16:19 / 18.11.2017
6 026

Aдолат посбонининг “уюшган гуруҳи” қўлга олинди...

Aдолат посбонининг “уюшган гуруҳи” қўлга олинди...
“Постда” газетаси ва ИИВ Ички ишлар хавфсизлиги бошқармаси билан ҳамкорликда тайёрланиб газетхонлар ҳукмига ҳавола қилинган ушбу мақолани ўқидиму ниҳоят ахборот ошкоралиги анча изга тушиб қолганлигига, таъбир жоиз бўлса, адолат посбонларининг “қилмишлари” ҳам адолат ҳукмига тортилиши мумкинлигига амин бўлдим.

Сиз ҳам бунга бефарқ бўлмайсиз, деган умидда қуйидаги воқеа-ҳодиса тафсилотларини сиз азиз ўқувчиларга илиндим...

Мақолада айтилишича, Тошкент вилоятининг Янгийўл тумани ИИБ Жиноят қидирув ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлимининг тезкор вакили, капитан Азиз Юнусов ўз лавозимида 2014 йилдан бери фаолият кўрсатиб келмоқда эди...

Унинг вазифаси — таниб олинмаган мурдаларнинг шахсини аниқлаш, бедарак йўқолган, шунингдек, жиноят содир этган шахсларни қидиришдан иборат бўлган.

Азиз Юнусов аввалига сидқидилдан хизмат қилди, раҳбарларнинг топшириқларини ўз вақтида бажарди. Аммо кунларнинг бирида у ноқонуний йўлдан боришга қарор қилди...

Мақолада келтирилишича, капитан Юнусов туманда яшовчи Зиёда ва Матлуба исмли аёллар билан жиноий тил бириктирди (кейин маълум бўлишича, “тил бириктириб келаётган эди”). Шу тариқа адолат посбони раҳбарлик қилган “уюшган гуруҳ” гўёки гиёҳвандлик воситасини ноқонуний сақлаган шахсни қўлга олмоқчи бўлади.

Режа тайёр бўлди... Вазифалар тақсимланди! Фақат бўлажак “қурбон”ни топиш керак эди. Шунда Зиёда ўйлаб туриб “гиёҳфуруш” сифатида ўзининг таниши Фахриддин Абдуваҳобов исмли кишининг “номзод”ини таклиф этди.

– Сўнгги пайтларда Фахриддин жуда ўзидан кетди, босар-тусарини билмай қолди, бир таъзирини бериб қўйиш керак, – деди у.

– Унда, келишдик! Сен унинг машинасига “дори” солинган гугурт қутисини қўясан. Биз уни “Регистон” блок-постида қўлга оламиз. Сал кейинроқ менга қўнғироқ қилсанг, сенга ўша гугурт қутисини бериб қўяман...

Келишилган пайтда Зиёда Фахриддиндан дугонаси билан иккисини қўшни қишлоққа олиб бориб қўйишни илтимос қилди. Фахриддин хушламайгина рози бўлди. У кечқурун машинасига Зиёда билан Матлубани ўтқизиб, ҳеч гапдан бехабар қўшни қишлоққа равона бўлди. Манзилга тезроқ етиб бориш учун машинасини Тошкент–Термиз автомагистралини кесиб ўтадиган йўл бўйлаб ҳайдади.

Фахриддин “белгиланган” блок-пост йўлидан ҳайдамаганини кўрган қизлар танишига Тошкент–Термиз автомагистралидаги блок-постда уни туман ИИБ профилактика инспектори кутаётганини айтишди. Фахриддин ҳайрон бўлиб, машинасини орқага бурди.

Қизлардан бири уни гап билан чалғитиб турганида, иккинчиси пайтдан фойдаланиб, олдиндан уч грамм марихуана жойланган гугурт қутисини орқа ўриндиқ остига яширди.

Машина постга етиб келганида, капитан Азиз Юнусов олдиндан тузилган сценарийга кўра ЙПХ ходимларини машинада гиёҳвандлик воситаси ноқонуний тарзда олиб кетилаётгани ҳақида огоҳлантирди.

ЙПХ инспектори машинани тўхтатиб, ҳайдовчига “Қаёққа бораяпсиз?”, “Ҳужжатларингизни кўрсатинг”, “Нима олиб кетаяпсиз?” каби саволларни берди. Сўнг:

– Машинангизни кўздан кечирсак бўладими? – деб сўради.

– Ҳа, марҳамат! Мен қонунни бузмаган бўлсам, йўл ҳаракати қоидаларига риоя этган бўлсам. Ўзи нима гап? – деб ҳайрон бўлиб сўради Фахриддин.

Капитан Юнусов ўзининг мансаб ваколати доирасидан четга чиқиб, бунга қонуний асоси бўлмаган ҳолда ЙПХ инспектори билан бирга машинани кўздан кечирди.

