00:33 / 17.03.2018
6 481

94 ёшли фуқаронинг дин ва миллат ғамида Президентга қилган мурожаати

94 ёшли фуқаронинг дин ва миллат ғамида Президентга қилган мурожаати
20 йилдан буён масжидда эътикофда (масжид ҳовлисидан чиқмай яшаётган) ўтирган, 94 ёшли фуқаронинг Юртбошимизга дин ва миллат ғами юзасидан қилган мурожаати.

Қашқадарё вилояти Деҳқонобод тумани "Миёна" жомеъ масжидида истиқомат қилувчи Файзуллоҳ Абдулқаҳҳоров номидан

МУРОЖААТНОМА

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.

Ҳурматли Президентим!

Сизни давлатимизга раҳбар бўлишингизни Аллоҳнинг ўзи истади. Илоҳим Роббим Сизни душманларнинг фитналаридан, ёмонликлардан асрасин!

Агар бир киши фарзандини устозга илм олиши учун берса, устоз болага “Аъузи биллаҳи минашшайтонир рожим, бисмиллаҳир роҳманир роҳим” калимасини ўргатса, Аллоҳим амалларни ёзувчи фаришталарга шундай дер экан: “Гувоҳ бўлинглар, Мен ҳозирдан бошлаб шу боланинг, отасининг, онасининг ва устозининг жасадини дўзах ўтига ҳаром қилдим”.

Агар ўша фарзанд “Фотиҳа” сурасини ёдласа, у бандани етти дўзахдан халос этади.

Бола Исломни ўрганиб, қалби Аллоҳ билан боғланса, ундан ёмонлик чиқмайди. Жамият ундан наф олади. Давлат ривож топади. Оқибат Сизнинг, яъни бизнинг мамлакатимиз қудратли бўлади.

Аллоҳ таолонинг 3 минг исми бор. 1000 исмини Пайғамбар алайҳиссаломлар ёд этдилар. 1000 исмини фаришталар ёд этадилар. 300 исми Тавротда, 300 исми Забурда, 300 исми Инжилда келган. 99 исми Қуръони Каримда келган. Бир исми борки, уни Аллоҳимдан ўзгаси билмайди. 3000 исмнинг қуввати бисмиллаҳир роҳманир роҳимда жам бўлган. Ҳамма бир бўлиб шу калимани Аллоҳнинг кечиримлилига ишониб, 3000 исмни тасдиқлаб айтса, кечирилади, иншааллоҳ.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим калимасида 19 ҳарф бор. Уни ўқиб вафот этган инсонни Аллоҳим кечиради. Ушбу калимани айтиб юрса, Аллоҳ ўзи асрайди. Уни айтиб юргандан шайтон қочади.

Аршнинг пештоқига бисмиллаҳир роҳманир роҳим деб ёзилган. У ердан тўрт дарё оқади. Уларнинг номи булар:

1.Сув дарёси;
2. Сут дарёси;
3. Жаннати беҳиштдан келадиган сув дарёси;
4. Асал дарёси.

Бу дарёлар Кавсар ҳовузига қуйилади.

Аллоҳим бандаларига ота-онасидан ҳам меҳрибон. Аллоҳим шунчалик меҳрибонки, Ўзининг йўлида юрган бандасини азобламайди.

Муҳаммад саллалоҳу алайҳи васалламнинг вафотлари бундай бўлган. Жаброил алайҳиссалом келиб, жаннат у зот саллалоҳу алайҳи васалламга муштоқлигини айтди. Аммо Росулуллоҳ саллалоҳу алайҳи васаллам умматлари учун жаннатни сўради. То Аллоҳ таоло умматлари биринчи бўлиб жаннатга киришини хабар қилмагунча дуо қилавердилар. Пайғамбаримиз Муҳаммад саллалоҳу алайҳи васаллам ҳатто вафот эта туриб ҳам умматларини ўйлаганлар. Бизга Аллоҳнинг амри қанчалик буюк бўлса, Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васалламнинг амрлари, қилган ишлари ҳам ана шундай буюкдир. У зот саллалоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари, суннатидан ташқарига чиқиш яхши эмас.

Бизга Аллоҳим инояти билан иймон берди. Роббим Ўз Буюклиги, Меҳрибонлиги билан илоҳий нурини қалбимизга жойлайди.

