15:16 / 31.10.2017
5 423

Ўзбекистон Европага олиб чиқувчи янги темирйўл тармоғига эга бўлди

Ўзбекистон Европага олиб чиқувчи янги темирйўл тармоғига эга бўлди
Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов Озарбайжон Республикасига ташриф буюриши ҳақида хабар берган эдик.

Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Ариповни Ҳайдар Алиев номидаги аэропортда Озарбайжон Бош вазири ўринбосари Ёқуб Айюбов кутиб олган эди.

Кеча, 30 октябрь куни Озарбайжонда Буюк ипак йўлининг бир қисми бўлган янги ипак йўли темирйўл тармоғи очилди. Ушбу маросим Бакудаги денгиз савдо портида ташкил этилди. Унда Ўзбекистон томони ҳам асосий иштирокчилардан бири бўлди.

Ушбу маросимда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Қозоғистон Бош вазири Бакитжан Сагинтаев, Грузия Бош вазири Георгий Квирикашвили, Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Ариповлар ҳамда Тожикистон ва Туркманистон делегациялари иштирок этди.

“Баку–Тбилиси–Карс” темирйўл тармоғи Европа ва Осиёни боғловчи энг қисқа темирйўл тармоғидир.

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг фикрича, Янги Ипак йўли лойиҳасининг бир қисми ишга туширилди, ушбу лойиҳа Осиё, Африка ва Европани боғлайди. “Ўрта коридор” лойиҳасининг бир бўлаги бўлган Баку–Тбилиси–Карс темирйўл тармоғи Лондонни Хитой билан боғловчи йўлнинг асосий қисмидир.

Ушбу маросимда Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ҳам сўзга чиқиб, Ўзбекистон раҳбарияти транспорт-коммуникация ва транзит салоҳияти юқори бўлган минтақалар билан ҳамкорликни ривожлантиришни муҳим дея ҳисоблашини айтди. Ушбу йўналишда Ўзбекистон ўзининг ички ягона темирйўл тармоғини яратиб бўлганини айтди. Ангрен–Поп темирйўл лойиҳасининг тугалланиши Янги Ипак йўли лойиҳасида муҳим ўрин эгаллаши айтилди.

Маълумот учун, “Баку–Тбилиси–Карс” темир йўл тармоғи Озарбайжон, Грузия ва Туркия ҳудудларидан ўтади. Темирйўл тармоғининг узунлиги 850 км бўлиб, шундан 504 км масофа Озарбайжон ҳудудидан ўтади. Тармоқнинг 263 кмлик қисми Грузия ҳудудидан, 79 кмлик қисми эса Туркия ҳудудидан ўтиши маълум қилинди.


Келажакда унинг юк ўтказиш ҳажми йилига 17 млн тоннани ташкил этади. Дастлабки даврларда эса 1 млн йўловчи ва 6,5 млн тонна юкни ташиш режалаштирилган. Қурилиш ишлари 2016 йилнинг охирида тугалланиши режалаштирилган эди, бироқ энди қурилиш 2017 йилнинг иккинчи ярмида тугалланади.

2007 йилда Тбилисида имзоланган келишувга асосан ноябрь ойида Марабда пунктида (Грузия) лойиҳага асос қўйилган эди. 2008 йил июль ойида эса Карсда (Туркия) асосни қўйиш маросими ўтказилган эди.

Манба: Qalampir.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистон Европага олиб чиқувчи янги темирйўл тармоғига эга бўлди