date
views 5 468

Рўмол. Аллоҳ ақл-салоҳиятли раҳбарлар сафини зиёда қилсин

Рўмол. Аллоҳ ақл-салоҳиятли раҳбарлар сафини зиёда қилсин
Бугун эрталаб синглим телефон қилиб университет проректори ҳамманинг олдида рўмолига эътироз билдиргани ва имтиҳондан чиқариб юборишга ҳақли эканини иддао қилганини айтиб, мендан ёрдам сўради.

Ҳар доимгидек, мен барча тайёргарликни қилиб Наманган давлат университети маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор билан кўришгани йўл олдим.

Олдиларига кириб, ўзимни таништирдим. Аввало бу мен учун биринчи ҳолат эмаслигини, ҳам қонуний, ҳам диний асосда суҳбатлаша олишимизни айтиб, заифа синглимизга қандай эътироз бўлса, эшитишга тайёр эканимни маълум қилдим.

Проректор жаноблари соқолда бўлишимга қарамай, мени жуда илиқ кутиб олди. Исм-фамилиямни ёзиб олгач, аввало эътиқодий масалага ҳеч қандай эътирозлари йўқлиги, аксинча эътиқод қиладиган муслималарни ҳурмат қилишларини изҳор қилди. Лекин охирида низомдаги Олий таълим муассасаларида ибодат либоси киймаслик ҳақидаги бандларни эслаб ўтди.

Кейин менга сўз берилди.

Мен президентимиз Шавкат Миромонович олиб бораётган ислоҳотлар, диннинг халқ маърифатидаги аҳамияти ва синглим рўмол ўрашига қонуний ва диний асосларнинг ҳаммасини бирма-бир санаб тушунтириб бердим.

Шунингдек, низомдаги ибодат либоси тушунчасига изоҳ беришларини сўрадим. Чунки у мантиққа асослансак, мен кўчада кетаётган ҳар қандай одамни тўхтатиб, кастюмингни еч, мен буни ибодат либоси деб ҳисоблайман, акс ҳолда жазога тортиласан дейишга ҳақли бўлиб қоламан. Тўғри гапни тушунадиган, ақл-салоҳиятли инсон экан, қонунчиликда «Ибодат либоси нима?» деган саволга жавоб берувчи мезон йўқлигини ўзлари ҳам тасдиқлади ва комиссия келганда улар бўйинларини ёпиб рўмол ўровчи аёл-қизларни кўрса, проректорга гап тегаётгани учунгина «рўмолларини ечмасалар ҳам салгина эътиборни тортмайдиган қилиб ўрасинлар» деган таклифни берди. Эътиборни тортмайдиган қилиб ўраш қандай бўлади деган саволимга «орқадан» деган жавобни олдим. Орқадан ўролмайди, аввало Қуръонда олдини тўсишга буйруқ борлиги ва бўйнини тўсиши бу эътиқодий масала эканини айтдим. Кейин бошида эри борлиги, ҳозир ишда эканлиги учун уни овора қилмаганимизни билдирдим. Шу сабабларга кўра бошқа ечим беришларини илтимос қилдим.

У киши «бу эрининг талабими?» деб сўради. Мен эри синглимга айнан эътиқоди учун уйланганини, рўмол, аввало, синглимнинг ўз қарори ва бир қаторда эрининг ҳам талаби эканини айтдим. Наманганда эрнинг талаби ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳурмат қилинишини ҳисобга олсак, бу саволлари айни муддао бўлди.

Охирида проректор жаноблари рўмолга эътирозлари йўқлиги, аксинча, қизларнинг очиқ-сочиқ кийинишидан ўзлари ҳам ҳайратга тушиб, жамиятда ҳаё-ибо йўқолиб бораётганидан хавотирда эканини билдирди. Шундай қилиб синглим авратларини очмасдан, сал соддароқ кийинишига келишдик (тўғриси, «соддароқ кийиниш қандай бўлади, юзини чапламайди, ҳаммаёғини ёпиб, кенг кийимлар кияди, бундан соддаси қандай?» деб сўрамадим).

Учрашувдан хулосам шуки, проректор жаноблари тушунган, иймон-эътиқодли инсонларга нисбатан бағрикенг, қонун ва динни ҳурмат қиладиган инсон экан. Чунки таълим муассасаси низомидаги «диний-ибодат либоси» тушунчасига аниқлик киритилмагунча қонун нуқтаи назаридан синглим ҳеч қандай ҳуқуқбузарлик қилмаётганини рад этмаганларининг ўзи бу раҳбарнинг вазиятга тўғри баҳо бера олиш қобилиятига эга эканини кўрсатади.

Хуллас, Ўзбекистон қонунчилиги таълим муассасаларида рўмол ўраш тартибини ўз назоратига олиб, бир йўсинга солмагунча мана шундай зиддиятли ҳолатларда мусулмонлар имкон қадар раҳбарият билан мулоқот қилиб, муросаю мадора йўлини танлаши керак экан. Чунки раҳбарлар ҳам сизу биздек оддий одамлар.

Учрашув сўнгида у киши мени хуш кайфият билан кузатар экан, мен дуо қилдим: Аллоҳ шундай инсонларни саломат қилсин. Ватанимизда ақл-салоҳиятли раҳбарлар сафини зиёда қилсин.
Жавоҳир ИЗЗАТУЛЛОҲ

Манба: Azon.uz
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Рўмол. Аллоҳ ақл-салоҳиятли раҳбарлар сафини зиёда қилсин