09:30 / 02.02.2018
6 640

ИИВ "Тоштурма"даги маҳкум ва маҳбуслар қандай жойга кўчирилгани ҳақида ахборот берди

ИИВ "Тоштурма"даги маҳкум ва маҳбуслар қандай жойга кўчирилгани ҳақида ахборот берди
Саккиз қиррали юлдуз шаклида қурилган янги тергов ҳибсхонаси МДҲда ягона, дейилган Ўзбекистон ИИВ томонидан эълон қилинган ахборотда.

Таъкидланишича, Тошкент шаҳридаги тергов ҳибсхонасининг янги бинога кўчирилгани ҳамда жазони ижро этиш муассасаларида маҳбусларнинг яқинлари билан учрашишларига ажратиладиган хоналар учун тўланадиган ҳақ миқдори оширилгани ҳақида хабарлар тарқалган.

Ички ишлар вазирининг Матбуот котиби генерал-майор Қутбидин Бурхонов юқоридаги хабарларга аниқлик киритди.

Қодирийлар тутқунда бўлган жой…
"Маълумки, пойтахтимизда жойлашган 1-сонли тергов ҳибсхонасини халқимиз "Тоштурма" деб атаб келган. Бу муассаса 1891 йилда Чор Россияси амалдорлари буйруғига биноан тошдан барпо этилгани учун ҳам ана шундай ном олган. Бинонинг қурилиши ҳам ўша даврга хос ва шароитлари ҳам шунга яраша эди. Қатағон йилларида бу ерда халқимизнинг Файзулла Хўжаев, Абдулла Қодирий каби ардоқли фарзандлари ҳам тутқинда бўлган", — дейди Бурхонов.

Кейинчалик муассаса ҳудудида қўшимча бинолар қурилган, албатта. Ўзаро ер ости ва ер усти йўллари билан бир-бирига боғланган тўрт корпус мавжуд бўлса-да, бинонинг умумий аҳволи бугунги кун талабларига, халқаро стандартларга жавоб бермасди.

Шу боис 2012 йил 18 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тошкент шаҳрида бўлган, Марказий Осиёдадаги энг эски ҳибсхона саналмиш УЯ 64\1-тергов ҳибсхонаси учун янги бино қуришга оид қарори имзоланди. Шу асосда Тошкент вилоятининг Зангиота тумани ҳудудида халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган янги тергов ҳибсхонаси қурилди.

Замонавий ва хавфсиз
Бурхоновга кўра, мазкур бинони лойиҳалаштиришда иқлим шароити, санитария ва хавфсизлик талаблари, жазони ижро этишга оид барча жиҳатлар ҳисобга олинган. Бинони қуриш ва жиҳозлашда замонавий технология ва материаллардан фойдаланилган. Ошхона, кутубхона, ювиниш хонаси ва бошқа маиший хизмат кўрсатиш хоналари яшаш ва фойдаланиш учун ҳар томонлама қулай. Махсус контингентга зарур бўлган тиббий ёрдам кўрсатиш ва уни ташкиллаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Озиқ-овқат ва дори-дармонларни сақлаш учун замонавий музлаткичлар ўрнатилган.

Янги тергов ҳибсхонасининг алоҳида жиҳати шундаки, маҳкум ва маҳбусларни сақлашга мўлжалланган бинолар қурилишида шамол йўналиши ва қуёш нурининг тушишигача ҳисобга олинган. Жумладан, халқаро ва замон талабларига жавоб берувчи, қурилиши ва жиҳозланиши жиҳатидан МДҲ давлатлари ичида ягона ҳисобланган ушбу ҳибсхона саккиз қиррали юлдуз шаклида қурилгани камераларга ҳар томонлама ёруғлик тушишини таъминлайди.

Ҳибсхонада сақланаётган маҳкум ва маҳбусларнинг жиноят ижроия қонунчилигида белгиланган ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш мақсадида уларнинг яқин қариндошлари, адвокатлари билан учрашув хоналари мавжуд. Бу хоналар барча талабларга жавоб беради.

