12:44 / 26.01.2018
15 357

Инновацион бешик экспорт қилина бошланди

Инновацион бешик экспорт қилина бошланди
Тошкентлик тадбиркор Фатҳулла Тожиев ишлаб чиқаришга инновацияларни қўллаган ҳолда, бугунги замон талабига мос бешиклар ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. "Халқ сўзи" нашри билдиришича, йиғма бешик — шулардан бири.

— У ишга ижодкорона ёндашувимиз маҳсулидир, — дейди “Fatxulla Mega Star” хусусий корхонаси раҳбари Ф. Тожиев. — Унинг қулайлиги шундаки, вазни енгил. Атиги 3-4 килограмм атрофида. Энг асосийси, дастаси олингач, йиғилиб, ихчам сумкага жойланади. Оналар уни узоқ манзилга ўзлари билан бемалол олиб кетишлари мумкин.

Шу каби афзалликлари туфайли бу бешикка нафақат ички бозор, балки хорижда ҳам талаб ортмоқда. Хусусан, Қозоғистон Республикасига қарийб 50 минг АҚШ долларилик йиғма бешиклар экспорт қилиш бўйича шартномалар имзоланди. Айни пайтда маҳсулотнинг дастлабки партияси — 2 минг долларилик бешиклар буюртмачиларга жўнатилди. Қолган қисми эса, келишувга кўра, йил давомида етказиб берилади.

Бугунги кунда корхонада 26 киши меҳнат қилаётган бўлиб, кунига 40 тагача, 15 хилдаги бешик ясаш имконияти мавжуд. Маҳсулот тайёрлашда ҳунармадчиликнинг ўймакорлик, наққошлик каби турларидан ҳам моҳирона фойдаланилаётгани кўпчиликка манзур бўлмоқда.

— Бизнеснинг бу турини бежиз танлаганимиз йўқ, — дейди тадбиркор. — Бешикчилик бизга ота касб ҳисобланади. Жорий Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилида фаолиятимизни янада кенгайтириш, инновацион ишланмаларни жорий этиш эвазига болалар ва оналар учун бирдек қулай бўлган бешикнинг янги турларини ясашни режалаштирганмиз.

Шу мақсадда тадбиркор томонидан ишлаб чиқилган бизнес-режа айни пайтда молиялаштириш жараёнида. У тўлиқ амалга ошса, 25 тага яқин иш ўринлари очилади. Муҳими, маҳсулот тайёрлаш ва экспорт қилиш имконияти янада кенгаяди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Инновацион бешик экспорт қилина бошланди