21:40 / 11.07.2018
4 070

Самарқандда дўконда газ портлаши туфайли 14 яшар қиз ва 18 яшар йигит ҳалок бўлди

Самарқандда дўконда газ портлаши туфайли 14 яшар қиз ва 18 яшар йигит ҳалок бўлди
Самарқанддаги Янгиобод маҳалласидаги дўконда содир бўлган кучли портлаш икки кишининг ҳаётига зомин бўлди. Бу ҳақда «Самаркандский вестник» нашри хабар тарқатмоқда.

Қайд қилинишича, маҳаллада жойлашган дўконда 14 яшар қиз онаси ва акасининг бозорга кетгани сабаб, вақтинчалик сотувчилик қилиб турган, шунда 18 яшар бола сигарет сотиб олган ва уни шу ернинг ўзида тутатиб олишни сўраган. Ёқилган олов эса портлашга сабаб бўлган.

Танасининг 80 фоизидан ортиғи куйган ўғил ва қиз республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Самарқанд филиалининг куйиш бўлимига ётқизилди. Бироқ шифокорларнинг уринишлари зое кетди. Ўспирин фожиадан уч кун ўтиб вафот этган бўлса, тўртинчи куни қиз ҳам ҳалок бўлган.

«Марказгазтаъминот» УК бош муҳандиси Х.Бобомуродовнинг сўзларига кўра, воқеа жойида экспертиза ўтказилди. Таҳлиллар шуни кўрсатдики, маиший газ трубалар коррозияга учрагани туфайли сизиб чиққан.

«Маҳалламиз ҳудудида шимолий тақсимлаш станциясидан ғишт заводигача газ трубалари ётқизилган. Шу ернинг ўзидан ёқилғи қуйиш шохобчаларига ҳам қувурлар тортилган. Барча қувурлар юк машиналар ўтувчи автомобиль йўли тагидан ўтган. Мутахассислар газ сизиб чиққан қувур тешигини топишди. Дўкон газ тармоқларига уланмаганига қарамасдан газ тупроқ орқали, балки кемирувчилар инларидан ўтиб, хонада тўпланган. Ёқилган сигарет портлашга сабаб бўлган. Бу воқеадан сўнг «Биз порох устида яшаётгандаймиз», деб хавотирда қолдик. Ахир, исталган пайтда, исталган жойдан газ сизиб чиқиши мумкин-да», - дейди Янгиобод маҳалла фуқаролар йиғини раиси У.Пўлатов.

Нашрда келтирилишича, воқеа жойи ҳудудидан кўплаб газ трубалари ўтган. Тешик пайдо бўлган қувур Самарқанд ғишт заводларидан бирига тегишли. Уларни қоида бўйича олиб борилиши керак бўлган текшириш ишлари охирги марта қачон ўтказилгани номаълум.

Демакки, маҳаллада яшовчи деярли юз кишининг хавфсизлигига кафолат йўқ, деб хулоса қилади мақола муаллифи.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Самарқандда дўконда газ портлаши туфайли 14 яшар қиз ва 18 яшар йигит ҳалок бўлди