Маҳбуслар янги бинога кўчирилди…
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси асосида барча жазони ижро этиш муассасалари, шу жумладан янги тергов ҳибсхонаси видеокузатув мосламалари билан жиҳозланган. Бу маҳкумларнинг ҳуқуқларини ҳимоялашда муҳим ўрин тутувчи восита бўлиб, уларга қўпол муомалада бўлиш, зўровонлик қилиш каби иллатларга барҳам беради. Ҳозирги кунда "Тоштурма"да сақланаётган маҳкум ва маҳбусларнинг барчаси янги бинога кўчирилди.

Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, мамлакатнинг бошқа ҳудудларида жойлашган жазони ижро этиш муассасалари ҳам босқичма-босқич замон талаблари асосида қайта қурилиб, зарур воситалар билан таъминланмоқда.

Қолаверса, жазони ижро этиш муассасаларида маҳкум ва маҳбусларнинг Омбудсманга мурожаат қилиш ҳуқуқини таъминлаш учун махсус қутилар жойлаштирилган. Унга маҳкумлар ариза ва шикоятларини ёзиб қолдириши мумкин. Бу қутилар фақат Омбудсман ёки унинг минтақавий вакиллари томонидан очилади ва мазмунан ҳал этилди.

Аввало инсон…
"Хориж амалиётига назар ташласак, аксарият ривожланган давлатларда маҳкумларни сақлаш, озиқ-овқат таъминоти масаласи жазо муддатини ўтаётган шахснинг ҳисобидан қопланади. Юртимизда эса маҳкумларни сақлаш ҳаражатлари бошқа чет эл давлатларидан фарқли ўлароқ давлат бюджетидан қопланади. Мазкур амалиёт Ўзбекистонда инсон ҳуқуқи олий қадрият сифатида эътироф этилгани, жазо муддатини ўтаётган шахсга нисбатан унинг ижтимоий келиб чиқиши, қайси давлат фуқароси экани, мавқеи, ирқи, динидан қатъий назар, авваламбор, инсон сифатида муносабатда бўлинаётганидан дарак беради", — деди Бурхонов.

Тарифлар аввалгидан қимматми?
Ўзбекистон раҳбарининг 2017 йил 11 августдаги "Ички ишлар органларининг озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлган жазоларни ижро этиш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида жазони ижро этиш муассасаларида узоқ муддатли учрашувларга хоналар тақдим этганлик учун янги тарифлар Молия ва Ички ишлар вазирликлари томонидан 2017 йил 29 декабрда тасдиқланди.

Ҳамкорликда имзоланган қарор иловасида 2 кишилик хонага суткалик тўлов энг кам иш ҳақининг 5 %и, яъни 8612 сўм, 3 кишилик хонага суткалик тўлов энг кам иш ҳақининг 10 %и миқдорида, яъни 17 224 сўм, 4 кишилик хонага суткалик тўлов энг кам иш ҳақининг 15 %и миқдорида, яъни 25 836 сўм этиб белгиланди.

"Айрим оммавий ахборот воситаларида мазкур тарифлар оширилган, деб талқин қилинди. Шу боис жазони ижро этиш муассасаларидаги узоқ муддатли учрашувларга хоналар тақдим этилгани учун аввал белгиланган нархларга эътибор қаратилса яхши бўларди. Демак, аввал 2 кишилик хонага суткалик тўлов — 15 895 сўм, 3 кишилик хонага — 30 100 сўм, 4 кишилик хонага — 45 166 сўмни ташкил этган. Рақамларни таққослаш асносида янги тарифлар билан бу борадаги нархлар анча арзонлаштирилганини кўриш мумкин.

Тариф асосида тўловлар маҳкумлардан, 16 ёшгача бўлган болалардан (агар болалар катта ёшли кишилар билан келмаган бўлса), 1 гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслардан, кам таъминланган оилалардан бўлган шахслардан (фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи маълумотномаси асосида) ундирилмайди.

Бу маблағлар хоналарни сақлаш учун сарфланадиган ҳаражатлар, уларни жорий ва капитал таъмирлаш, хўжалик инвентарларини сотиб олиш учун сарфланади", — деб таъкидлаган Бурхонов.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » ИИВ "Тоштурма"даги маҳкум ва маҳбуслар қандай жойга кўчирилгани ҳақида ахборот берди