09:28 / 24.07.2018
6 359

Итдай хор бўлиб ўлди!

Итдай хор бўлиб ўлди!
Эшмат биринчилардан бўлиб партияга аъзо бўлди. Компартияга садоқатини исбот қилиш учун аёли ва икки қизини колхоз клубига лозимсиз, рўмолсиз олиб чиқиб, йиғилганлар олдида: «Мана, мен ислоҳотни ўз уйимдан бошладим. Эскилик сарқитларидан қутулиб, эркин нафас олиб яшаш пайти келди. Яшасин револуция, яшасин комунистик партия» деди. Уни ўзига ўхшаган бир икки сотқинлар олқишлаб мақташди.

Эртасидан бошлаб Эшмат бошига шляпа кийиб, билагига қизил латта боғлаб юрадиган бўлди. Энди ундан яқин улфатлари ҳам чўчиб узоқлашадиган бўлди. Қайси бир диндор хонадонга КГБ ходимлари келса уларнинг олдида Эшмат бўларди. Табиий ана шу хонадондан катта ёшдаги эркаклар қамалар ёки сургун қилинарди. Шунинг учун кўчада тўпланиб гаплашиб турган кишилар узоқдан Эшматни кўрсалар тезлик билан тарқалиб кетишарди. Шундай қилиб Эшматнинг компартияга холисона хизмати билан тез орада эркак киши қамалмаган уй қолмади.

Кўпчилик уни орқасидан, баъзилар эса ошкор юзига қарғайдиган бўлди. Ёшлари етмишдан ошган қишлоқ Мулласини уйига бостириб кириб: «Мана шу дарвеш йўқ бўлмагунча қишлоқда тинчлик бўлмайди» деб, мўйсафид домлани соқолларидан судраб ҳовлига олиб чиқди. Қария онахон ва қўшни аёлларнинг ялинишига қулоқ ҳам солмади. Мўйсафид домлани ерга ётқизволиб тепкилади. Кейин ичкарига кириб икки учта эски китобларни опчиқиб ерга ташлаб ёқмоқчи бўлди. Домла бува чидаб туролмай ўзларини китоблар устига ташлаб: «Ёқсанг мана мени ҳам ёқ» дедилар. У яна у кишини соқолларидан чангаллаб кўтариб улоқтирди. Соқоллари юлинган, юзлари қонга беланган домла бува энди Эшматни оёғига маҳкам осилиб ялина бошладилар.

Лекин у ифлос олдингидан-да дарғазаб бўлиб, тепкилай бошлади. Домла бува юзларини икки қўллари билан тўсганча инқиллаб ётардилар. Ҳеч ким журъат қилиб ажратолмас эди. Охири у китобларни ёқиб, кул бўлгунича устида турди. Бошларини зўрға кўтарган домла бува чидаб туролмай дод деб йиғлаб: «Итдай хор бўлиб ўлгин, итдай хор бўлгин» деб қарғадилар. У яна урмоқчи бўлиб келаётганда кўчадан кириб келган бир икки отахонлар тўхтатиб қолиб: «Ҳай ҳай Эшмат, уялмайсанми, ўрисам санчалик қилмайди. Ҳали устингдан арз қиламиз. Сан ўзи кимсан? Чиқ бу ердан» деб, кетказиб юборишди.

Бир неча кун ўтиб домлабува оламдан ўтдилар. Лекин дуолари аллақачон ижобат бўлган эди. Бу иймонсиз муртад оилани Аллоҳ хорлаб қўйди. Олдинига аёли Эшмат бирга ичиб юрадиган улфати участкавой Серёжа билан шаҳарга кетиб қолди. Қизлари ҳам ёши ўтиб қолиб эр олмасдан ўзларига ўхшаган комсомол боллар билан уйларида кайфу сафо қилиб юрадиган бўлди. Охири ичволиб дуч келган одам билан уришаверадиган одат чиқарган Эшмат партиядан ҳам ҳайдалиб, ишдан ҳам кетди. Қизлари ҳам алкаш отани ўзларига ортиқча билиб уйга киргизмай қўйишди. Чунки уларга ҳам халақит берарди.

Энди у ичволиб кўчаларда ётиб юрадиган бўлди. Гоҳида думалаб ариқларда балчиққа беланиб ётарди. Бир марта йиқилиб кўзига чўп кириб кетиб, кўзи оқиб тушиб шапкўр бўлиб қолди. Ўлган куни ҳам маст ҳолда ариққа йиқилиб боши балчиққа ботганча роса бир кун қолиб кетди. Садоқатла хизмат қилган компартиясидан ҳам, қариндошларидан ҳам ҳеч ким келмади. Охири қишлоқдан уч тўрт киши жасадини шундайлигича олиб бориб қабристон деворининг орқа томонига кўмиб келишди. Ҳақиқатда итдай хор бўлиб, итдай хор бўлиб ўлди.

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Итдай хор бўлиб ўлди!