06:32 / 11.03.2018
6 722

Фарзандингизга меҳр беринг!

Фарзандингизга меҳр беринг!
Мен коллеждаги фаолиятим давомида кўплаб ўқувчилар ва ота-оналар билан суҳбатлашаман. Ота-оналаримиз орасида “Менинг вазифам фақат фарзандимни кийинтириш ва овқатлантириш, тарбияси ва билими ҳақида ўқитувчилар қайғурсин”, дейдиганлари кўплаб топилади. Гарчи Президентимиз томонидан таълим соҳасига жуда катта эътибор қаратилаётган бўлса-да, ҳалиям бугунги кун талабларини, мезонларини тушуниб англашга улгурмаган ота-оналаримиз борлиги ташвишланарлидир.

Масалан, бир ўқувчимизнинг ота-онаси фарзандини ташлаб бутунлай хорижга пул топиш учун кетган. Ўша ўқувчи билан гаплашганимда, “Мен ўртоқларим каби ота-онам билан бир дастурхон атрофида ўтириб овқатланишни, уларга кўнглимдаги гапларимни айтиб, маслаҳат олишни орзу қиламан”, деди кўзида ёш билан. Бу суҳбатдан сўнг унинг бувисини коллежга чақирдим. Вазиятни тушунтирдим. Кекса аёл мени тўғри тушунди.

Ота-оналарга бир нарсани таъкидламоқчиман: фарзандларингиз сизга Аллоҳ берган бебаҳо неъмат, уларни яхши кўринг, ҳамиша ёнида бўлишга ҳаракат қилинг. Токи уларнинг ҳаёт дафтари меҳрингиз билан мазмунли ва ранг-баранг бўлсин. Шундагина дилбандингиз ҳам ҳаётни қадрлашга, Она Ватанни севишга интилади. Фурсатдан фойдаланиб барча бувижонларимиз, онажонларимиз, опахонларимиз ва ингилларимизни байрам билан муборакбод этаман! Жамоамизда фидойилик билан фаолият кўрсатаётган ўқитувчиларимиз: Тамара Ваҳобова, Азиза Сарварова, Комила Дармонова, Дилором Орипова, Юлдуз Убайдуллаева, Нигора Арзимуродоваларга шарафли ишларида муваффақиятлар тилаб қоламан!
Барно ИСАЕВА,
Тошкент маданият коллежи кафедра мудири.

Манба: Tasvir.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Фарзандингизга меҳр беринг!