20:08 / 23.07.2018
7 189

Шифокор нега Соғлиқни сақлаш вазирини ёмон кўришини маълум қилди

Шифокор нега Соғлиқни сақлаш вазирини ёмон кўришини маълум қилди

Шифокор Абдулазиз Акрамов ижтимоий тармоқдаги саҳифасида Соғлиқни сақлаш вазирининг иш фаолияти юзасидан қатъий муносабатини билдирди. Унда, нафақат, оддий шифокорнинг, балки бутун соғлиқни сақлаш тизимининг ачинарли аҳволи ифодасини топган. Қуйида вазирга ёзилган очиқ хатни тўлалигича эътиборингизга ҳавола этамиз.

Аниқ эслолмайман, Алишер Навоийнинг қайсидир асарида табибнинг бемор олдига келиш саҳнаси бор. Унда табиб отда, зарбоф тўн кийган ва қўлида қимматбаҳо узуги бор қилиб тасвирланган. Тасвирдан кўринадики, табиб ўзига тўқ киши бўлган.

Ўзи мундоқ юзаки тарихни ўрганиб кўрилса ҳам ҳамма даврларда шифокор табиблар эл олдида ҳурматли ва ўзига тўқ кишилар бўлган. Лекин мустақиллик йилларига келиб бу ҳол 180 градусга ўзгарган.

Институтда ўқиб юрган пайтларимизда сиз Урология кафедраси мудири эдингиз. Аниқ эслайман: бир тадбирда шифокор бурчи ва вазифалари хақида гапириб, шифокор моддий манфаатни кўзлаб иш қилмаслигини уқтиргандингиз. Ва мавзудан бироз четланиб келажакда бизни яхши ҳаёт ва шарафли касб кутаётганини ва ҳали биз ҳурмат, моддий таъминотдан умуман танқислик кўрмаслигимизни айтиб бизни руҳлантиргандингиз.

Кейинроқ сиз ректор бўлдингиз. Моддий эҳтиёжи туфайли инсофини унутган бир қанча устозларнинг асл қиёфалари бизга ҳаётда доим билим, тўғрилик билан яшаб бўлмаслигини ва пул кўп нарсани ҳал қилишини жуда чиройли тушунтирди.

Аммо институтни битирмагунча осмонларда учиб юравердик. Тўланаётган контрактлар ортида оила аъзоларимизни қанчадан қанча меҳнати, умидлари ва орзулари бор эди. Биз институтни битиргач, бу сарфланган орзу-умидлар ва моддий камчиликни ортиғи билан қоплашга ишонардик. Афсуски чучварани хом санаган эканмиз.

Етти йиллик ўқиш даврида ҳар йили пахта мавсуми бошланиши биланоқ 2 ойга пахтага кетардик. Математикани сал-пал билган одам ҳам 7 йилда 2 ойдан пахтага чиққан одамнинг 14 ой умри пахта даласида ўтиб кетганлигини жуда яхши тушунади… Ҳолбуки биз 14 ойга ҳам контракт тўлардик. Бир-биримизга ҳазиллашиб “агар шифокор бўлмасак, фермер бўламиз”, дер эдик.

Энди мавзуимни моддий манфаатдан бошлаганим сабабини айтиб берсам. Бундан аввалроқ ҳам шунга ўхшаш мақола эълон қилгандим.

Ҳозирги кунда давлат бюджети таъминловчи ташкилотлар ичида энг касбий тарафдан ноҳақлик қилинаётган соҳа бу тиббиётдир!

Оммавий ахборот воситаларини доим кузатиб бораман. Жуда камдан-кам ҳолларда шифокорларнинг нолиган мақолаларига кўзим тушади.

Бунинг сабабини мен қуйидагилар деб ўйлайман.

1) Шифокор қасамёди. Бунда моддий манфаатсиз даволайман, деган банд бор;

2) Етти йиллик таълим;

3) Ҳафсаласи пир бўлган шифокорлар

Гиппократ ва Гален даврида тиббиёт гуллаб яшнаган. Бундан бир ярим минг йил аввал. Чунки у қулдорлик даври бўлган. Шифокорлар ўзига тўқ бўлгани учун фақат даволаш билан машғул бўлган. Улар ижара тўлайман, коммуналка тўлайман, оила боқаман, деган хаёллардан фориғ бўлган.

Масалан, 7 йиллик таълимни тугатган УАШ (умумий амалиёт шифокори) фаолиятига енгил назар ташласак. Қанақадир 740 минг ойликка УАШ

1) 5- 6 минг аҳолиси бор (қонунда 1200 нафар) участкага боши билан жавоб беради. Шу қисмнинг ўзиёқ қул эканлигини кўрсатади;

2) Ҳар ой УАШлар ўзига тегишли ҳудуддан 10- 12 нафар аёл бачадонига БИВ контрацепция (спирал) қўйишга мажбур. Бўлмаса ойлигидан қирқилади. Қалбаки ҳужжатлар шу ердан пайдо бўлади.

3) Ҳар ой 2-3тадан ИЖК (ихтиёрий жаррохлик контрацепсияси – тухумдон йўлларини бойлаш) қилдириши керак. Бўлмаса ойлик қирқилади.

4 ) Ўлимга справка бериши керак. Отчётларни тўлдириб бормаса, ойлигидан қирқилади

5) Режаланмаган туғруқ бўлса, ойлигидан қирқилади.

6) 0 ёшдан 150 ёшгача, ҳомиладор, бола, қария фарқи йўқ. Ҳаммасини даволаши керак. Хато қилса ойлигидан қирқилади, шарманда қилинади.

7) Ҳар куни ишдан кейин чақирувларга уйма-уй бориб даволайди. Сабабсиз боролмаса, ойлигидан қирқилади.

8) Участкада бирор болани ичи кетса, гепатит бўлиб қолса, ойлигидан қирқилади

9) Бемор анкетасига келса-келмаса ёзиб бориш керак бўлмаса ойликдан қирқилади.

10) Ўтирган хонангни ёнингдан ремонт қилмасанг, гул, парда, плакат илмасанг, ойлигингдан қирқилади.

11) Бемор чўнтагингга ойда бир марта 3-4 минг солиб қўйса ва бундан бош шифокор хабар топса, бизга узатмаяпсан, деб ойлигидан қирқилади.

Санаганларим 10 дан бири холос.

Энди Алишер Қаюмович, сизни нега ёмон кўришимни асосласам.

Бу ёмон кўришим шахсий адоват туфайли эмас, бутун бир миллат шифокорларининг шарафини ҳимоя қилиб, улар учун ҳеч нарса қилмаётганингиз сабабли.

Қанақадир ускуналарга 60 миллиард иқтисод қилиб президент олдида очко олдингиз, аммо шифокорларингиз шароитини яхшилашга нима қилдингиз?

Эл ҳозир шифокорларни порахўр, билимсиз, қўпол деб хисоблайди. Нега қўпол, чунки ишдан кўнгли совуган, беморларни даволагиси келмайди.

Нега порахўр, чунки қоровулни ойлигини олади ва қулдек ишлайди.

Нега билимсиз, сабаби 2 йиллаб пахтага чиқиб порахўр домлалар қўлида ўқиган.

Ҳозирги кунда жадал ўзгаришлар бўлаётган пайтда Халқ таълими вазири ва халқ гапиравериб ходимини ойлигини оширди, имтиёзлар жорий қилмоқда. Сиз нима қилдингиз? Фейсбукда жавоб бермайдиган профилингиз ва Дима Қаюмнинг уйига бориб очко олишдан бошқа?

Тўғри бошқалар наздида калта ўйлаётгандай туюлишим мумкин. Фақат вазирга боғлиқмас, деган баҳоналар ҳам ўтмайди. Сизга боғлиқ бўлмаса, кимга боғлиқ. Ҳарбий, ўқитувчидан нима кам жойимиз бор бизнинг?

Ойликни кулгули қилиб оширишни кераги йўқ. Қайта кўриб чиқиш керак ҳаммасини. Миллатни касал қилиб, дорига ўтирғизишда катта ҳисса қўшяпсиз.

УАШ тизимини бекор қилиш керак. Қоғозбозлик, мажбурий меҳнатни умуман йўқотиш керак. Ойликни камида 5 млндан бошлаб ташкил этишга ҳаракат қилишингиз ва имтиёзлар жорий қилишга ҳаракат қилиш зарур.

Лекин сиз буларни қилмайсиз. Шунгаям ёмон кўраман сизни!

Агар ёзганларимни ўқисангиз, шифокорлар аҳволини яхшилашга бугундан қаттиқ киришинг ёки бошқа киришадиган кишига ўрнингизни бўшатинг.

Институтда “иқтисодиёт назарияси” деган фан ўқитилган бизга. Жуда яхши ўқитувчимиз бўларди. Бир курсдошим “бизга иқтисодиёт нега керак?” деганида ўқитувчимиз “Агар шифокор бўлиб оила боқа олмасанглар, бозорни ўрганиб олишларинг учун” деганди. Ўзларининг турмуш ўртоқлари ҳам шифокор эканликларини кейинроқ билганмиз. Бир дарсда шифокор, бош врачлар, бўлим мудирлари қандай пул топиши мумкинлигини (ноқонуний) ҳазил аралаш айтиб бергандилар.

Иқтисод муаллимимиз нақадар ҳақ бўлиб чиқди. Айни кунлардаги шифокорлар оиласини боқа олмаяпти. Шунинг учун ҳам сизни ёмон кўраман.

Хулоса сиздан.

P.S. Айтганча ўша иқтисодиёт назарияси ўқитувчимиз турмуш ўртоғингиз Гулбаҳор опа Шодмонова эдилар.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)