15:00 / 04.08.2018
4 636

Террорчилик ҳаракати аъзоси бўлган аёллар фарзандлари билан Ўзбекистонга қайтарилди (видео)

Террорчилик ҳаракати аъзоси бўлган аёллар фарзандлари билан Ўзбекистонга қайтарилди (видео)
Тинчлик-осудаликнинг қадрига етмай олисдан бахт излаганлар нимага эришяпти? Бу ҳақда бири 20 йил, иккинчиси 7 йил илгари яқинларининг қистови билан Ўзбекистонни ташлаб, бегона юртларга чиқиб кетган аёлларнинг аччиқ қисмати ҳақида “Ёшлар” телеканалида лавҳа кўрсатилди.

Қидирувда бўлган бу икки аёл Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳрида бўлган Ўзбекистоннинг консуллиги ва ДХХ ходимларининг саъи-ҳаракати билан ўз юртига қайтарилди ва Термиздаги чегара постида кутиб олинди.

1973 йил Хива шаҳрида туғилган Зумрад Аллаберганова 1997 йилда турмуш ўртоғининг қистови билан “Ўзбекистон ислом ҳаракати” террористик ташкилотига аъзо бўлган. У ўз юртини ташлаб Тожикистон орқали Афғонистонга, у ердан сўнг, Покистонга ўтиб кетган. Зумрад Аллаберганова умрининг энг мазмунли йилларини сарсон-саргадонликда, минг бир азоб билан ўтказди. Бир эмас бир неча бор эрга тегиб, уларни жанггоҳларда тупроққа қўйди.

Туғилган 6 нафар фарзанди, 1 нафар набирасини дарбадарликда катта қилган бу аёл ўзини аччиқ қисматга гирифтор қилди.

“Ўзбек аёллари жуда кўп ичимизда. Уларнинг ҳаммасини сабр-косалари тўлган. Лекин қайтишнинг иложи йўқ. Майли бомба келиб тушадими, ўқ тегадими, деб ўтиришипти. Орамизда еттимлар кўп. Пулга учган десангиз, пул йўқ у ерда. Бир йиллаб, бир ярим йиллаб бир тийинсиз қўяди. Ҳижратга чиқсанг жаннатий бўласан деган сўзларга учяптилар”, дейди З.Аллаберганова.

28 ёшни қаршилаган Сурхандарёлик Рухсора Жўраева бундан 7 йил олдин акасининг алдовларига учиб, чет элга ишлаш учун боради. У ерда сохта даъватлар билан “Ўзбекистон ислом ҳаракати” террористик ташкилотига қўшилиб қолади. Шу кундан бошлаб Рухсора учун дарбадарликнинг, сарсон-саргардонликнинг ачччиқ қисматлари бошланади.

“Бошизда эркак киши йўқ. Фақат кунимиз уёқдан-буёққа кўча-кўч билан ўтади. Бир ой бир жойда яшайсизми йўқми жанг бўлади, яна бошқа жойга кўчамиз. Шунақа бўлиб юрганмиз. Кетишни хоҳлардим, паспортим йўқлиги сабаб кетолмасдим”, дейди Р.Жўраева.

Расмийлаштириш ишлари тугаганидан сўнг, улар Термиз шаҳридаги Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрасатиш марказига олиб борилди. Бу ерда малакали шифокорлар томонидан тиббий кўрикдан ўтказилди.

Ҳар икки аёл ҳам тилхат орқали яқинлари бағрига қайтарилди.

Ушбу воқеалар акс этган видеолавҳани қуйидаги ҲАВОЛА орқали кўришингиз мумкин.

Ҳозирда тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Террорчилик ҳаракати аъзоси бўлган аёллар фарзандлари билан Ўзбекистонга қайтарилди (видео)