23:12 / 27.05.2018
3 993

Ҳақиқатни соғинган миллат. Ёхуд диний идорамиз қачон Президентга ёрдам бера бошлайди?

Ҳақиқатни соғинган миллат. Ёхуд диний идорамиз қачон Президентга ёрдам бера бошлайди?
Тарихга назар

Ўз вақтида ривождан тўхтаб қолган, илмни жаҳолат ҳисоблаб, олимни афсунгар деб алангага ташлаш даражасига тушиб қолган, қиз болаларни тириклай кўмишни мантиқи кўтарган бани одам цивилизацияси буюк ўзгаришни – ҳушига келишни бошидан кечирди. Ва бу ўзгариш Ислом динининг, Қуръони каримнинг “ақлингизни ишлатмайсизми!” манифести – чақириғи билан бошланган мантиқни тузатиш жараёнининг натижаси бўлди.

Кўплаб халқларнинг эс-ҳуши жойига келиб, жонсиз бутлар ва шахсларга сажда қилиш ҳолатидан чиқиб олдилар ва Инсон деб аталмиш ҳар бир зот маънан озод, ақлан етук шахсият бўлмоқ учун яратилганлигини тушуниб етдилар. Айнан шу пайтда инсоният ҳар бир шахс ўзининг собит ҳуқуқлари билан бирга дунёга келиши ҳақида билимга эга бўлди ва “инсон ҳуқуқлари” тушунчаси дунё юзини кўрди.

Бу кашфиёт дунёга ўзининг хушбўй меваларини берди ва инсоният тарихининг янги саҳифасини очди – дунё энди бошқа дунё эди.

***
Ҳар бир шахснинг ҳуқуқларини билиб, уларга риоя этадиган, ҳақларни ҳамма нарсадан устун биладиган, маънан озод шахсиятлардан таркиб топган ва ишларини биргаликда – ўзаро маслаҳат ила юритадиган, янги форматдаги жамият – мусулмонлар жамияти пайдо бўлди.

Ўз аъзоларининг ирқи, насаби, бойлигига қараб фарқламайдиган, адолатига қараб баҳо берадиган, оддий кекса аёл ҳам давлат бошлиғини бемалол тузатиши мумкин бўлган мазкур – мисли кўрилмаган жамият олдида бошқа ҳар қандай жамият маънан ожиз эканлиги тезда маълум бўлди. Инсоният эса “устинлик нимада?” – деган азалий саволига унсиз, аммо жарангдор жавоб – ишора олди.

Камчиликларини яширмасдан, балки газак олиб кетмасдан ўз вақтида уларни бартараф этишга келишиб олган жамият кун сайин юксалиб бориши, бугунги куни кечаги кунидан албатта яхшироқ бўлиши, ўзгарувчан воқеликнинг ҳар қандай чақириғига ўз вақтида жавоб бера олиши ва ҳар қандай чигалини ўз вақтида еча билиши амалда кўрилди. Кўпчилик бўлиб, ягона организм сингари ҳаракат қиладиган, масъулиятни ҳамма бирдек ҳис этадиган жамият доимий юксалишда бўлиши исботланди.

Ва бу тамойилларга амал қилиш тўхтамагунча юксалиш давом этди.

Мансаб, насаб, обрўй, сохта андеша каби нарсалар ўзаро бир-бирни тузатишга, камчиликларни ошкор этишга тўсқин бўла бошлаган пайтда эса юксалиш тўхтади. Зеро жамият саломатлигини, жамият ичида ҳушёрликни мудом таъминлаб турувчи тизим ишдан чиқди ва оқибатда майда-ю катта камчиликлар тўпланиб бориб, ижтимоий иллатлар миқёсига – даражасига етди ва қисқа даврда – шамол тезлигида таназзул бўй чўзди. Бундай жамият эса етакчиликка, табиийки, даъво қилолмай қолди.

Бир-бирни тузатиш келишуви бунинг аксига – тузатмасликка келишувига айланди ва ҳамманинг кўз ўнгида барча турдаги салоҳиятлар қўлдан кетди – устинликлар бой берилди.

“Биродарингнинг айбини очма!” – деган набавий кўрсатма ўзининг асл маъноси – ислоҳ маъносини йўқотиб, ислоҳга тескари маънода – лаганбардорлик, маддоҳлик, тилёғламалик йўлида ишлатила бошлади ва тез орада ҳар жабҳани нуқсону камчиликлар ишғол этди. Сохта андиша эврилиб, номини ўзгартирди ва юксак исломий тамойиллар сарҳадини бузиб кирди ва у ердаги барча нарсани вайрон этди – ҳақиқатни ҳимоя қилишдек юксак маънавий тамойил танасига шиддатли зарба берилди ва бу зарбадан у асрларга ҳушини йўқотди.

Ҳақни эмас, “катталар”нинг гапини, у қандай гап бўлмасин, тасдиқлаш миллий ўзига хосликка айланди, бу эса ҳусусан шахс ва омматан жамият онгининг ривожига тўсиқ бўлди, воқеликнинг чақириғи-ю таҳдидларига муносиб жавоб бериш имкониятидан айирди.

“Кейин нима бўлди?”

Бундан кейин содир бўлганларга айнан шу омилнинг оламшумул натижаси призмасидан қарамоқ лозим. Ўзаро бир-бирни тузатмаслик келишуви муҳитида уммат қувватини йўқотди, “жамият” тушунчаси ўзининг асл маъносини – воқелик жамият олдига қўядиган масалаларга кўпчилик бўлиб ечим топиш, ҳамма бирдек масъулиятни сезиш маъносини, функциясини йўқотди. Оқибатда жамият ичида масъулиятсизлик қарор топди, камчиликларга кўр-кўрона кўз юмиш сурункали дард тусини олди. Ишлар якка шахсларга топширилди, ишларни тафтиш этиш тизими издан чиқди, шахсларни мадҳ этиш оддий ҳолга айланди.