Қизлар ҳайдовчига сездирмасдан “заҳри қотил”ни қаерга яширилганини имо-ишора билан кўрсатиб юборишди. Азиз Юнусов фуқаро Фахриддин Абдуваҳобовнинг ҳуқуқларини бузган ҳолда, холислар иштирокисиз тинтув ўтказиб, блок-постдаги воқеа-ҳодиса ҳақида далолатнома тузди.

Фахриддин нималар бўлаётганини тушунмасди... У ўзини оқлашга ҳаракат қилиб, топилган нарса ўзига тегишли эмаслиги ҳақида қасам ичди. Аммо унга ҳеч ким унга қулоқ солмади!

Капитан Азиз Юнусов бошқаларни чалғитиш учун қизлардан тушунтириш хати олди, бошқа, яъни қўшимча ҳужжатларни “тўқиб-бичди”. Тезкор вакил фуқаро Абдуваҳобовнинг ҳеч қандай айби йўқлигини билган ҳолда унга нисбатан тегишли ҳужжатларни йиғиб, тергов бўлинмасига тақдим этди.

Қалбаки ҳужжатлар асосида фуқаро Фахриддин Абдуваҳобовга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 276-моддаси (Гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар) бўйича жиноят иши қўзғатилди.

Тергов жараёнида капитан Азиз Юнусов, Зиёда ва Матлуба гувоҳ сифатида қасддан ёлғон кўрсатувлар беришди. Гувоҳларнинг кўрсатувлари ва “рад этиб бўлмас далиллар”га асосланиб жиноят ишлари бўйича Янгийўл туман суди ҳеч қандай айби бўлмаган Фахриддин Абдуваҳобовни ўзига нисбатан тўқиб чиқарилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топди.

Суддан сўнг Матлуба узоқ вақт ўзини қўярга жой тополмай юрди...

Уни виждон азоби қийнарди!

Фахриддиннинг онаси суд залида юрак-бағри эзилиб йиғлагани, ўғлига туҳмат қилганларни қарғагани ҳеч кўз олдидан кетмасди...

Орадан бир оз вақт ўтгач, Матлуба Фахриддиннинг онаси ишлайдиган дўконга келди. Ғамдаги онага бор ҳақиқатни, ўғлига ички ишлар органи ходими Азиз билан Зиёда туҳмат қилганини айтди.

Шундан сўнг тезда Фахриддиннинг онаси туман прокуратурасига ариза билан мурожаат этди. Тергов ҳаракатлари чоғида Азиз Юнусов ва Зиёдага алоқадор бўлган юқоридагига ўхшаш яна бир ҳолат аниқланди.

Шундай қилиб, суднинг қора курсисига Тошкент вилояти Янгийўл тумани ИИБ ЖҚ ва УЖҚКБ тезкор вакили, капитан Азиз Юнусов, Ю. Зиёда ҳамда Б. Матлуба ўтирди.

Суд жиноят иши материалларини ўрганиб чиқиб, жабрланувчини, гувоҳларни ва судланувчининг ўзини эшитиб, Азиз Юнусовни 11 йил муддатга озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилди.

Шунингдек, унга икки йил давомида моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларни эгаллашни тақиқлади. Қизларга ҳам қилмишларига яраша жазо тайинланди.

Мана, “Постда” газетасида эълон қилинган мақолага таяниб маълум қилган маълумотларимиз билан танишдингиз.

Шу ўринда бир савол туғилади...

Сайтимиз орқали ИИВ тизимидаги ИИББ ва ИИБлар хабарига таяниб, турли ёшдаги йигитларнинг марихуанна олиб юргани ва бунинг оқибатида қўлга тушгани хақида хабарлар берамиз. Мақсадимиз, ўз-ўзидан маълумки, содир этилаётган жиноятлар тафсилоти ва мазкур жиноятлар учун жазо муқаррар эканлигини ўқувчиларимизга эслатиш, уларни огоҳликка, жиноят кўчасига кирмасликка чорлашдан иборат.

Гуруч курмаксиз бўлмайди, деганларидек, адолат посбонининг ўзи жиноятга қўл урса, додингни кимга айтасан?!

Демак, ИИБ ходимлари ёнида бемалол гиёҳвандлик моддасини олиб юриши, ўзига “ҳамтовоқ” қилиб олган айрим аёллар билан уюшган жиноятчиликка қўл уриши мумкин эканда?!

Хулосамиз шундан иборатки, барча инсонлар жиноят кўчасидан узоқроқ юриши лозим, таъбир жоиз бўлса, ўша “кўча овчилари” ҳам...

Манба: Qalampir.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Aдолат посбонининг “уюшган гуруҳи” қўлга олинди...