15:53 / 30.04.2018
17 642

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг қизи Москва Ислом институти талабалари билан учрашди

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг қизи Москва Ислом институти талабалари билан учрашди
Фото: «Muslimaat.uz»
Айни кунларда Одинахон Муҳаммад Юсуфнинг Россияга сафари давом этмоқда, деб ёзади «Muslimaat.uz». Нашр Москва Ислом институти сайтида эълон қилинган мақоланинг таржимасини ҳавола қилди.

27 апрель куни замонамизнинг энг атоқли олимларидан бири шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг (1952–2015) қизи Одинахон Муҳаммад Юсуф Москва Ислом институти (МИИ) раҳбариятининг таклифига биноан ушбу ўқув даргоҳига ташриф буюрди. Таъкидлаш жоиз, Одинахон Муҳаммад Юсуф хоним таниқли қория, қироат илмининг билимдони, устозадир. Ҳали оталари ҳаёт вақти Одинахон Ливияда Бутунжаҳон Ислом даъвати куллиясини тамомлаган, кейин эса таҳсилни Мисрда давом эттирган.

МИИ мажлислар залида ўзбекистонлик меҳмонни институт ходимлари ва талабалари илиқ кутиб олди. МИИ ректори, Россия Мусулмонлар идораси раисининг биринчи ўринбосари Дамир Муҳиддиновнинг кўрсатмасига биноан илмий ишлар бўйича проректор Ренат Исломов тадбир меҳмонларига табрик нутқи сўзлади. У жумладан шундай деди: «Биз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг қизлари муҳтарама Одинахон Муҳаммад Юсуфни институтимизда кўрганимиздан жуда хурсандмиз. Бугун Одинахон хоним таниқли олима ўлароқ падари бузруквори, атоқли уламо томонидан жорий этилган анъаналарни муносиб давом эттириб келмоқда. Шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, Россия Мусулмонлар идораси ва МИИ раҳбарияти ёшларнинг тарбиясига ҳамда маърифатига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Бу борада аёлларнинг ўрни беқиёс, улар орасида эса етук олималар кўп. Буюк аёлларга бағишланган тадбирлар силсиласига оид бугунги учрашувда ҳам Исломда аёлларнинг роли муҳокама қилинади. Ўтган йилнинг охирида Екатеринбургда Россия Мусулмонлар идораси ва МИИ шафелигида атоқли қози аёл – Мухлиса қози Биби хотирасига бағишланган илмий анжуман бўлиб ўтган эди. Биз диний масалаларга бағишланган ана шундай тадбирларимизда Одинахон хонимни кўришни чин дилдан истаймиз».

Одинахон Муҳаммад Юсуфнинг нутқи умуман исломий билимларнинг, хусусан, исломий таълимнинг муслималар ҳаётидаги ўрнига бағишланди. У кишининг таъкидлашича: «Мусулмон уламолари ‘билим’ тушунчасига аниқ таъриф берганлар. Билим – бу воқеликни борича қабул қилишдир. Аллоҳ таоло томонидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга туширилган биринчи оятда ‘Ўқи’ дейилди. Ислом билим тарқатиш ва жаҳолатга барҳам бериш учун юборилган диндир. Абу Дардо розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: ‘Аллоҳ илм излаш йўлига кирган банданинг жаннатга йўлини осон қилиб қўяди. Дарҳақиқат, фаришталар билим изловчи кишигаосон бўлиши учун унинг йўлларига ўз қанотларини поёндоз қилиб турадилар…’ Ислом – илм дини. Аёлнинг илмли бўлиши нима учун муҳим? Юқорида келтирилган каби ҳадислар аёлларга ҳам, эркакларга ҳам бирдек тааллуқли. Худдики шариат қонунлари аёллар ва эркаклар учун бир хил бўлгани каби. Шунга қарамай, бугун аёлларга билим керак эмас дегувчилар кўп учраяпти. Биз улардан аёл билим олмасин деган мазмунда ҳеч бўлмаса биттагина оятни келтиришларини сўраган бўлардик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нафақат озод аёлларнинг, ҳатто чўриларнинг ҳам илм олишига алоҳида эътибор қаратганлар. Мўминларнинг онаси Оиша онамиз ва Расулуллоҳга сафдош бошқа аёлларнинг ҳаммалари ҳофизи Қуръон эдилар…»

Одинахон хоним аёлларга мос касблар сифатида тиббиёт ва ўқитувчиликни алоҳида кўрсатиб ўтди. Аёлларнинг маърифати йўлида фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг олиб борган кенг миқёсли ишларни мисол қилиб келтирди ва: «Биринчи устозим отам эди», — деди.

Учрашув меҳмонлари куни кеча Ўзбекистонда якунланган Қуръон мусобақаси ҳақидаги маълумоларни катта қизиқиш билан қабул қилди. Ушбу мусобақада эркаклар билан бир қаторда мингдан ортиқ қориялар ҳам иштирок этди.

Учрашув бир пиёла чой устида норасмий муҳитда давом этди. МИИ талаба қизлари қадрли меҳмон учун ўз қўллари билан турли пишириқлар тайёрлаб келган эди. Жонли мулоқот, фикрлар алмашинуви бўлди, кўплаб саволлар берилди, уларга Одинахон Муҳаммад Юсуф батафсил жавоб қайтарди. МИИ ректори Дамир Муҳиддиновга эса яқинда Ўзбекисонда чоп этилган Мусҳафи шариф тортиқ қилинди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг қизи Москва Ислом институти талабалари билан учрашди