07:30 / 18.02.2018
7 237

Дўппидеккина иссиқхона даромади...

Дўппидеккина иссиқхона даромади...
Қишнинг изғиринли кунларига қарамай, сархил мевалар, барра сабзавотлар бозору дўкон расталарини безаб турибди. Бемалол савдолашиб ҳамёнбоп нархда харид қилиш мумкин. Бу элда фаровонлик, дастурхонларда тўкин-сочинликдан далолатдир.

Меҳрталаб кафтдек ер ҳам бугун юзлаб инсонларнинг хонадонига қут-барака олиб кирмоқда. Ана шундай қутли хонадон эгаси Даврон ака ҳам аввал ерни боқди, энди эса ер унинг дастурхонига барака ҳадя этмоқда.

— Икки ўғлим бирин-кетин шартнома асосида олийгоҳга қабул қилинди, — дейди самарқандлик Даврон ЭШҚУВВАТОВ. — Бириникини амалладик, иккинчисига қарз кўтарсамми, деган ўй ўтди. Хўп, қачонгача қарз тўлайман. Бир томонда рўзғор. Бирор иложини топмасам бўлмайдиган. Шу ташвишлар орасида юрганимда узоқ қариндошимизникига меҳмонга чақириб қолишди. Бордик. Қарасам, мен йўқотган калаванинг учи ўша ерда экан. Уларнинг мўъжазгина иссиқхонасида баҳор. Уйга келиб дўппини тиззага қўйиб, ҳаммасини пухта режалаштирдим. Менда ҳам ер борми, бор, демак, иш бошласам бўладими, бўлади! Ҳовлимдан уч сотихча жойни ажратиб, иссиқхонаси бор кишилардан керакли маслаҳатларни олдим ва мўъжазгина иссиқхона ясадим. Аввал помидор, сўнг бодринг кўчатларини экиб парвариш қила бошладим. Мана, уч йилдан бери шу иш билан шуғулланаман.

Даврон Эшқувватов Самарқанд халқаро аэропортида ёнғин хавфсизлиги бўлимида ҳайдовчи бўлиб ишлайди. Дам олиш кунлари ва бўш ватқини ҳамиша шу иссиқхонада ўтказади.

Ернинг ҳам, ўсимликнинг ҳам ўз инжиқлиги бор. Ўз фурсати билан эҳтиёткорликда парвариш қилиш шарт. Тадбиркор буни ўз вақтида англаб етди. Баъзан иссиқлик етмасди, электр токининг тез-тез ўчиб қолиши, ҳатто печ ўрнатиб иситишга тўғри келган пайтлар бўлган. Бироқ қилинган меҳнат зое кетмади. Энг асосийси, Даврон ака ерга меҳр берди. Шунинг орқасидан тўй қилди. Яна бир ўғли ер илми бўйича Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтида таҳсил оляпти. Келажакда биргаликда банкдан кредит олиб, иссиқхонани кенгайтириш ниятида.
Наргиза ЮНУСОВА

Манба: od-press.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Дўппидеккина иссиқхона даромади...