11:45 / 21.05.2018
5 585

Рамазон айтиб келманг эшигимизга: болани тиланчиликка эмас, саховатга ўргатайлик (видео)

Рамазон айтиб келманг эшигимизга: болани тиланчиликка эмас, саховатга ўргатайлик (видео)
Ислом динида ёш болалар қандай тарбияланиши лозим? Уларни қайси ахлоқий қоидалар ва фазилатлар асосида вояга етказиш керак бўлади? Болани ёшлигидан саховатли инсон этиб ўстириш учун қандай йўл тутиш керак? Бу ва бошқа саволларга Тошкент шаҳар Юнусобод тумани “Мирза Юсуф” жоме масжиди имом хатиби Раҳматуллоҳ қори Ҳабибуллоҳ ўғли атрофлича тўхталиб ўтди.

Пайғамбаримиз (с.а.в) шундай дедилар: “Болаларингиз 7 ёшга кирганда намозга буюринглар, 10 ёшда ўқишмаса уринглар, 10 ёшда ўғил-қизларни ажратиб ётқизинглар”. Бу машҳур саҳиҳ ҳадис. Намоз қачон фарз бўлади? Қачонки, бола балоғатга етса. 7 ёшдан буюринг дегани, болани шу ёшдан ибодатга кўниктириб боринг, деганидир. 10 ёшда уларни ўқимаса уринг, дегани маъжозий маънода келади. Уриш, яъни сиёсат қилиш керак дегани. Болага озроқ қаттиқроқ турилади. Ўша ёшда ака-сингил ва опа-укаларнинг орасини алоҳида қилиб ётқизиш керак бўлади. Чунки бу даврда уларда жинсий майллик шаклланишни бошлайди. Бу кўрсатмаларнинг барчаси Ислом маданиятидир.

Болаларимиз бизнинг келажагимиз. Эртанги кунимиз, динимизни ҳам шуларга қолдирамиз. Уларни ёшликларидан яхши нарсаларга ўргатиб борайлик. Саховатга ўргатайлик. Болаларимизни ёшликларидан тиланчиликка ўргатмайлик. “Ё Рамазон” айтиш, тиланчилик эмасми? Уларнинг бу қўшиқларни айтиб, кечаси уйма-уй юриб, эшик тақиллатиб бир нимадан таъма қилишлари асло яхшилик эмас. Агар бунга инсоф билан қарайдиган бўлсак, болалигидан таъма қилиб ўрганган бола катта бўлганда ким бўлади? Бунинг ўрнида болани берадиган қўлли, саховатли қилиб ўстириш керак.

Ўз ҳаётимда бўлиб ўтган воқеани айтиб бераман. Бундан 11 йил муқаддам Рамазон вақтида Маккага, Умра зиёратига борган эдик. Бир жойдан машинада келяпмиз, ифторлик вақти яқин. Бунинг устига машиналар кўплигидан йўллар тирбанд, тўхтаб қолдик. Биз ифторликдан хавотирланяпмиз, чунки оғиз очиш учун ҳеч нарса олмаган эдик. Бир вақт машинанинг эшиги тақиллади. Эшикни очсак, беш-олти яшар ҳабаш бола рўзадорларнинг ифторлиги учун қўлидаги бир ҳовуч хурмони бизга узатяпти. Атрофга разм солсам, шу каби ёш болалар рўзадорларнинг ифторлиги учун хурмолар тарқатиб юришибди. Мана, болаларни нимага ўргатиш, мана, мусулмончилик. Ёшлигидан уларни беришга ўргатиб боришяпти, олишга эмас. Савоб олишни ўргатишяпти.

Биз нима қиляпмиз? “Ё Рамазон” айтиши учун болани кўчага чиқариш қаердан чиқди? Ҳолбуки, қоронғи тушганидан кейин, болаларни кўчадан уйга олиб кириш керак. Ёш бола деб масжидга қўймаймиз-у, кўчада унинг изғигани ҳеч кимнинг парвойига келмайди. Масжиднинг олдида туриб, ёш болани қайтариш билан шуғулланишдан кўра, кўчаларда “Ё Рамазон” айтиб юрган болаларни уйга олиб киришни ўйлаб кўриш керак. Кўчада ҳар хил одам юради, ҳар хил вазият бўлади, бу эшикдан наригисига югуришади. Берганни мақтайди, бермаганни сўкади. Бу нарса мусулмончилик одоб-ахлоқ қоидаларига асло тўғри келмайди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Рамазон айтиб келманг эшигимизга: болани тиланчиликка эмас, саховатга ўргатайлик (видео)