18:04 / 28.01.2018
5 740

Тўрт ёшли қизчанинг ибрати…

Тўрт ёшли қизчанинг ибрати…
Автобус тирбанд. Бўш ўриндиқ йўқ. Тўрт ёшлар чамасидаги қизчаси билан аранг илиниб олган хомиладор аёл, биров жой бўшатармикин, деган умидда қўл телефонларига термулиб ўтирган ёшларга қараб қўярди. Улар парвойи фалак. Кўрса ҳам кўрмаганга олиб, жой беришмади. Шу вақт ёши олтмишдан ўтиб қолган зиёлинамо киши ўрнидан туриб, илтифот қилди:

— Ўтиринг, қизим! Узр, эътибор қилмабман.

Аёл рад қилди. Аммо у кескин бош чайқаб, она-болани ўтиришга мажбур қилди.

Аёл хижолат бўлса ҳам, ўтирди. Аммо қизча “ўтирмайман” деб туриб олди. Бояги одам чўнтагидан бир дона конфет олиб узатар экан, “нимага ўтирмаяпсан, она қизим?” деб сўради.

— Cиз туйганда мен ўтияманми, амаки? Унақа тайбия олмаганман. Катталай туйганда ўтилиб кетолмайман.

Унинг жавоби жаранглаб чиққани учун ҳамма эшитди. Ўриндиқларга михланиб қолган ёшлар телефонларидан бошини кўтариб, дув этиб ўрниларидан қўзғалишди.

Яшавор! Миттигина қизча одобсизларни зўр тарбиялаб қўйди-я. Ана бўларкан-у! Ўзиям эллик фоиз ўриндиқлар бўшаб қолди.

Аммо бекорга хурсанд бўлган эканман. Эшик олдига келган ёшлар қандайдир олийгоҳ бекатида тушиш учунгина қўзғалишган экан. Уларнинг ўрнига бошқалари чиқди. Бояги зиёли одам ва қизча ҳамон тик, янги чиққанлар эса яхшилаб ўрнашиб, аллақачон телефонларни чиқариб олишганди.
Муаззам ИБРОҲИМОВА

Манба: tasvir.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Тўрт ёшли қизчанинг ибрати…