23:53 / 24.07.2018
3 734

Аёлдан “муаммосини дуолар орқали ҳал қилиш” учун 1500 АҚШ доллари олган “фолбин”...

Аёлдан “муаммосини дуолар орқали ҳал қилиш” учун 1500 АҚШ доллари олган “фолбин”...
Бухорода ўғлини ҳарбий қисмга ишга жойлаштириш ниятида юрган аёлдан “муаммосини дуолар орқали ҳал қилиш” эвазига 1500 АҚШ долларини олган “фолбин” ва унинг ҳамтовоғи қўлга олинди.

Фуқаро Д.Камолованинг аризаси асосида олиб борилган терговга қадар текширувлар давомида аниқланишича, Ғиждувон туманида яшовчи фуқаролар Қудратов Нурилло Ҳикматуллаевич ҳамда Эргашев Бозор Рамазоновичлар олдиндан ўзаро жиноий тил бириктириб, фуқаро Д.Камоловани алдаш ва ишончини суистеъмол қилиш йўли билан, ғараз ва паст ниятда унинг мулкини қўлга киритишни кўзлаб, ўғли Ф.Бўроновни Қарши шаҳридаги 59-сонли ҳарбий қисмга ишга жойлаштиришни ваъда қилиб, 1500 АҚШ долларини талаб қилиб олиб, фирибгарлик жиноятини содир қилишган.

Ушбу жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари ва бунга шароит яратиб берган омиллар ўрганилганда, фуқаро Нурилло Қудратов узоқ йиллардан буён фолбинлик ва табиблик билан шуғулланиб келаётганлиги, ўзининг ва оиласидаги муаммоларини “дуо ўқитиш”, “фол кўрсатиш” орқали ҳал этишга муккасидан кетган Д.Камолова эса “фолбин жаноблари”нинг уйига тез-тез бориб дуо ўқитиб келишга одатланганлиги аён бўлган. Бундан ташқари, аёлнинг барча муаммоларидан хабардор бўлган ва унинг содда, ишонувчан эканлигидан фойдаланган “Нурилло фолбин” эса, ўзининг таниши бўлган “ҳожатбарор” Бозор Эргашевни у билан таништириб, гўёки, ўғлини ишга жойлаштира оладиган “амалдор”ни топиб бериб, уни алдаб, пора беришда далолатчилик қилганлиги, 1500 АҚШ долларини қўлга киритган Бозор Эргашев эса, салкам 8 ойдан буён аёлни лақиллатиб, ўғлини ишга жойлаштирмасдан, олган пулларини ҳам қайтариб бермасдан, ушбу пулларни ўзининг эҳтиёжлари учун сарфлаб юборганлиги аниқланди.

Мазкур ҳолат юзасидан Қудратов Нурилло Ҳикматуллаевич ҳамда Эргашев Бозор Рамазоновичларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси 2-қисми ва 28-211 моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, Шофиркон туман прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)