингдек, президент Нью-Йоркда истиқомат қилаётган ўзбекистонликлар билан учрашди.

Учрашувларда Ўзбекистон истиқболи учун муҳим аҳамиятга эга ҳужжатлар имзоланди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси томонидан Америка — Ўзбекистон савдо палатаси билан ҳамкорликда Нью-Йоркда ташкил этилган Ўзбекистон — АҚШ бизнес форумида АҚШнинг 100дан ортиқ компаниялари раҳбарлари иштирок этди. General Electric, Honeywell, ExxonMobil, CNH Industrial, John Deere, Coca-Cola, Boeing, Caterpillar, City Group, Visa, AGCO, Gilead Sciences каби йирик корпорациялар шулар жумласидан.

Форум шўъбаларидаги музокараларда икки томонлама иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, Ўзбекистонда қулай инвестициявий муҳитни шакллантириш ҳамда саноат, инфратузилма, туризм, фан ва таълим соҳаларида қўшма лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш масалалари қизғин муҳокама қилинди.

Америкалик иштирокчилар Ўзбекистонда валютани тартибга солиш тизимига бозор механизмларини жорий қилиш, банк-молия тизимини мустаҳкамлаш, бизнеснинг солиқ юкини қисқартириш, инвесторлар учун, жумладан, республикада ташкил этилган янги эркин иқтисодий зоналар доирасида қўшимча имтиёз ва преференциялар бериш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юксак баҳоладилар.

Тадбир якунида АҚШ компаниялари билан умумий қиймати 2,6 миллиард долларга тенг бўлган йирик ҳужжатлар тўплами имзоланди.

Жумладан, General Electric ва Honeywell корпорациялари билан нефть-газ ва нефть-кимё соҳаларида, CNH Industrial, John Deere ва Caterpillar компаниялари билан машинасозлик соҳасида, OSI Systems ва Lutron компаниялари билан электротехника соҳасида, Boeing компанияси билан фуқаро авиацияси соҳасида истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувлар имзоланди.

Шунингдек, Тошкент шаҳрида Вебстер университети филиалини очиш тўғрисида келишув имзоланди. Бу АҚШ олий ўқув юртининг МДҲ мамлакатларидаги биринчи тўлақонли филиали бўлади.

Манба: kun.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Шавкат Мирзиёев Тошкентга қайтиб келди