13:36 / 23.03.2018
8 179

Туркиялик олим Боботоғ боғбонларига писта парваришлашни ўргатмоқда

Туркиялик олим Боботоғ боғбонларига писта парваришлашни ўргатмоқда
Узун туманидаги Боботоғ давлат ўрмон хўжалиги ерларида 30 минг гектарда писта плантациялари ташкил этилади. Унинг 2,5 минг гектари жорий йилда, қолгани 2020 йилгача тайёр бўлади. 2 минг иш ўрни яратилади.

Қайд этиш жоизки, Сурхондарё вилоятининг тоғ ва тоғ олди ҳудудларида фойдаланилмайдиган ер майдонларида ҳар йили ўртача 350 гектаргача пистазорлар барпо этиш мўлжалланмоқда.

Шу кунларда Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси Боботоғда Германия халқаро ҳамкорлик жамияти ва ФАО билан бирга амалга ошираётган лойиҳалари доирасида пистачиликни ривожлантириш, мавжуд писта дарахтларини ҳосилдорлигини ошириш ва пайванд қилиш бўйича кўргазмали семинар ўтказмоқда.

Мазкур семинарда ўз тажрибаси билан ўртоқлашган Туркиянинг Газиантеп пистачилик институти олими Мехмет Узун бизга ўз таассуротларини сўзлаб берди.

«Биз Боботоғдаги мавжуд 30 гектар пистазорни айланиб кўрдик. Бу ердаги дарахтларнинг яримидан кўпи эркак навлар. Уларни илмий жиҳатдан кузатиб, эрта ва кеч гуллайдиганларини аниқлаб, пайванд қилиш керак. Фақатгина новдани куртак пайванд қилишга ярайдиган ҳолатга келтириш учун дарахт камида уч ёшда бўлиши керак. Ана шунда улардан ҳосил олса бўлади. Бунга сабаб, писта икки уйли, яъни, унинг эркак ва она навлари бўлади. Буни олдиндан аниқлаш зарур, чунки эркак навлар ҳосил бермайди, бироқ она навлар ҳам уларсиз мева тугмайди.

Бизда писта дарахтлари маданий тарзда парваришланади. Дарахтни бутаб, унга агротехник ишлов берамиз. Писта биринчи йилларда, секин ривожланади. Буни суғориш йўли билан тезлаштириш мумкин. Бу борада муваффақиятга эришиш учун пистанинг ўзига хос хусусиятларини билиш зарур. Биринчидан, тупроқ шўрланмаган, ер ости сувлари камида уч метр пастда жойлашган бўлиши лозим. Иккинчидан, писта ёруғсевар экин бўлгани учун салқин жойларда ўстириш бефойда. Экишда ўнта она навга биттадан эркак нав тўғри келиши инобатга олинади. Эркак навларни доимо шабада эсиб турадиган томонга экамиз. Бу каби қоидаларга амал қилиб, энг сифатли ва мўл писта ҳосилини етиштирамиз. Ундан яхшигина даромад ҳам кўрамиз.

Ўзбекистонда эса писта кўчатларига ҳеч қандай ишлов берилмас экан. Экилган кўчатлар ўз ҳолига ташлаб қўйилгани боис кам ҳосил берар экан. Албатта, парвариш бўлмагандан кейин натижа ҳам шунга яраша бўлади-да.

Дарахтлар етти йилда нишона кўрсатсада, минг ёшгача мева беради. Хандон писта юқори диетик маҳсулот бўлиб, мағизида 49 фоиздан 60 фоизгача мой, 15-20 фоиз оқсил, 3-8 фоиз қанд ва бошқа микроэлементлар мавжуд. Меваси нафақат ички, балки жаҳон бозорида ҳам юқори баҳоланади.

Бир неча кундан буён биз соҳага қизиқаётганлар билан учрашиб, махсус ишлов бериш ва пайванд қилиш сирларини ўргатаяпмиз. Агар барча агротехник тадбирлар бизнинг тавсияларимиз асосида ўз вақтида бажарилса, ҳозирда 100 грамм ҳосил бераётган 20 ёшдаги дарахт кейинги йил 3 килограмм ундан кейин яна кўпроқ ҳосил бера бошлайди. Шу тариқа ҳосилдорлик йилдан йилга битта дарахтда 30 килограммдан ошади».

Ўрмончилик мутахассисларнинг айтишича, бир гектар ерда 150-180 та писта дарахти экиш мумкин. 50 даражагача иссиққа ва 41 даражагача совуққа чидайди. Ҳосилдор нав бўлса ва тўлиқ ҳосилга кирса, битта дарахт 100 килограммдан ортиқ ҳосил берар экан. Энди ўзингиз ўйлаб кўринг: ҳосил яхши бўлганда йилига ўртача 100 миллиондан ортиқ даромад кўриш мумкин.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Туркиялик олим Боботоғ боғбонларига писта парваришлашни ўргатмоқда