19:40 / 18.02.2018
9 637

«Севги изтироби» нега тўхтатилди? Бундан бошқа ташвишимиз йўқми?

«Севги изтироби» нега тўхтатилди? Бундан бошқа ташвишимиз йўқми?
Ҳафта поёнига етмоқда. Демак, сарҳисобнинг айни вақти. Бу муддат оралиғида Президент Бухорога сафар қилди, бир вазирлик иккига бўлинди, янги вазирлик тузилди, яна қатор иқтисодий ва сиёсий ислоҳотларга старт берилди.

Аммо сизу биз, айни шу ислоҳотларнинг бевосита иштирокчилари буларнинг ҳаммаси қолиб, асосан «Севги изтироби» учун изтироб чекдик ва яна озроқ қисмимиз боксчиларимизнинг «Uzbek Tigers» жамоаси фаолияти тўхтатилганига ачиндик. Албатта, ҳар икки мавзу ҳам муҳокамага арзийди. Бироқ ўз услубимиздан воз кечмадик, «Uzbek Tigers» бўйича расман қуруқ хабар ва изоҳ билан чекланилди, ҳеч ким сабабларини атрофлича тушунтиришни лозим топмади. Жамоа фаолияти тўхтатилди, тамом! Шуниси етарли-да.

Сериал намойиш этаётган телеканал эса дастлабки фасл якунлангани билан тушунтириш беришга уринди. Аслида бу ҳақиқатдан йироқлигини, ҳаммаси сериал қаттиқ танқид нишонига айланганини, бу эса телеканалнинг ҳам фаолиятига жиддий хавф солаётганини гўдак ҳам биларди.

Аслини олганда оммавий ахборот воситасининг (бу ўринда «ЗўрТВ»нинг) фаолиятига аралашишга, унинг эфиридан ниманидир олиб ташлашга буйруқ беришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. ОАВ фаолияти қонун билан ҳимояланган, қонун бузилиш ҳолати юз берса, тегишли ташкилотлар томонидан текширилади. Лекин бу ўринда айни шу сериал шу қадар кўп муҳокама ва эътирозларга сабаб бўлдики, телеканал раҳбарияти узил-кесил чора кўришга мажбур бўлдилар.

Гўзал манзаралар, кибор қаҳрамонлар, ҳашаматли уйлар, катта пуллар ва эҳтиросли туйғулар қоришмаси бўлган «Севги изтироби» оммабопликда ҳаммани ортда қолдираётганди. Бир қарашда шаҳвоний тасвирлар йўқ (бўлса ҳам кесиб ташланган), манбаси ҳам Шарқ давлати, аммо ундаги бир ҳолатга ҳеч кўз юмиб бўлмасди — сериал оила муқаддаслиги тушунчасига рахна соларди. Айни мана шу жиҳат кечирилмади, ажрашишлар, кўпхотинлик каби ҳолатларга давлат миқёсида жиддий киришилган бир пайтда айни шу ҳолатларни омма эътиборига олиб чиқиш яхши ғоя эмаслиги аниқ эди.

Ижтимоий тармоқларда икки гуруҳга айланиб олиб, бир-бирлари билан тортишаётганларнинг энг кўп қайтараётган гаплари «Ахир ҳамма дискини олиб, ёки интернетдан кўраверади-ку!». Тўғри. Лекин бир савол: шу сериал телеканал орқали намойиш этилмаганда, неча киши унинг дискини олиб кўрарди? Ёки бир-икки йил олдин шу сериал ҳақида билармидик?

Умуман олганда гап бу ҳақда ҳам эмас.

Гап услубда. Бирор муаммо чиқса, яхшилаб ўрганмай, келажакда буни қайтармаслик йўлларини қилмай, шартта тўхтатиб қўя қолишни жуда яхши кўрамиз. Бу ҳолат боксчиларимиз ва уларнинг мухлислари учун икки карра аламли бўлса, ажаб эмас (чунки бўлмаган мусобақанинг диски ҳам чиқмайди-да).

Ундан-да ғалатиси, сизу биз, аксариятимиз дунёда, Ватанда улкан ўзгаришлар рўй бераётганда жуда майда нарсаларга ўралашишни, ҳақ-ноҳақлигимизни билмай, узлуксиз баҳслашишни, сиёсат, иқтисод қолиб, Ниҳоннинг калта кўйлагию Камолнинг кўркам соқолини муҳокама қилишни яхши кўрамиз.

Биз учун бугун пойдевори қурилаётган келажак эмас, кечқурун ёнбошлаб олиб кўриладиган томоша муҳим. Бизга қишлоқ хўжалиги билан сув хўжалигининг биргалигию алоҳидалиги ҳеч нарсани англатмайди. Биз ҳозир кўрадиганимизни кўришимиз керак...
Аброр Зоҳидов

Манба: Xabar.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Севги изтироби» нега тўхтатилди? Бундан бошқа ташвишимиз йўқми?