17:15 / 03.07.2018
3 921

"Чинозлик аҳмадбой"нинг андижонлик “издоши” жазога тортилди

"Чинозлик аҳмадбой"нинг андижонлик “издоши” жазога тортилди
Икки йил аввал бутун мамлакат бўйлаб тилга тушган “Аҳмадбой машмашаси” ҳали-ҳамон ўз долзарблигини йўқотмай туриб, яна бир бор худди шундай ҳолат Андижонда кузатилди.

Жори йил 10 январь куни жиноят ишлари бўйича Бўз туман суди Гуёхон Умаралиева, Баҳодир Саттаров, Алишер Ҳамидов, Гулбаҳор Исмоилова, Зафарбек Толибжонов устидан ўз ҳукмини ўқиди.

Аниқланишича, 1969 йилда Андижоннинг Қўрғонтепасида туғилган Гўёхон Умаралиева 2014 йилда “Gold Star Capital Lombard” МЧЖни ташкил этиб, уни бошқариб келган.Маълумки, ломбард мижозлардан қимматбаҳо буюмларни гаровга олиб, муайян фоиз эвазига қарз бериш билан шуғулланади. Аҳолидан дивиденд тўлаш ваъдаси билан омонатларни қабул қилиб олиш ломбардлар фаолиятига кирмайди.

Аммо кўпроқ даромад қилиш, мўмай фойда кўриш илинжи Г. Умаралиевага тинчлик бермай қўйди. У ўғли З. Толибжонов, қизи Г. Ис­мои­ло­ва, танишлари Б. Саттаров, А. Ҳа­­мидов, билан тил бириктириб, одамлардан йиллик 36-72% фоизлик устама тўлаш ваъдаси билан омонатларни қабул қилишни бошлайди.

Г. Умаралиева ўша пайтдаёқ “ҳо­там­тойлиги” ва “катта даромад”­ ваъдаси билан донг таратган Аҳмад­бойдан ибрат олганми, ё ундан ҳам аввал жаҳон миқёсида донг чиқарган Мавроди, Мейдофф сингари “пири муршид”лар изидан бордими, ҳарқалай қисқа фурсатда ўнлаб инсонларнинг ишончига кирди. Фоиз умидида кўплаб ҳамюртларимиз йиққан-терганларини қўш-қўллаб “Gold Star Capital Lombard”га келтириб бера бошлашди.

Бундай “молиявий эҳромлар” бир кунмас бир кун, албатта, қулайди. Биз ҳикоя қилаётган воқеалар жараё­ни ҳам аввалгиларга ўхшаб кетади. Бошида пул топширганлар “бир нималик” бўлиб қолади. Кейингилар эса фойда тугул ўз пулларини ҳам ололмай, ку­йиб қолаверишади.

Г. Умаралиева 2014-2016 йиллар мобайнида жами 105 кишини чув тушириб, юқори фоизли устамалар ваъдасида содда одамларнинг миллионлаб миқдордаги пулларини ўзлаштирган. Бу пулларнинг бир қисмига яқинлари номига турли ҳудудлардан кўчмас мулклар сотиб олган. У ўз шериклари билан биргаликда ўзи бошқариб турган жамият балансидаги автомашиналарни нақд пулга сотиб, бу борада ҳам ҳуқуқбузарликларга йўл қўйган.

Суд ҳукми билан жиноий гуруҳ раҳбари Г. Умаралиева олти йилу олти ой муддатга озодликдан маҳрум этилди. Унинг шерикларига ҳам тегишли тартибда қонунда белгиланган чоралар кўрилди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан тергов-суриштирув жараёнида “Gold Star Capital Lombard” МЧЖ балансидан ундирилган 114.691.404 сўм ҳисобидан жабр­ланувчиларга етказилган зарарлар қисман бўлса-да қопланди. Фуқароларнинг қарз эвазига ломбардга топширган тилла тақинчоқлари ҳам қайтариб берилди. Шунингдек, Г. Умаралиева жиноий даромадлар ҳисобидан яқинлари номига сотиб олган кўчмас мулк­лар савдога қўйилиб, сотилганидан тушган пулларни жабр­ланувчиларга етказилган моддий зарарни қоплашга қаратиш белгиланди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » "Чинозлик аҳмадбой"нинг андижонлик “издоши” жазога тортилди