19:32 / 03.03.2018
9 015

Бешинчининг ишлари бешми ёки Бош прокурор Отабек Муродовнинг муроди не?

Бешинчининг ишлари бешми ёки Бош прокурор Отабек Муродовнинг муроди не?
Отабек Муродов — мустақил Ўзбекистон тарихидаги бешинчи Бош прокурори.
Фото: «Xabar.uz»

31 январда Отабек Муродов Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори этиб тайинланди. У мустақил Ўзбекистон тарихида бешинчи Бош прокурор бўлди. Бунгача ушбу лавозимда Бўритош Мустафоев, Усмон Худойқулов, Рашиджон Қодиров, Ихтиёр Абдуллаев фаолият кўрсатган.

Хўш, 43 ёшли мулозим аслида ким ва қандай салоҳиятга эга? У учта тилда, яъни ўзбек, рус ва инглиз тилида бирдек сўзлаша олади. Унинг иш услубида прокурорча дўқ-пўписадан кўра дипломатик маҳорат юқори. Ўзига тўқ оилада ўсган замонавий йигит. Отаси бир муддат Яккабоғ тумани ҳокими бўлиб, сўнг республиканинг молиявий бақувват корхонасида ўринбосарлик лавозимида ўтирди. Онаси эса оз эмас, кўп эмас 20 йил жиноят ишлари бўйича туман судларига раислик қилган.

Отабек Муродов прокуратура соҳасида суяги қотган, энг кичик лавозимдан энг юқорисигача бўлган йўлни босиб ўтди. Бош прокуратуранинг жиноятларни тергов қилиш бошқармаси алоҳида муҳим ишлар бўйича терговчисига айланган чоғлари Рашиджон Қодировнинг эътиборини қозонди. Аммо кўпчилик бу муносабат Ислом Каримовнинг Отабекка бўлган шахсан эътиборли туфайли бўлган деб ҳисоблашади.

Эмишки, Муродовнинг она томонидан бобоси узоқ йиллар Қашқадарё вилоятидаги бир туманнинг раҳбари бўлган ва Ислом Каримов бу вилоятни бошқарган кезлари ўртада ўзаро ҳурмат-иззатли муносабатларга эга бўлишган.

Отабек Муродов прокуратурада ишлаб юрган илк йиллари бу идорада хизмат қилувчи ва мансаб пиллапояларидан тез юксалаётган ягона акаси, Қашқадарё вилояти собиқ ҳокими Озод Фармоновнинг куёви кутилмаганда автомобил ҳалокатига учраб оламдан ўтиши уни «шок»ка солгани айтилади.

Муродов кейинчалик Президент девонида етакчи консультант, бош консультант бўлиб ишлаганида ҳам, Адлия вазири ўринбосари, давлат маслаҳатчи бўлган даврларида ҳам хулқи ўзгармагани, манманликка берилмагани билан, қайсидир гуруҳлар манфаатлари тўқнашувига тушиб қолмагани билан кўпчиликка манзур бўлди.

Адлия вазирлигининг Қонунчиликка риоя этилиши устидан назорат қилиш бош бошқармасидаги фаол хатти-ҳаракатлари собиқ бош прокурор Рашиджон Қодировга сира ёқмаслиги аниқ эди. Чунки бу бошқарма ҳатто прокуратуранинг ҳам қонунчиликка риоя қилаётган-қилмаётганини назорат қилиш ваколатига эга эди. 2014 йилда Қодиров бош бошқармани тугатиб, прокуратура таркибига қўшиб олишга эришди.

Айнан шу вақтда Отабек Муродов учун мураккаб даврлар бошланади. Уни устози Ихтиёр Абдуллаев кибор доираларга олиб кирган, бироқ Адлия вазири ўринбосари бўлган давридаёқ Мирзиёевнинг эътиборига тушган эди. МХХнинг «қиличи» бўлган ва ўз ўрнини эгаллаши мумкин бўлган кўплаб эҳтимолий шахсларни «янчиб яшаган» Рашиджон Қодировнинг «нишонига айлангач», нейтрал ва номинал ташкилот – Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссиясига ўтказиб юборилди.

Ихтиёр Абдуллаев кадрлар бўйича давлат маслаҳатчиси лавозимида ишлаб турганида вазиятдан моҳирлик билан фойдаланиб, Отабек Муродовни ўзи аввал ишлаган Президентнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича давлат маслаҳатчиси лавозимига тайинлашга муваффақ бўлди. Боз устига у 2005 йилдаги Андижон воқеаларида айбдорлар устидан бутун бошли тергов жараёнларида умумий назоратни олиб борган ва ўз фойдасига яхши диведендларни ишлаб олган эди.

Унинг қўл остида ишлаганлар Муродов Биринчи Президент Ислом Каримов бошқаруви даврида ҳам соат 23.00 дан аввал уйига қайтмаганини, Шавкат Мирзиёев командасида тонгги тўртгача ишлаб, сўнг уйга қайтишини, бироқ эрталаб саккизда кабинетида ўтиришини айтишади.

Шавкат Мирзиёевнинг илк президентлик йилида у ҳақиқатда ўзидаги салоҳиятни намоён эта олди. Унинг маслаҳатчилик мақоми президент истаётган стратегияни чуқурроқ англаб олиш учун яхши майдонча вазифасини ўтади. Давлат раҳбарининг унга ишончи ортгач, ёш мулозимнинг вазифалар кўламини 2017 йилнинг 1 мартида янада кенгайтириб, сиёсий йўналишларни ҳам қўшиб берди ва Президентнинг сиёсий-ҳуқуқий масалалар бўйича давлат маслаҳатчиси этиб тайинлади.

Қолаверса, у ҳозирги лавозимида тўғридан-тўғри давлат раҳбарига бўйсунади. Унинг ўрнига келган давлат маслаҳатчиси Рустам Иноятов эса ишга чиқмаётгани, чиққанда ҳам вазифа билан президент қабулига кирмаётгани, амалда унинг вазифасини ҳам Отабек Муродов бажараётгани ёки у олиб келган давлат маслаҳатчиси ўринбосари қилаётгани тахмин қилинади.

Қолаверса, Иноятов ишга келган куниёқ қўл остидаги барча масъул ходимларни йиғиб, «бугундан бошлаб ўрис тилида гаплашамиз ва ёзишамиз, уқдингларми?» дея топшириқ бергани миллий кадрларнинг ҳафсаласини пир қилган.

3-даражали давлат адлия маслаҳатчиси Муродов мустақил Ўзбекистоннинг таниқли шахслар Бўритош Мустафоев, Усмон Худойқулов, Рашид Қодиров, Ихтиёр Абдуллаевдан кейинги бешинчи бош прокурори.

Отабек Муродов эндиликда Шавкат Мирзиёев истаги ва рағбати билан Ихтиёр Абдуллаев шакллантирган ва прокуратуранинг кучайиши тенденциясини бошлаб берган ишларни давом эттириши, янги очилаётган бошқармаларни иқтидорли ва халқсевар кадрлар билан тўлдириши керак. Қолаверса, ҳозир унда Рашиджон Қодировдан «реванш олиш» учун яхши имконият ҳам мавжуд. Аммо унинг характеридан келиб чиқилса, шахсий муносабатлардан кўра қонун ва адолат устунроқ кўринади.

У ҳеч қайси гуруҳлар манфаатларига ўйнамайдиган, одамохун, лекин сўзини энг қуйигача мулойим-мулойим ўтказа оладиган тажрибали мулозимдир. У оғзидан боди кириб, шоди чиқадиган айрим раҳбарлардан фарқли ўлароқ, ўта маданиятлилиги ва хушмуомалалиги билан шуҳрат қозонган. Қолаверса, прокуратура тизими қўрқиб яшаган МХХ эндиликда прокуратуранинг умумий назоратида фаолият олиб бориши ҳам унинг эркин ҳаракатига асос яратади.

У давлат раҳбарининг муҳим вазифа ва кўрсатмалари, қонунчилик назорати ижросини тўлиқ таъминлашда давом этса, ҳукмрон гуруҳда муҳим фигура сифатидаги мақомини узоқ вақт сақлаб қолиши мумкин.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш бўйича икки муҳим тузилмада Президентнинг ишончли кадрлари бўлган ғайратли Абдуллаев-Муродов жуфтлигининг келгусида мустаҳкамланиши давлат раҳбари сиёсатининг сўзсиз ва оғишмай амалга оширилишини таъминлайди.
Саид Ибрагимов

Манба: Xabar.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Бешинчининг ишлари бешми ёки Бош прокурор Отабек Муродовнинг муроди не?