06:30 / 19.02.2018
6 696

Саёҳатни ўзликни таниш зиёратидан бошлаймиз!

Саёҳатни ўзликни  таниш зиёратидан бошлаймиз!
Соҳибқирон Амир Темур “Кимки бизнинг қудратимизга шубҳа қилса, биз қурган иморатларга боқсин”, деганида нафақат бу юртда тикланган иморатлар ҳайбатига, балки юксак ақл-заковат, илму маърифат нурларида чулғанган кўҳна элнинг мозийга туташ сирли сарҳадларига ишорат қилган эди. Афсуски, айни қутлуғ заминда туриб, Она юртимиз тарихидан, унинг тенгсиз алломалари меросидан тўла бохабар эмасмиз. “Минг эшитгандан бир кўрган яхши”, дейдилар, келинг, азизлар, саёҳатни қутлуғ зиёратдан, ўзликни таниш синоатидан бошлайлик! Шундагина дунё халқлари ўзбек халқининг шу муқаддас тупроғи қанчалар азиз эканлигини янада чуқурроқ ҳис қилади, ана шу муҳаббати улуғ халқни ўзига яқинроқ тутади.

Зеро, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони, “Кириш туризмини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда “Ички туризмни жадал ривожлантиришни таъминлаш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорларига кўра, энди бу шарафли вазифани адо этишга имконимиз бор.

Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессиясида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдулҳакимов мазкур Фармон ва қарорни шарҳлаб, журналистларнинг саволларига жавоб берди.

7 давлатга визасиз режим ўрнатилди
1 февралдан бошлаб 30 кунга 7 давлатга визасиз режим ўрнатилди, 39 тасига эса соддалаштирилган виза режими жорий қилинди. Бундан ташқари, 1 июлдан электрон виза тизими йўлга қўйилади. 1 июлдан бошлаб Ўзбекистонга саёҳат қилиш истагида бўлган чет эл фуқароси компьютер ёки смартфон орқали зарур ҳужжатларни суратга олиб, бемалол тизимга ўзи ҳақидаги маълумотларни киритиши мумкин бўлади.

Ички туризм ривожи ҳар биримизга боғлиқ!
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида “Ички туризмни жадал ривожлантиришни таъминлаш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори ҳам имзоланди.

2018 йил 10 февралдан 3 йил муддатга шундай тартиб жорий этиладики, унга кўра:

*иш берувчининг сайёҳлик турларини ходимлар ва уларнинг оила аъзолари учун лицензияланган туристик фаолият субъектларидан республика ҳудудида сотиб олиши ишчининг даромади ҳисобланмайди ва юридик шахслардан олинадиган фойда солиғини ҳисоблашда чиқариб ташланади;

*жисмоний шахсларнинг солиққа тортиладиган даромадлари Ўзбекистон Республикаси бўйлаб туристик турларни туристик фаолияти лицензияланган субъектлардан сотиб олишга йўналтирилган харажатлар суммаси билан камайтирилади. Бунда тасдиқловчи ҳужжатлар туристик йўлланма, авиа ва темир йўл чипталари, автотранспорт ташкилотларининг ҳисоб-фактуралари (чипталари) ва жойлаштириш воситалари чеклари;

*туристик фаолият субъектларининг солиқ солинадиган базаси Ўзбекистон туристик бренди ва «Uzbekistan.travel» сайти рекламаси жойлаштирилган босма маҳсулотлар (карталар, брошюралар, памфлетлар, флаерлар ва бошқалар), сувенир ва қадоқлаш маҳсулотлари (сумкалар, пакетлар, мактаб дафтарлари, ёпиштиргичлар, қопламалар, футболкалар ва кийим-кечаклар, идишларга ёзилган ёзувлар)ни тайёрлаш ҳамда тарқатилиши учун сарфланган харажатлар миқдорига камайтирилади.

*Тижорат банкларига Ўзбекистон Республикаси фуқароларига Ўзбекистон Республикаси бўйлаб лицензияланган туристик фаолият субъектларидан туристик турларни харид қилишга 10 миллион сўмга бўлган ҳажмда, иш ҳақи ҳисобидан қоплаш имконияти билан истеъмол кредитлари ажратиш тавсия этилди.

Гидлар ва аудиогидларга талаб кучли
“Тарихий обидаларга гид билан ташриф буюрган бошқа, ўзи саёҳат қилган бошқа. Биз гидларни тайёрлаш бўйича коллежларимизга янги тизимларни ўрнатмоқчимиз. Сингапур институти, бошқа ОТМларда гидларни тайёрлаш квотаси кўпайтирилмоқда”, — дейди раис.

Унинг сўзларига кўра, гидлар, албатта, 2-3 та хорижий тилларни билиши керак, зеро бизда ички сайёҳлардан ташқари, ташқи сайёҳлар ҳам бор. Шу ўринда туризм соҳасида ишлаш истагида бўлган ёшларга мурожаат қилинди. “Яхши иш топмоқчи бўлсангиз, чет тили ва тарихни ўрганишингиз керак”. Юрт тарихини бошқа тилларда ҳам қизиқарли қилиб етказа оладиган ва барчани бирдек жалб қила оладиган гидларга ҳамиша талаб кучли. Шунингдек, тадбирда аудиогидлар ҳақида сўз юритилди. “Биз смарт-туризмга катта эътибор қаратяпмиз. Бу ишларни давлат ва хусусий сектор ҳамкорлигида амалга ошириш мумкин. Аудиогидлар бўйича бир компания билан ҳамкорликни йўлга қўйдик. Уларга барча тарихий обидаларимиз ҳақида матнлар бердик. Жорий туристик мавсумда аудиогидлар хизматидан фойдаланиш мумкин бўлади”, — деди А.Абдуҳакимов.

