
Сардор Қурбонбоевнинг айтишига кўра, милиция бўлими бошлиғи уни комбайнни вақтида тузатиб қўймаганликда айблаб калтаклаган.
— Мен туман раҳбарияти топшириғига кўра, — дейди фермер. — «Пасткичақир булоғи» фермер хўжалигига қарашли майдонлардаги донни йиғиштириб олиш учун ажратилган комбайнга масъул этиб тайинландим. Аммо текшириб кўрсак, комбайн ишга яроқли эмаслиги маълум бўлди. Комбайн ҳайдовчиси янги эҳтиёт қисмлар олиб келди. Комбайнга тушмади. Бир маҳал туман милиция бўлими бошлиғи Илҳом Сулаймонов тепамизга келди-да, 1 соат ичида қандай бўлмасин комбайнни ишга тахт қилиб қўйишимизни тайинлади.
— Икки соатдан кейин у прокурор ва туманимиз раҳбари билан келди. Олдин туман раҳбари бизни сўроққа тута кетди ва ҳақорат қила бошлади. Унинг кетидан милиция бўлими бошлиғи яқин келди-да, фермер хўжалигининг Музаффар исмли ишчисини икки марта тепди. Сўнгра қишлоқ хўжалиги туман бўлими ходими Ўткир Омоновни «Вей, ифлос, нега буларингни назорат остига олмайсан?», деганча тарсаки туширди. Кетидан оёқ зарбаларини йўллади. Кейин эса Сулаймонов менга яқинлашиб ҳақорат қила кетди. Кутилмаганда бурним аралаш мушт туширганди, мен йиқилиб тушдим. Шундан кейин милиция бўлими бошлиғи мени тепки билан «сийлай» бошлади. Фақат бурнимдан шариллаб қон оқа бошлагачгина тепкилашдан тўхтади. Шунда ҳам менга нафрат аралаш боқиб, комбайн томон кетди. Очиғи, у бизни ҳақоратлаб, калтаклаган пайт оғзидан ароқ иси анқиб турганди…
Гувоҳлардан бирининг айтишича, бўлиб ўтган жараённи туман раҳбари ва прокурор тек туриб томоша қилишган.
— Илҳом Сулаймонов маст ҳолатда келиб ишчиларни аёвсиз калтаклади, — деди исми-шарифи сир тутилган гувоҳ. — Сардорнинг бурнини синдириб ташлади. Ҳаммаларини оғзига келган сўзлар билан ҳақоратлади. Уни қонига ботган ҳолда ер майдонининг ўртасида қолдирди-ю, ўзи туман раҳбари ва прокурор билан бирга жўнаб кетди. Сардор кўп қон йўқотиш натижасида ўлиб қолса нима бўларди? Милицияда ишлайдиганларнинг умуман инсофи қолмабди…
Сардор Қурбонбоев ўша куниёқ касалхонага ётқизилган. Касалхонада уни рентген қилишди ва бурун суяклари синганини тасдиқлашди. Жабрланувчи Жиззах вилоят прокуратураси, давлат хавфсизлик хизмати ва республика ички ишлар вазирлигига шикоят аризаси билан мурожаат этган. 17 июл куни кўрсатма бериш учун вилоят прокуратурасига чақирилган. Ўша куни прокурорга суд-тиббий экспертизаси хулосасини тақдим этган.
Журналистлар туман милиция бошлиғи билан боғлана олишмади. Лекин Янгиобод туман раҳбари Икром Матиев туманда Сардор Қурбонбоев деган фермер умуман йўқлиги, ҳеч қачон бўлмаганини айтди.
Шу ўринда алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, туман раҳбари қанча тонмасин, бу ишни Ўзбекистон бош прокуратураси ўз назоратига олган.
Манба: hordiq.uz «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар