13:55 / 14.06.2018
4 407

150 минг сўм ойликка яшайдиганлар борлиги миллий фожиадан бошқа нима?

150 минг сўм ойликка яшайдиганлар борлиги миллий фожиадан бошқа нима?
Яқинда Kun.uz сайтида “Ўзбекистонда ойига 400 минг сўмга қандай қилиб яшаш мумкин?” номли мақола эълон қилинди. Унда муаллиф ҳар қандай иш берувчи ойига 426466 сўмдан кам тўламасликка мажбурлиги, бу қоиданинг натижасида хусусий сектордаги иш берувчилар атайин ойлик иш ҳақларини 500-600 минг сўм қилиб белгилаётганини қайд этар экан, «ахир ойига 500 минг сўмга кун кўриб бўлмайди» дея таъкидлайди. Муаллиф фикрида давом этар экан, «ойига 500-600 минг маош» муаммоси давлат ва жамиятнинг муаммосига айланмоғи керак» деб хитоб қилади.

Мақолани ўқир эканман, юртимизда 500 минг сўм ойлик оладиганлардан ҳам ночорроқ қатлам борлиги, улар “ноль йигирма бешлар қатлами” деб аталиши ёдимга тушиб кетди. Гап 0,25 ставкада ишлаётган ходимлар ҳақида кетаётганлигини сезган бўлсангиз керак.

Ўтган йили Facebook ижтимоий тармоғида энг кам ойлик иш ҳақи 172 минг сўм эмас, 426 минг сўмлиги ҳақида ёзган пайтим, айримлар эътироз билдириб, 150 минг сўм ойлик оладиганлар ҳам борку, алдаманг дейишганди. Кейин билсам улар ҳам “ноль йигирма бешлар қатлами”ни назарда тутишган экан.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг расмий вакансиялар базасига кириб, бўш иш ўринларини қидирдим ва 0,25 ставкалар билан танишиб чиқдим.

Вакансиялар рўйхати



Тиббиёт соҳасида



Таълим соҳасида



Техник ходимлар

Эътибор берсангиз, иш ўринлари миллий базасида 0,25 ставкалар бўйича эълонлар етарлича топилади. Ойлик иш ҳақлари эса 100 минг сўмдан 250 минг сўмгача (окладига боғлиқ).

“500 минг сўмга яшаб бўладими, бу давлатнинг муаммосига айланиши керак” деб турилган жойда расман 100-150 минг сўм ойликка яшайдиганлар борлиги миллий фожиадан бошқа нима? Тўғри, мутлақо ишсизлар олдида 100 минг сўм оладиганларнинг ҳолати яхшироқдир. Лекин расмий меҳнат бунчалар арзонга баҳоланмаслиги керак, чамамда.

“Ноль йигирма бешлар” асосан соғлиқни сақлаш ва таълим соҳасида. Бунинг келиб чиқишига бир қанча сабаблар бор. Аввало иш ҳажми катта, лекин штат кам. Иш берувчи ноилож кўпроқ одамни ишга олгиси келади. Натижада ходимлар 0,25 бўлса ҳам, 0,5 бўлса ҳам, эртадан кечгача тўлиқ ставкадаги ходимнинг ишини қилади, баъзан.

Шунингдек, ҳар йили меҳнат бошқармалари квоталанган иш ўринларини яратиш мажбуриятини қўйишади (жуда ҳам эски ва оқсоқ тизим шу). Бюджет ташкилоти агар ўзида вакант жойи бўлмаса янги иш ўрнини қаердан ҳам очарди, деган саволни ўйлаб кўришмайди. Кейин иш берувчи ноилож ставкани бўлишга мажбур бўлади. Вакансиялар базасида битта ташкилотнинг ўзида 7-8 та 0,25 ставка учун бўш иш ўрни эълон қилинганини кўриш мумкин. Хўш, шу 8та 0,25нинг ўрнига 2 кишини бутун ставкага ишга олишга нима халақит беради?

Ўз ўрнида вазиятдан келиб чиқиб таклиф берар эдимки, ставкаларни сунъий бўлишнинг қонун доирасида олдини олиш керак. Масалан, 0,25 ставкага ишга олиш учун бошқа жойда ишлаётгани ҳақида маълумотнома сўраш керак. Лекин бунинг учун аввало муносиб иш ўринлари кўпайиши керак, йўқса ставкалар яхлитланса, ишсизлар сони баттар кўпаяди.

Шунингдек, 0,25 ставкада ишлаётганларни ҳам ишсизлар статистикасига қўшиш керак. Яъни бу меҳнат бозорини реал талаблар асосида шакллантиришга ва имкони бўлиши билан “0,25”ларни тўлиқ ставкага ишга ўтказишга ёрдам беради.
Хушнудбек Худайбердиев,
ҳуқуқшунос

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » 150 минг сўм ойликка яшайдиганлар борлиги миллий фожиадан бошқа нима?