
Янгийўллик фуқаро 5 млн сўмга яқин қарзини тўламаслик учун ўзига нисбатан босқинчилик жиноятини уюштиргани сабабли жиноий жавобгарликка тортиладиган бўлди. Тошкент вилояти ИИБ матбуот хизматининг хабар қилишича, жорий йилнинг 8 февраль куни Янгийўл тумани Эски Қовунчи маҳалласида яшовчи фуқаро А.М. туман ИИБга мурожаат қилиб, унга нисбатан босқинчилик жинояти содир этилганини маълум қилган.
У “Матиз” русумли автомашинасига Янгийўл шаҳри ҳудудида ёши тахминан 25-30 ларда бўлган икки нафар шахсларни йўловчи сифатида чиқариб, уларни белгиланган манзилга олиб борган вақтида, автомашинанинг орқа томон ўриндиғида ўтирган номаълум шахс уни сочидан тортган ҳолда, ёнида бўлган лезвияни бўйнига тираб, қимирламаслигини талаб қилгани, автомашина олд ўриндиғида ўтирган жиноий шериги эса автомашина ғаладони (бардачок) ичида бўлган 450.000 сўм пули ҳамда эгнидаги спорт курткасини ўнг ён чўнтагида бўлган 300 АҚШ долларини босқинчилик йўли билан олиб кетганини билдирган. Бу жараёнда лезвия билан унинг бўйин соҳаси кесиб юборилганлигини маълум қилиб, аслида унга нисбатан содир этилмаган босқинчилик жинояти тўғрисида ички ишлар органларига хабар берган. Ўз-ўзига тан жароҳати етказиб, айбловнинг сунъий далилларини вужудга келтирган. Унинг асл мақсади бошқа фуқаролардан олган 4.850.000 сўм қарзларини тўлашдан қочиш бўлиб, ёлғон хабар берган.
А.М.нинг важлари ҳар томонлама ва тўла текширилиб, йўловчиларни олганлигини маълум қилган биноларнинг атрофида жойлашган кузатув камералари серверлари текширилганда, айни шу вақтда “Матиз” русумли автомашинага икки нафар йўловчи чиқмагани аниқланган. Қолаверса, автомашинадан олиб кетилган 450.000 сўм пулни таниши Ж.И.дан олганлигини маълум қилган бўлсада, аслида шу куни соат 23:00 ларда Ж.И. Янгийўл туман ҳудудида бўлмаган ва А.М.га қарз ҳисобига умуман пул бермаган.
А.М. ўзига ўзи тан жароҳати етказгандан кейин тиббий муолажа олиш учун туман шифохонасига мурожаат қилмасдан, қарз бўлган шахслар орасида ушбу жиноят содир бўлганлиги ҳақидаги гап сўзлар тарқалишига эришиш учун яшаш манзилига бориб, турмуш ўртоғи Д.М.га қариндошларига қўнғироқ қилиб, ушбу ҳолатдан хабардор қилишни айтган. У шу йўл билан жиноят содир бўлганига ишонтириб, оғир турдаги жиноят содир бўлгани ҳақида ёлғон хабар берган.
А.М.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 237-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг