19:22 / 10.03.2018
12 918

Амир Темур нега Шаҳрисабзда дафн этилмаган?

Амир Темур нега Шаҳрисабзда дафн этилмаган?
Ўзбекистон мустақилликка эришгач, ўзининг бой тарихини, миллий қадриятларини ўрганишга янада эътибор қаратди, уларни жаҳон ҳамжамиятига янада яқиндан таништириш мақсадида мамлакат ҳудудида жойлашган тарихий обидаларни тиклашга, тарихий шахсларнинг ҳаёт ва ижод йўллари янада чуқур ўрганишга киришилди.

Жумладан, соҳибқирон Амир Темур билан боғлиқ тарихий ҳақиқатлар, ҳамонки, нафақат ўзбекистонлик, балки дунё олимларини ҳам қизиқтириб келмоқда. Амир Темур сиймоси билан чамбарчас боғланган турли афсоналар, бугун реал ҳаётда ўз ҳақиқатини топмоқда. Ана шундай тарихий жумбоқлардан бири Соҳибқироннинг ўз она ватани Кеш шаҳрида ўзи учун қурдирган даҳмасидир. Аммо Амир Темур вафотидан кейин у ерга дафн этилмаган? Хўш, нега?

Мақбаранинг қурилиши
Маълумотларга кўра, Амир Темур Шаҳрисабзда бўлиб турган кезларида меъмор ва муҳандисларни чақиртириб, ўғли Жаҳонгир Мирзо мақбарасидан ўттиз-қирқ қадам нарида ўзи учун мўлжалланган мақбара лойиҳасини тайёрлашни буюради, лойиҳа бўйича ўз кўрсатма ва маслаҳатларини беради. Лойиҳа тайёр бўлгач, уни кўздан кечирган Соҳибқирон тегишли ўзгартиришлар ҳам киритиб, мақбара қурилишини дарҳол бошлашга амру-фармон беради. Қурилиш ишлари 1394 йилда бошланади.

Буюк саркарда ҳарбий юришлардан қайтишда, албатта, Шаҳрисабзга кириб ўтиб, мақбара қурилиши боришидан хабардор бўлиб туради. Аммо кўркамликда шаҳардаги бошқа маҳобатли бинолардан қолишмайдиган мақбара битмай қолади. Бунинг устига Хитойга юриш қилган саркарданинг тўсатдан соғлиғи ёмонлашиб, ўша юриш пайтида вафот этади. Унинг жасадини шошилинч равишда Самарқандга олиб келишади.

Нега Самарқанд, Шаҳрисабз эмас?
Амир Темур нега ўзи учун қурдирган сағана қолиб, Самарқандда набираси – Муҳаммад Султон ётган мақбарага дафн этилди? Бунга бир неча сабаблар бўлган бўлиши мумкин.

Биринчидан, Сохибқирон вафот этгач, олти кундан кейин тупроққа қўйилди, беш куни эса Ўтрордан пойтахтгача йўл босишга кетди. Ўша йил қиш қаттиқ келди. Тахтақорача довонини ҳам қалин қор босган эди. Бундай шароитда Соҳибқироннинг жасади қўйилган тобутни Шаҳрисабзга элтиш учун яна бир-икки кун зарур эди. Ислом шариати эса маййитни тезроқ қабрга қўйишни тақозо қиларди. Буларга қўшимча Шарафиддин Али Яздийнинг душманлар хабар топмасинлар деб Соҳибқироннинг вафот этганлигини яширдилар, деб ёзганини ҳам яна бир бор эслаш керак. Амир Темурнинг жасадини шунча узоқ йўлдан изғиринли қиш шароитида Самарқандга олиб келиш ва дафн қилишгача бўлган барча ишлар ўта махфий қилинганлиги сабаби ҳам шундан бўлса ажаб эмас.

Иккинчидан, Самарқанд Амир Темур асос солган улкан салтанат пойтахти эди. Бобокалонимиз пойтахтда бир-биридан чиройли бинолар қурдирди, боғлар барпо этди. Самарқандни дунёнинг энг гўзал ва обод шаҳарлардан бирига айлантириш учун кўп куч-ғайрат сарфлади. Соҳибқироннинг Самарқандда дафн этилиши, унинг жаҳонаро нуфузи, обрў-эътиборининг ошишига ҳам хизмат қиларди.

Ер остида асрларга сирдош сағана
Амир Темурнинг вафот этганлиги тез орада бутун дунёга овоза бўлиб кетди. Буюк империя парчаланиб, ўрнида мустақил давлатлар вужудга келди. Темурийзодалар ўртасида ҳам Соҳибқироннинг васиятига хилоф равишда тож-тахт учун кураш авж олди. Ягона, яхлит давлат майда-майда хонлик ва вилоятларга бўлиниб кетди. Бундан фойдаланган ташқи душманлар мамлакатга ҳужум қилиб, шаҳару қишлоқларни хароб қилди, бойликларни талади. Темур ва темурийлар қурдирган бинолар бузилди, айримлари ярим вайрона ҳолига келди. Шаҳрисабздаги меъморий обидалар қаторида Амир Темур сағанаси устидаги гумбазли мақбара ҳам қулаб, ер билан тенглашиб кетди. Бунинг натижасида ерости даҳмасига олиб тушувчи йўл ҳам бекилиб қолди. Аста-секин халқ орасида Соҳибқирон даҳмаси борлиги ҳам унутилиб кетди.

Бундан ташқари, ХХ асрлардан бошлаб Шаҳрисабздаги Дорулсаодат ҳудуди маҳаллий аҳоли томондан тўлиқ узлаштирилиб, хом ғишт ва пахсадан уй-жойлар қурилиб, бу ердаги маданий мерос объектлари унутиб юборилган. Ўтган асрнинг 50-йилларида даҳма устига уй-жой қуриб яшаётган маҳаллий шаҳарлик кишининг ёш қизчаси ҳовлисида ўйнаб юрганида, даҳманинг усти уприлиб, тобутхонага тушиб кетади. Маҳалладан кўпчилик бўлиб қизчани қутқариш жараёнида мазкур иншоот нақадар катталиги аниқлангач, хонадон эгаси Тошкентдаги ЎЗФА тарих институти ходими, биринчи ўзбек археологи, кейинчалик академик бўлиб сайланган Я. Ғуломовга мурожаат қилади.

Академик Яҳё Ғуломов бошчилигидаги археологлар томонидан ўтказилган текширишда кўмилиб кетган ерости даҳмаси аниқланган. Тарихий манбалар, Шаҳрисабзда бўлган Испания элчиси Клавихо эсдаликларида ёзиб қолдирган далиллар ўрганилиши натижасида бу иншоот Амир Темур ўзи дафн этилиши учун қурдирган ерости даҳмаси эканлиги маълум бўлди.

1980 йилдан бошлаб халқаро сайёҳлик маркази қаторига қўшилган Шаҳрисабзга дунёнинг турли жойларидан сайёҳлар кела бошлади. Сайёҳлар томоша қилиши лозим бўлган тарихий обидалар рўйхатида Амир Темур сағанаси йўқ эди. Боиси ёзнинг чилласида ҳам даҳма эшиги зах сувга тўла бўларди.

1982 йилнинг ёзида шаҳарга ташриф буюрган Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги раҳбари Шароф Рашидов Амир Темур сағанасини кўришни ихтиёр этади. Сув тортувчи мосламалар ёрдамида сағана ичидаги зах сув ташқарига чиқарилгач, ҳурматли меҳмон ичкарига таклиф этилади.

Ўзбекистон мустақил бўлгач, Соҳибқирон таваллудининг 660 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш жараёнида қадим Кешдаги меъморий обидалар қаторида Амир Темур даҳмаси ҳам таъмирдан чиқарилди. Зах сувларни қочириш учун қувурлар ўтқазилди.

У қандай кўринишда?
Даҳма деярли тўртбурчак шаклида - 6, 4х6, 1 метр ўлчамдан иборат. Сағананинг сатҳи, девори, бостирмаси пардозланган мармарсимон оҳактош билан қопланган. Сағананинг шифти эса чодрасимон гумбаз кўринишида қилинган, юқори қисми нақшинкор квадрат шаклида бунёд этилган. Сағана марказида тўғри тўртбурчакли баландлиги 0,73 метр, бўйи 2,5 метр, эни 1,4 метр ўлчамдаги тош тобут жойлашган. Унинг устига эса 11 сантиметр қалинликдаги мармар плита ётқизилган. Сағана билан танишиш жараёнида сиртида, равоқлар хошиясида, тахмонларда сулс хатининг хар хил турида ёзилган Қуръон оятлари, дуоларга кўз тушади. Араб имлосидаги қуйидаги дуо диққатингизни жалб қилади: «Ё Оллоҳ, мени, отам ва онамни, барча мўмин ва мўминаларни, муслим ва муслималарни, тирикларимиз ва ўликларимизни мағфират қилғил, бизларнинг орамиздаги эзгу ишларни бардавом қилғил, сен чиндан хам ўтинчларни ижобат қилгувчисан, марҳаматли, ҳожатбарор, азоблардан халос қилувчи, эзгу ишлар соҳиби бўлган зотсан. У марҳаматли ва қудратли зотдир».

Сағанани мукаммал тадқиқ қилган қадимшуносларнинг фикрича, Амир Темурнинг ушбу мақбараси меъморий жиҳати ва ички безаклари бўйича Марказий Осиёда шу турдаги энг нодир ва йирик обидалар, мусулмон Шарқидаги энг ҳашамдор даҳмалар қаторида туради.

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Амир Темур нега Шаҳрисабзда дафн этилмаган?