22:00 / 18.02.2018
7 867

Марғилонлик аёлни ўз жонига қасд қилишга нима мажбур қилган эди?

Марғилонлик аёлни ўз жонига қасд қилишга нима мажбур қилган эди?
Бу воқеа яқинда Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳрида содир бўлди. Маълумотларга қараганда, 42 ёшли Дилором Мамирова исмли аёл бошқа боқувчиси йўқ, қийналган фуқаролар каби президентимизнинг ажойиб совғасини олишга муяссар бўлганди. Президент фармонига кўра, уйсизларга собиқ коллеж биносининг биринчи қаватидаги хоналар яшаш учун ҳадя қилинганди. Дилоромнинг айтишича, яқинда шаҳар ҳокимияти вакиллари келиб ундан хонада яшаётгани учун ижара ҳақи тўлашни талаб қилишган. Бундай адолатсизликка чидай олмаган аёл яшаб турган хона трубасига ўзини осган. Бу ҳаракатни у 2018 йил 12 феврал соат кечки олтиларга яқин содир этган. Қўшнилардан бири шундай деди:

— Дилором сигарет сотарди. Шунинг орқасидан тирикчилигини ўтказарди. Шу куни мен сигарет сотиб олиш ниятида унинг эшигини тақиллатдим. Ҳеч ким жавоб бермади. Эшикни туртсам, қулфланмаган экан. Ичкарига кирдим-у, жоним чиқиб кетаёзди. Дилором трубага осилиб турарди. Хайриятки, ҳали тирик экан. Югура бориб уни кўтариб олдим. Қўшниларни чақирдим. Биз арқонни қирқиб ташлаб, Дилоромни ўринга ётқиздик. Кейин эса «Тез ёрдам»га хабар бердик…

Дилоромнинг гапига кўра, бир ой бурун президентимиз кўрсатмасига кўра Марғилон шаҳар ҳокимияти жами 88 та кам таъминланган, боқувчиси йўқ оилаларга собиқ коллежнинг биринчи қаватидаги хоналарни яшаш учун ҳадя қилган. Лекин бир неча кун бурун улар келишди-да, ижара ҳақи талаб қила бошлашди. Дилором бу адолатсизликка чидай олмаган ва жонига қасд қилган.

— Улар ижара ҳақини уч ой учун тўлаб қўймасам, — дейди Дилором. — Хонани тортиб олишларини айтишди. Мен ҳеч қаерда ишламасам, на оилам, на уйим, на боқувчим бор. Ўйлаб-ўйлаб, жонимга қасд қилсамгина бу хўрликлардан халос бўлишимга амин бўлдим. Нега маҳаллий ҳокимият вакиллари бундай йўл тутишади? Ахир, бу хоналарни бизга президентимиз ҳадя қилгандилар-ку!..

Воқеага гувоҳ бўлганлар яна бир кутилмаган хабарни айтиб қолишди. Собиқ коллежнинг биринчи қаватидаги хоналарни кам таъминланган оилаларга яшаш учун ҳадя қилиш маросими 2017 йил 26 декабрида бўлиб ўтган. Ўша кунгача ҳокимиятдагилар барча хоналар полига гиламлар тўшашган, юмшоқ мебел қўйишган, пардаларгача тутиб беришган. Рўзғор учун зарур жиҳозлар олиб келиб жойлаштиришган. Бироқ маросим ўтиши билан буларнинг барчасини қайтадан машиналарга юклаб олиб кетишган. Шунинг ўзи ҳам кўзбўямачилик, мамлакат президентининг шаънига доғ туширишга уриниш эмасми?

Манба: hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Марғилонлик аёлни ўз жонига қасд қилишга нима мажбур қилган эди?