Яна бир гапни айтиб ўтишим лозим. Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ ва шогирдлари Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳ ва 77 муждаҳидларининг гаплари ҳамда асарларида “Исломда мажбурлаш йўқ” деган жумла келтирилмаган. Бугунги олимларга нима бўлганки, бу гапларни ишлатиб, диннинг қадрини туширмоқда. Натижада одамларнинг қалби қотиб, осонгина диндан чиқиб кетмоқда. Бу гапни ишлатиш яхши эмас.

Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васаллам Мадинага борганларида кўплар иймон келтирди. Орадан вақт ўтгач, бир насроний олим икки ака-укани йўлдан урди. Пул таклиф қилиб, диндан чиқариб, уларни ўзи билан олиб кетди.

Бир саҳобий розияллоҳи анҳу келиб, Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга воқеанинг хабарини берди. Ўшанда дин заиф эди. Шунинг учун уларга чора кўрилмади. Аллоҳ таоло қайтаришга ҳукм қилмади, аммо дин кучайгач, намозга, динга мажбурлаш амр этилди. Ҳатто кўплаб жанглар ҳам бўлди. Қанча инсонлар дин йўлида вафот этди (шаҳид бўлди). Демак, Ислом аҳли яшайдиган мамлакатда “динда мажбурлаш йўқ” деган гапни ишлатмаслик лозим. Қуръони Каримнинг 70 га яқин оятларида динни тарғиб этиш қаттиқ ҳукм қилинган.

Жаноб Президентимиз, Сиздан бир илтимосим бор эди. Диний таълимни олиб борилишига ижозат берсангиз. Жума кунларини мусулмонларнинг дам олиш куни деб қабул қилдирсангиз, масжидларга болакайларнинг келишига рухсат берсангиз. Шу ишларни амалга оширсангиз, осмону еримиз нурга тўларди.

Пайғамбаримиз Муҳаммад саллалоҳу алайҳи васаллам хабар берадиларки, Одил подшоҳлар соя йўқ кунда мен билан бирга сояда туради. Аллоҳ Меҳрибон Зот агар адолат қилсангиз, Лавҳул махвузда сизни одил подшоҳ деб ёздиради.

Муфтийга соф Ислом динини қайтадан жамиятга жорий этиш учун ўқишга осон ва вақфлари жойида бўлган Қуръони Карим китобларини чоп этиш ҳақида топшириқ берсангиз айни муддао бўларди. Бухоро, Тошкент ва Самарқанд чопларини кўпайтириш зарур.

Қори Зиёвиддин муфтий ҳажга борганида у ёқдаги мусулмонлар Брежневдан диний таълим ўқитилишини сўрашни илтимос қилган. У динни тан олмайдиган подшонинг олдига кириб, мактабларга кириб рухсат сўраган. Аммо у рухсат бермаган. Лекин Қуръон чоп этишга ижозат берган. У Каломуллоҳни тўрт нусхада чоп этган. Яна “Муҳтасари Виқоя” асарининг туркча нусхасини ҳам чоп этган.

Мақсудхўжа эшон ёзган “Шарҳи Виқоя” асарини ҳам чоп эттириш керак. Туркийда ёзилганини чоп эттириш лозим деб ўйлайман. Ўша китобдан ҳар бир масжидда биттадан бўлса, яхши бўларди. Чунки Исломий масалаларни инсонлар билиши лозим. Фиқҳни одамлар ёшлигидан ўрганса, одоб ўрганса Ислом кучаяди. Халқнинг ризқи баракали бўлади, Ислом беҳурмат қилинмайди. Амалдорлар ҳаддидан ошмайди, Аллоҳдан қўрқадиган бўлади. Ёшлар динидан воз кечмайди.

Агар Сиз фарзандларимизга, халқимизга шундай шароитларни яратиб берсангиз, Аллоҳ Сиздан марҳаматини дариғ тутмайди.

Аллоҳим Сизни Ўз ҳимоясида сақласин. Одил подшоҳ бўлинг. Гапларимни инобатга олишингиздан умидим бор. Адолатингиздан умидворман. Хайрли ҳаракатларингизга Роббим баракалар берсин.

Ҳурматли Юртбошим, мендек бир кекса фуқароингиздан ранжиманг. Гапларим малол келмасин. Узримни қабул этинг.

Аллоҳим тўғри йўлда барчамизни мустаҳкам қилсин. Ҳабибимиз Муҳаммад Мустафо саллалоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари билан хулқланишимизни, авлиёлардек азиз бўлишимизни, юзларимиз икки дунё ёруғ бўлишини Ўзинг насиб этгин Ё Роббил Аъламин.

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » 94 ёшли фуқаронинг дин ва миллат ғамида Президентга қилган мурожаати