Оммавий масъулиятсизлик муҳити оммавий ҳафсаласизликни, уюшқоқсизликни, оммавий ғафлатни келтириб чиқарди ва бориб-бориб булар омма руҳиятини ишғол этди – миллий хусусиятларга айланди.

Бундай муҳитда ҳар қандай ички салоҳият – потенциал ва истеъдодлар “ерга кўмилди”.

***
Жамиятда табақалар юзага келди, тенглик тамойили барҳам топди, Ислом дини негизида ётган плюралистик, демократик тамойиллар амалдан қолди ва, охир-оқибат, мудҳиш иш содир бўлди – Ислом дини келтирган, таълим берган ва қарор топтирган инсон ҳуқуқлари куллияси тажовузга учради. Ҳар бир шахснинг маънавий ҳурриятини таъминловчи, етук шахсларни тарбияловчи тизим шахсий манфаатлар йўлида қурбон келтирилди. Яратганнинг ўзи ҳар бир кишига ато этган ҳурриятни инсонлар инсонлардан тортиб олди.

Бир-бирдан устун бўлиш, иссиқ-мойли жойларда мустақим бўлиш, сохта мартабани ушлаб туриш илинжида илоҳий таълимот бузиб талқин қилинди, унинг ижтимоий асос устунлари – демократик тамойиллари беркитилди.

Яккаҳокимликни маънан “қонунийлаштириш” учун сиёсий фаоллик ўта хунук, сал кам маъсият деб сифатланди, омманинг сиёсий фаоллиги сўндирилди ва алал-оқибат ўлдирилди. Авторитар тузумларнинг барпо бўлиши учун хизмат қилган ва шу ила таназзулни таъминлаб берган бундай “ҳикматли” кўрсатмалар оқил кишиларни чалғитди, пассивликка ундади, “зуҳд” тушунчасини асл маъносидан – мавриди келганда сиёсат ҳам айни зуҳд эканлиги маъносидан айирди, “ёмонликни кўрсанг уни қайтар!” деган тамойилни кучдан қолдирди, жамият эса Ислом динининг ҳаётбаҳш туҳфаси бўлмиш ижтимоий тузатувчисидан – демократик регуляторидан ажралди (бу регулятор кейинчалик ўзгалар томонидан ўзлаштирилди ва халқларни ўзгаришларга етаклади).

Оқил кишиларнинг иштирокисиз қолган сиёсат соҳаси чиркин мақсадли тоифа қўлига ўтди – миллат тақдири оқилларнинг эмас, оммавий масъулият муҳитининг эмас, балки нафс аҳлининг қўлида қолди. Ва бу, табиийки, тезда ўзининг мевасини берди – адолат мезони бузилди ва у – адолат – етишиб бўлмайдиган, ҳарчанд узалса ҳам етишиб бўлмайдиган нарсага айланди. Хиёнат, ёлғон, тамагирлик ва бошқа иллатлар ҳукм сурган муҳит, оммавий масъулиятсизлик муҳити жамиятни тубан ҳолга келтирди – маънан озод ва ақлан етуклар жамияти маънан тутқун, етти букилувчилар жамиятига эврилди.

***
Ҳақни айтишга маънан масъул бўлганлар ҳокиму амирларнинг чиркин манфаати йўлида ҳаққа озор бердилар ва бу одатий ҳолга айланди.

Жамият юз тутган чуқур инқироз ҳар қандай юксаклик айнан маънан ҳур етук шахслар томонидан таъминланишини исбот этди – сохта андиша муҳитида ўниб-ўсган етти букилувчилар салоҳият тугул, ҳеч бир сарҳад ҳимоясига ярамадилар.

“Ишбошиларингизга бўйсунинг!” набавий кўрсатмаси ҳам асл маъносини – онгли равишда, ҳар қандай вазиятда уммат сиҳатини кўзлаб оқил ишбошиларга бўйсўниш маъносини йўқотиб, онгсизларча ҳар қандай жоҳилга бўйсўниш маъносини олди ва бу бир армия таслимчи – қандай вазиятда қандай ҳаракат қилишни билмайдиган аутсайдерлар авлодини юзага келтирди.

Воқелик дини бўлмиш Ислом дини, ҳар бир вазиятда воқелик тафсилотларини ҳисобга олишни ва шу ила мудом сергак туришни, янги – креатив ғоялар ила ҳар бир янги кунни қаршилашни ўргатадиган Ислом таълимоти тубан мақсадларда консервация қилинди – ҳар қандай янги воқелик саволларига жавоби ичида бўлган “сандиқ”нинг эшиги ёпилди ва устига катта қулф осилди. Сергаклик ўрнини ғафлат, уйқу эгаллади.

Ва бу иш набавий кўрсатмаларни асл маъно-мақсадидан – ҳолатни мудом иллатлардан саломат сақлаш маъносидан бошқа маънога буриб юбориш воситасида содир этилди.

Чиркин ҳаловат илинжида содир этилган бу иш натижасида жамият иллатларга кўмилди ва кеча буюк ишларга қодир бўлганларнинг авлоди бугун ҳар ерда туртилган ҳолга келди.

***
Юз тутиб турганимиз – “етиб келган” ҳолатимизнинг сабаблари бирмунча равшанлашгандек, шундай эмасми? Таҳлилий уринишимизнинг кейинги қисми “Энди...” номланади.

(давоми бор)
Муҳаммад ШАКУР

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ҳақиқатни соғинган миллат. Ёхуд диний идорамиз қачон Президентга ёрдам бера бошлайди?