Ходимларга оилавий дам олиш имкони берилади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ички туризмни жадал ривожлантиришни таъминлаш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарларига:
  • Коллектив шартномаларга ходимларнинг жамоавий ва оилавий ҳордиқ чиқаришини ташкил этиш бўйича ҳар йили давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан ўз ходимларининг камида 10 фоизини оила аъзолари билан дам олишга (ички туризм) юборишни назарда тутувчи нормани рағбатлантириш чораси сифатида киритиш;
  • Ходимларга меҳнат қонунчилигига мувофиқ меҳнат таътилининг ишлатилмаган қисми ҳисобидан уларга қулай бўлган вақтда саёҳат ва дам олиш учун ортиқча ишланган кунга дам олиш муддатини фаол равишда тақдим этиш;
  • Дастур чора-тадбирларини амалга ошириш доирасида ҳар йили 30 декабрга қадар давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимлари учун туристик-экскурсион турлар ташкил этиш жадвалини тасдиқлаш тавсия этилди.

Туризмни ривожлантириш бўйича давлат қўмитасига давлат органлари ҳамда бошқа ташкилотларга маҳаллий туроператорлар билан ҳамкорликда гуруҳ саёҳатлари ташкил этишга кўмак кўрсатиш, шунингдек, меҳмонхона ва транспорт ташкилотларига уюшган турларга, яшаш ва сафар (парвоз)ни эътиборга олган ҳолда, имтиёзлар тақдим этиш бўйича таклифлар юбориш вазифаси юкланди.

Фуқароларнинг туристик турлари қандай қопланади?
Қарорда белгиланишича, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг дастури доирасидаги туристик-экскурсион турларининг тўлови билан боғлиқ харажатлар тенг баробар асосда қуйидагилар ҳисобидан қопланади:
  • Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқининг ўз маблағларидан — таълим муассасалари ўқувчилари учун;
  • Ўз маблағлари, Иш берувчиларнинг ўз маблағлари (бюджет ташкилотлари қисмида — ташкилотларнинг бюджетдан ташқари маблағлари) ва коллектив шартномалар бўйича бошқа маблағларга мувофиқ —ташкилотлар ходимлари учун;
  • Хайрия маблағлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ҳар йиллик параметрларида кўзда тутилган маблағлар — етим болалар, кам таъминланган оилалардан бўлган болалар, ногиронлиги бўлган шахсларга уларнинг умумий сонидан камида 20 фоизлик қамраб олиш билан;
  • Ўз маблағлари, “Нуроний” Ўзбекистон фахрийларини қўллаб-қувватлаш бўйича жамғармасининг ўз маблағлари ва хайрия маблағларидан — пенсионерлар, уруш ва меҳнат фахрийлари учун;
  • Ўз маблағлари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва хайрия маблағларидан — фаол аёллар учун;
  • Ўз маблағлари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди маблағларидан — маҳалла фаоллари ва ёш оилалар учун.

Белгиланишича, Дастурда қатнашиш ихтиёрий равишда.

Корхоналарни сертификатлаш ихтиёрий бўлади
Президентнинг 3.02.2018 йилдаги ПФ-5326-сон Фармони билан туристларга хизмат кўрсатишга ихтисослашган умумий овқатланиш корхоналари ва автотранспорт корхоналарини сертификатлаш жорий этиладиган шартлар қайта кўриб чиқилди.

Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 2.12.2017 йилдаги ПФ-4861-сон Фармони 2018 йил 1 январдан бошлаб хорижий туристларга хизмат кўрсатишга ихтисослашган умумий овқатланиш корхоналари ва автотранспорт корхоналарини мажбурий сертификатлаш жорий этилишини назарда тутганди. Биринчидан, бу корхоналарни сертификатлаш жорий этиладиган сана 2018 йил 1 апрелга кўчирилди. Хусусан, бундай хизматларни сертификатлаш қоидалари ҳали тасдиқланмаган. Тегишли ҳужжат лойиҳаси тайёрланиб, умумий муҳокама учун жойлаштирилганди.

Иккинчидан, жорий этилаётган сертификатлаш тизими ихтиёрий бўлади. Бинобарин, туристларга хизмат кўрсатадиган умумий овқатланиш ва транспорт корхоналарида мувофиқлик сертификати мавжуд эмаслиги учун жавобгарликка тортишмайди.

Метрода суратга олишга рухсат берилади
Эндиликда Тошкент метрополитенида фотосурат ва видеолавҳага олишга рухсат берилади. “ Бизда дунёдаги энг чиройли метро бор, уни реклама қилишимиз керак. Ҳозиргача мумкин эмасди, аммо Президентимиз буларнинг барчасини тасвирга олиш мумкинлигини айтди”, — дейди Азиз Абдуҳакимов.

У суратга олишни тақиқловчи белги бўлмаган жойларда фото ва видеосъёмка қилиш мумкинлигини қўшимча қилди.

Шунингдек, унинг айтишича, Тошкент метрополитенида Wi-Fi ўрнатиш имкониятлари ҳам кўриб чиқилмоқда.
Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА

Манба: tasvir.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Саёҳатни ўзликни таниш зиёратидан бошлаймиз!