22:56 / 30.04.2018
5 670

Нобель мукофоти соҳиби: «Ўзбекистонни кўриш — қирқ йиллик орзуим»

Нобель мукофоти соҳиби: «Ўзбекистонни кўриш — қирқ йиллик орзуим»
Фото: «Ўзбекистон овози» газетаси
«Ўзбекистон овози» газетасида кимёгар-олим, Нобель мукофоти лауреати, Шимолий Каролина университети профессори Азиз Санжарнинг Ўзбекистон ҳақидаги фикрлари эълон қилинди.

— Дунёда Ўзбекистонни ал Фаробий, ал-Хоразмий, ал-Беруний, ибн Сино, ал-Фарғоний, Мирзо Улуғбек каби жаҳон фанининг тамал тошларини қўйган олимлар Ватани сифатида билишади.

2015 йилда менга кимё ва биокимё фанлари бўйича Нобель мукофоти берилганида бу нуфузли мукофотни мазкур фанларга асос солган ал-Беруний ва ибн Синоларнинг авлоди сифатида қабул қилиб олдим.

Ҳақиқатан ҳам гўзал юртингиз Ўзбекистон ота юрт Туркистоннинг қалбидир. У ердаги қадим туркий маданият, тил, илм-фаннинг марказлари бўл­миш Самарқанд, Бухоро, Тошкент, Хоразм каби шаҳарларда ўтмишда ва бугунги кунда дунё тан олган буюк тамаддун камол топди ва жаҳоний шуҳрат таратди.

Улуғбек мадрасасида XV асрда астрономия, математика, кимё, тарих каби фанларнинг тараққий этгани, бу мадрасанинг шуҳрати, унда яратилган асарларнинг, юлдузлар жадвалининг Усмонли салтанати ор­қали Европага етиб боргани ҳамда бу юртлардаги илм-фаннинг ривожига туртки берганини фахр-ифтихор билан таъкидлашни истайман.

Бугунги кунда Ўзбекистон фани ва маданиятининг шонли анъаналарини тиклаш, таълим ва илм-фанни ривожлантириш учун Президент Шавкат Мирзиёев томонидан катта куч-ғайрат сарфланаётгани мени жуда қувонтиради. Илм-фанга йўналтирилган сармоя ва эътибор, албатта, ўз самарасини беради.

Ўзбекистонда яқин йиллар ичида илм-фаннинг беқиёс ривожланишига, бу ердан дунёга довруғ соладиган олимлар етишиб чиқишига ишонаман.

Яқин келажакда буюк алломалар юрти Ўзбекистонда бўлиб, у ердаги қадимий илм-фан марказларини зиёрат қилиш, ўзбек халқининг ўз юртини гуллаб-яшнатиш борасида олиб бораётган фаолияти билан танишиш ниятим бор.

Ўзбекистонни кўриш — бу менинг 40 йиллик орзуим. Қардош ва қондош ўзбек халқига, унинг илмга чан­қоқ ёшларига алангали саломларимни йўллайман. Ўзбекистонда кўришгунча...

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Нобель мукофоти соҳиби: «Ўзбекистонни кўриш — қирқ йиллик орзуим»