09:22 / 03.03.2018
6 464

Ўз отамдан воз кечдим...

Ўз отамдан воз кечдим...
Ҳали-ҳамон виждон азобидаман. Чунки мен ўз отасидан воз кечган ноинсоф ўғилман. Бундан саккиз йил олдин саксон ёшдан ошган отамни ўз қўлларим билан қариялар уйига топшириб келдим.

Оилада бир ўғил, бир қизмиз. Отам мен билан яшарди. Отам нафақага чиққунларича савдо соҳасида ишлаган. Синглим билан мени ҳеч нарсага зориқмаганмиз, қийинчилик кўрмай ўсганмиз. Ота-онам бизга ҳамма шароитни муҳайё қилган экан-у, аммо…

Мен уларни бизга яхши тарбия бермаганликда айбламоқчи эмасман. Аммо бемеҳр бўлиб вояга етганимиз аниқ. Отам савдо ишлари билан шуғуллангани учун кўпроқ чет элда юрарди. Онам ҳам ҳамшира бўлиб ишлар ва тунги навбатчиликда кўп қоларди. Тўғри, биз бебош болаларга қўшилмадик, саёқ юрмадик, аммо оиламизда меҳр танқислиги туфайли одамови бўлиб ўсдик. Оиламиз билан камдан-кам дастурхон бошида жамул-жам бўлардик. Бир-биримиз билан деярли ишимиз бўлмасди. Шунинг учунми, бемеҳрроқ эдик.

Онам бундан ўн йил олдин вафот этди. Отам эса биз билан қолди. Синглим ўз оиласи билан овора. Ҳар замонда бир келади. Мен ва хотиним эртаю кеч ишдамиз. Фарзандларим мактабда ўқишади. Хотиним рус мактабда ўқигани учун келинлик вазифаси қандай бўлиши кераклигини ҳис қилавермайди. Болаларим ҳам ўзлари билан ўзлари овора. Биз тез-тез оилавий чет эл саёҳатларига кетамиз, меҳмонга борамиз, ресторан ва қаҳвахоналарда кечки овқатни оилавий бирга қиламиз. Шундай пайтларда отам биз учун муаммога айланади. Бирга олиб юришнинг иложи йўқ, чунки ҳассада зўрға юради. Ахийри, хотинимнинг “минғир-минғир”и жонимга тегиб, отамни қариялар уйига ташлаб келдим. Ҳар ойда бир бор хабар олиб турдим. Шу тахлит орадан саккиз йил ўтди.

Отам доимо бизнинг оилага талпиниб яшади. Ҳар борганимда “Мени қачон олиб кетасан?” дерди. “Эрта-индин” дея алдаб келдим. Мана, яқинда отам оламдан ўтди. Расм-русумини жойига қўйиб, охирги манзилига кузатиб келдим. Аммо отамни бутунлай йўқотганимдан кейин қадри билина бошлади.

Яқинда ўғлим институтни битириб, хорижга ишлашга кетди. Яна бир ўғлим эса уйланди-ю, алоҳида яшаяпти. Ҳайҳотдай ҳовлида турмуш ўртоғим билан ўзимиз қолдик. Ўғлим хотини билан аҳён-аҳёнда келади. Хотиним ҳам касалванд, баъзида ўзим овқатни ўзим пишираман. Шундай пайтда отамни ўйлайман. Ўғилларимнинг йўлларига кўзларим нигорон бўлган пайтларда отамнинг ҳолати кўз ўнгимда намоён бўлади.

Англаганим шу бўлдики, отам бизга ўз вақтида меҳр беролмади, мен отамга. Энди эса мен болаларимнинг меҳрига зорман…
P.

Манба: tasvir.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўз отамдан воз кечдим...