Уч кундирки нафақат Наманган аҳли, балки бутун ўзбекистонликлар чуқур қайғуда. Шу йил 18 январь куни Қозоғистон Республикасининг Ақтўбе вилояти “Чимкент-Самара” автомобиль йўлининг 1068-километрида ўзида 57 нафар йўловчини жамлаган автобуснинг ёниши натижасида ҳалок бўлган 52 нафар фуқароларни ўзбекистонлик, жумладан, аксарияти Наманган вилояти фуқаролари эканлиги айтилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ФВВ берган маълумотларга кўра, ўша автобус йўловчилари бўлган йигитларнинг 20 нафари (уларнинг икки нафари ҳаёт) Тўрақўрғон туманининг Катта Қурама, “Ўзбекистон”, Бозорбоши ва Шоҳидон маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудида истиқомат қилиб келган. 9 нафари эса Косонсой туманининг Чиндовул ва “Ҳуррият”, 2 нафари Учқўрғон туманининг Қўғай маҳалласи фуқаролари бўлган.
Айни кунларда вилоят ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси ва бир қатор ҳамкор жамоат ташкилотлари мутасаддилари Ақтўбе фожиасида ҳалок бўлганларнинг хонадонларига ташриф буюриб, мусибатда қолган оила аъзоларининг қайғуларига шерик бўлмоқдалар. Мутасаддилар марҳумлар ҳақига дуолар қилиш баробарида Президентимизнинг ҳамдардлиги ва таъзиясини ҳам етказишмоқда.
Бугун биргина Тўрақўрғон туманининг Катта Қурама маҳалла фуқаролар йиғинидаги ўн хонадонга мусибат бирданига соя солди. Ўн оила норғул ўғлонидан, оила бошидан, ҳали ақлини таниб улгурмаган болалар отасидан бевақт жудо бўлди. Дилбандини ҳалок бўлганига ҳануз ишонмаётган онаизорлар, кўз ёши оқ оралаган соқолини ювиб тушаётган оталар, ёмон туш кўраётгандек, аммо уйғонолмаётгандек, ақл-ҳушини йиғиб ололмаётган келинчаклар...
Уларнинг изтиробларини сўз билан ифодалаш жуда қийин.
– Қанийди, вақтни ортига қайтара олсам, – дейди Тўрақўрғон туманининг Катта Қурама маҳалласида яшовчи Жамилахон Солиева, – шунда боламни бағримдан қўйвормаган, мусофир юртга кетишига асло йўл қўймаган бўлардим. Юрак-бағрим ёниб кетаяпти, то умримнинг охиригача бу олов сўнмаса керак. Қаҳрамон (Абдумўминов) яккаю ягона ўғлим эди. Шу йили уни уйлантирмоқчи эдик, ҳали 24 га ҳам тўлмаганди. Болагинам чимилдиқ кўрмай кетди. Ўзга юртдан ризқ излаган ўғлоним билан дийдор қиёматга қолди. Оналарга айтар сўзим: борингизга қаноат қилинг, болангизни олисларга юборманг, охир-оқибат мен каби надомат исканжасида қолманг.
Мана шу маҳалланинг “Янги ҳаёт” кўчасида яшовчи Олимжон Сулаймоновни Катта қурамаликлар яхши танишар эди. 42 ёшли Олимжон ҳайдов тракторини минар, шу касби орқасидан рўзғорини бинойидек тебратиб келаётганди. Орзу-ҳаваслари бир олам, умр йўлдоши Муҳаббатхон билан бирга гулдек беш қизини яхши жойларга узатишни ният қиларди.
У бундан йигирма кунлар аввал тўнғич қизини турмушга узатди. Тўй харажатлари учун бирмунча қарз бўлиб қолган Олимжон Россияга бориб, икки-уч ой ишлаб келишга қарор қилди. 15 январь куни йўл тадоригини кўриб, оиласи билан хайрлашиб, сафарга отланди. Аммо у қадрдон гўшаси ва яқинларини бутунлай тарк этаётганини, фожиа сари кетаётганини билармиди?..
Бевалик либосини бевақт кийган аёл, келинлик либосларининг тахи бузилмай туриб отасидан айрилган қизнинг оҳи кўкка ўрлаяпти...
– Бу фожиа барчамизни чуқур қайғуга солди, – дейди Катта Қурама МФЙ раиси Аҳмадали Мусабоев. – Ҳалок бўлган йигитларнинг бари норғул, меҳнаткаш, бир-биридан яхши йигитлар эди. Афсус, умрлари қисқа экан. Аммо ўзимизга таскин излаш билан хатони тўғрилай олмаймиз. Фожиа юз берган кунлари Президентимиз Сурхондарё вилоятида эдилар, ўша ерда туриб ҳам бизга ҳамдардлик билдирдилар. Ўз навбатида бу фожианинг илдизлари ҳақида ҳам ҳақ гапни айтдилар: “Кечаги бўлган фалокат ҳам одамга кўп нарсадан далолат беради. Халқимиз олдида ҳали жуда-жуда қарзимиз кўп. Одамларимизга шароит яратмаганимиз учун улар бегона юртларга бориб, иш қидириб юрганлари, бу албатта давлатчилик, давлат раҳбарияти нуқтаи назаридан ҳамма тизимдаги раҳбарларга, бу – энг катта хато ва камчиликларимизни ўз вақтида қилмаганимиздан далолат...”.
Маҳалламизда 3115 нафар аҳоли бор, ҳозирда 76 нафар шахслар ноқонуний равишда чет давлатларга ишлаш учун кетган. Уларни оилаларига қайтариш, шу ерда иш билан таъминлаш чораларини кўраяпмиз. Тумандаги электр станциясининг қурилишида 50-60 фоиз эркакларимиз ишлашяпти. Лекин баъзи йигитларимиз малака етишмаслиги, тил билмаслиги сабабли ишга қабул қилиш чоғидаги суҳбатлардан ўта олишмаган.
Сабаблар кўп, аммо уларнинг ҳеч бири ўзимизни оқлашимизга арзимайди. Шундай имкон топайликки, биронта ҳам фуқаро чет эллардан ризқ изламасин. Фожиа, хатонинг бундан ортиғи бўлмайди. Бу бизга асрларга татигулик хулосани берсин.
Инсон ҳамиша яхши яшашга интилади. Аммо баъзан орзу-ҳаваслар инсонни янглиш йўлга бошлайди. Бундан ҳам ёмони, хато қилганимизни бошимиз деворга тегиб, кўзимиз очилганидагина англаймиз. Олов қамраган автобус ичидан кўкка ўрлаган қора тутун билан бирга руҳлари ҳам кўкка учган 52 йигитнинг доғини энди бу сабаблар юва оладими? Албатта, йўқ. Бироқ ҳушёр тортишимиз, бу омонат жонни асрашимиз, ўз тупроғимизда ўз ризқимизни қаноат билан теришимиз учун етарли. Токи, ёт элларга ризқ излаб кетиб, ажал топган юртдошларимиз қисмати барчамизга сабоқ бўлсин!
Аҳмаджон Адашев,
Хайрулло Артиқов
Хайрулло Артиқов
Манба: Qalampir.uz «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Россия армияси Купянскка киргани айтилмоқда
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади