22:55 / 15.02.2018
4 088

Шавкат Мирзиёев "Женерал Электрик" компанияси вице-президентини қабул қилди

Шавкат Мирзиёев "Женерал Электрик" компанияси вице-президентини қабул қилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 15 февраль куни мамлакатимизда амалий ташриф билан бўлиб турган АҚШнинг "Женерал электрик" компанияси вице-президенти Рональд Жеймс Поллеттни қабул қилди.

"Женерал электрик" компанияси жаҳоннинг кўп тармоқли етакчи корпорацияларидан биридир. Бугунги кунда энергетика, машинасозлик, аниқ ускунасозлик, электр техникаси, автоматлаштирилган бошқарув тизимлари, замонавий тиббиёт технологиялари, молия ва бошқа кўплаб соҳаларда фаолият юритади.

Компания дунёнинг 180 дан ортиқ мамлакатида фаолият юритмоқда, унинг корхоналарида 300 мингдан зиёд киши меҳнат қилади. Ўтган йил якунларига кўра, компания 120 миллиард доллардан зиёд даромад олган.

Учрашувда "Женерал электрик" компаниясининг мамлакатимиздаги фаолияти кенгайиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди.

Бугунги кунда Ўзбекистонда энергетика инфратузилмаси объектларини модернизация қилиш, жумладан, Тахиатош иссиқлик электр станциясида замонавий буғ-газ қурилмаларини қуриш, Тошкент иссиқлик электр станцияси қувватларини кенгайтиришнинг иккинчи босқичини амалга ошириш, Пском гидроэлектр станциясини барпо этиш, газ етказиш тизимини ривожлантириш борасида қатор устувор лойиҳалар, шунингдек, фуқаро авиацияси ва соғлиқни сақлаш соҳаларида қўшма дастурлар ишлаб чиқилмоқда ва амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбари энергетика тармоғидаги ўзаро манфаатли технологик шериклик ҳамда ишлаб чиқариш кооперацияси соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш муҳимлигини алоҳида таъкидлади.

Мамлакатимизда, жумладан, хорижнинг етакчи мутахассислари ва экспертларини жалб қилган ҳолда, юқори малакали кадрлар тайёрлаш соҳасидаги ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Рональд Жеймс Поллетт Президентимиз Шавкат Мирзиёевга самимий қабул ҳамда юқори технологияли тармоқларда икки томонлама ҳамкорликка доир лойиҳа ва дастурларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлагани учун чуқур миннатдорлик билдирди.

"Женерал электрик" компанияси мамлакатимиз корхона ва ташкилотлари билан узоқ муддатли ва кенг кўламли ҳамкорликни янада ривожлантиришга тайёр эканини таъкидлади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Шавкат Мирзиёев "Женерал Электрик" компанияси вице-президентини қабул қилди