23:37 / 03.09.2018
4 056

Ақтўбеда машъум автобус иши бўйича суд бошланди

Ақтўбеда машъум автобус иши бўйича суд бошланди
Жиноий ишлар бўйича туманлараро ихтисослаштирилган судда Ақтўбе областидаги йўлда фожиали ҳалок бўлган 52 нафар Ўзбекистон фуқароси бўйича иш юзасидан жараён бошланди.

Суд жараёнига Ўзбекистоннинг ҳалок бўлган 52 нафар фуқароси қариндошлари келган. Уларнинг билдиришича, фарзандлари ҳали тирик, Бу ҳақда Вnews.kz'га таяниб, Kun.uz хабар қилмоқда.

Юлдуз Ғаниева ушбу фожиа оқибатида бирданига икки нафар яқини - ўғли ва набирасини йўқотди. Унинг сўзларига кўра, уларнинг телефонлари ҳали ҳам ишламоқда. У ҳалок бўлганлар рўйхатига тушган яқинларига доимий равишда қўнғироқ қилади, лекин уларнинг телефонлари жавоб бермайди.

«Биз улар ҳалок бўлганига ишонмаймиз. Улар тирик. Ўғлим ва набирамнинг телефони ҳали ҳам ишламоқда, лекин жавоб бермаяпти. Кўпчиликнинг телефонлари ишлаяпти. Одамлар ёниб кетди, лекин телефонлар ёнмаган. Бу қандай бўлиши мумкин? Демак, улар тирик. Улар, эҳтимол, қулликда бўлиши мумкин», - дея маълум қилди у судда.

Бошқа жабрланувчилар ҳам худди шу фикрда. Бундай тахминлардаги асосий далил шундаки, уларга ҳалок бўлган яқинларининг жасад қолдиқлари ва ўлимни тасдиқловчи таҳлиллар кўрсатилмаган. Фожиали ўлим топган ўзбекистонликларнинг қариндошлари сўзларига кўра, одамларни ёпиқ тобутларда олиб келишган ва дафн этишган.

Дарвоқе, жабрланувчилар жараёнга автобусда келиб, Ақтўбедаги ижарага олинган квартираларда жойлашдилар. Улар адвокатларни ёллашмади, бироқ Ўзбекистон элчисидан судга келишни сўрашган.

«Биз элчихона вакилини талаб қиламиз, у бизнинг ҳуқуқларни ҳимоя қилиши лозим. Биз адвокатларни ёлламаганмиз. Аллоҳ - бизнинг адвокатимиз. Чунки фақатгина Аллоҳ буни кўрди», - дея маълум қилишган улар.

Судланувчилар ўрнида Жанубий Қозоғистон вилоятидан бўлган уч нафар автобус ҳайдовчиси қатнашмоқда. Тергов органлари уларни транспорт воситасидан нотўғри фойдаланиш ва йўл ҳаракати қоидаларини бузишда айблашмоқда.

Аммо айбланувчилар, худди уларнинг қариндошлари каби, айбни тан олишмаяпти. Уларнинг фикрича, улар билан бирга даҳшатли фожиада омон қолган икки нафар ўзбекистонликни ҳам суд қилиш керак.

«Менинг акам Максат Пернебековни суд қилишмоқда, гарчи у ухлаб ётган бўлган. Фожиа юз берганида уйғонган ва автобусдан сакраб тушиб, тасодифан омон қолган. У куйиш жароҳатларини олди. Нима учун фақат уч ҳайдовчини айблашмоқда? Нима учун омон қолган икки нафар ўзбекистонлик қўлга олинмади?», - дейди судланувчининг опаси Нуршат Пернебекова.

Ҳалок бўлган ўзбекистонликларнинг яқинлари эса бошқача фикрда. Улар судланувчилар учун энг оғир жазони талаб қилишмоқда. Нашр маълумотларига кўра, ҳалок бўлган ўзбекистонликларнинг ота-оналаридан икки нафари қайғуга бардош бера олмай вафот этган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ақтўбе фожиаси бўйича суд ишни кўриб чиқишни кейинга қолдирганди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ақтўбеда машъум автобус иши бўйича суд бошланди