15:44 / 03.07.2018
4 888

Калининградда ўзбек аскари 73 йил олдин йўқотган қошиқ топилди (фото)

Калининградда ўзбек аскари 73 йил олдин йўқотган қошиқ топилди (фото)
Фото: Sputnik
Калининградда Николай Кисил бошчилигидаги Иккинчи жаҳон уруши жанг майдонларида қидириш ишлари олиб борадиган кўнгилли қидирувчилар отряди ўзбек аскари 73 йил олдин йўқотган қошиқни топди, деб ёзади Sputnik. Улар ушбу буюмни аскарнинг қариндошларига бермоқчи.

Қизиғи шундаки, ушбу қошиқда аскарнинг исми ва фамилияси ҳамда манзили тўлиқ ёзилган.

«Бу жуда ноёб топилма. Олдин ҳеч бир қидирувчига бунақаси учрамаган. Бундай кичик буюмга шунча маълумотни қандай қилиб сиғдириш мумкин? Биз ушбу қошиқнинг эгаси Жайнак Холматовни ва унинг яқинларини топиб қошиқни аскарнинг оиласига беришга тайёрмиз», — дейди Кисил.

Ушбу топилма Тропинино номли аҳоли пункти ёнида аниқланган. Бу ерда 1945 йилнинг март ойида ўта оғир жанглар бўлиб ўтган. Бу жой муҳим транспорт тугуни бўлгани учун немислар уни жуда кучли ҳимоя қилган. Совет аскарлари бу ерни олиш учун камида икки ой курашган. Жангларда 4 мингдан ортиқ немис аскарлари йўқ қилинган, 6 танк, 600 тўп, 30 миномёт ва 128 та пулемёт ўлжа олинган.

Қидирувчилар отряди раҳбари айтишига қараганда, дом-дараксиз йўқолган аскарларни қидириш ўта мушкул иш. Фақатгина унинг ёнида орден ва медаллари бўлса, уларнинг номерига қараб аскарнинг исми фамилиясини билиб олиш мумкин.

Қидирувчилар отряди Пятидорожное аҳоли пункти ёнида бир неча дом-дараксиз йўқолган аскарлар жасадларини топган. Уларнинг икки нафарининг исм-фамилияси аниқланган: аскарлар Камаш Бекмухамбетов ва Василий Хоботов. Уларнинг қолдиқлари қариндошлари ёнига Қозоғистон ва Беларусга жўнатилган.

Экспедиция давомида топилган буюмлар орасида ушбу қошиқ ҳам бор. Унда дастлаб фақат «Самарқанд» ва «Халматов» номли ёзувлар кўзга ташланган. Яхшилаб тозаланганидан кейин эса «Самарқанд вилояти, Пояриқ район, Буркут посёлкаси» деган ёзув кўринган.

Ёзувни ўқишда қидирувчилар раҳбари Николай Кисил ёрдам берган, чунки унинг ўзи Ўзбекистонда 38 йил яшаган ва жойлар номлари билан таниш.

Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги маълумотга асосан, қурбонлар орасида Жайнак Холматовнинг исми йўқ, демак у урушда тирик қолган бўлиши эҳтимоли катта.

«Айни дамда биз аскарнинг ушбу буюмини қайтариш мақсадида Ўзбекистондан Жайнак Холматовнинг яқинларини қидирмоқдамиз. Биз Калининград учун жангларда ўз яқинларини бедарак йўқотган ўзбекистонликларга ёрдам беришга тайёрмиз», — деди қидирувчилар.

Калининград вилоятида қидирувчилар отрядлари 20 йилдан бери фаолият олиб боради. Бугунги кунда уларнинг сони 136 кишига етган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Калининградда ўзбек аскари 73 йил олдин йўқотган қошиқ топилди (фото)