21:25 / 27.10.2018
4 505

ДХХ томонидан гиёҳвандлик моддалари савдосининг олди олинди (видео)

ДХХ томонидан гиёҳвандлик моддалари савдосининг олди олинди (видео)
Юртимизда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан гиёҳвандлик моддалари савдосининг олдини олиш бўйича мунтазам чоралар кўрилмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири Давлат хавфсизлик хизмати Фарғона вилояти бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилди.

Қўқон шаҳрида истиқомат қилувчи Мирзоҳид Охунов “Андархон” чегара пости орқали қўшни Тожикистон Республикасига ўтиб, у ерда 4 минг АҚШ доллари эвазига опий гиёҳванд моддасини харид қилади ва жиноий шериги, Қўқон шаҳрида яшовчи Улуғбек Қаюмовга телефон қилиб, мазкур гиёҳванд моддани Қўқонга етказиб беришни сўрайди. Улуғбек Қаюмов гиёҳванд моддаларни Бекобод шаҳридан олиб келаётган вақтда Чағали қишлоғи яқинида қўлга олинди. Қаюмовнинг таниши бошқарувидаги машинада 1 килограмм 984 грамм опий моддаси борлиги аниқланди ҳамда ашёвий далил сифатида расмийлаштирилди. Олиб борилган тезкор суриштурувлар давомида Мирзоҳид Охунов ҳам қўлга олинди.

Яна бир шундай ҳолатнинг олди олинди.

Марғилон шаҳрида яшовчи, муқаддам судланган Ҳошим Иброҳимов Қувасой шаҳридан Фарғона шаҳрига кириб келаётганида тўхтатилди. Қилмиши фош бўлаётганидан безовталанган Иброҳимов машинадан тушиб, қўлидаги буюмни кўчага улоқтириб, қочиб кетаётган вақтда қўлга олинди.

Унинг жиноий шериги Марғилон шаҳрида яшовчи Дониёр Маҳмудов эса, воқеа жойидан қочиб кетди. Аммо, олиб борилган тезкор тадбир давомида у Марғилон шаҳрида қўлга олинди.

Иброҳимов томонидан улоқтирилган буюм холислар иштирокида кўздан кечирилганда, целлофан пакетга ўралган 672 грамм оғирликдаги "гашиш" гиёҳванд моддаси экани аниқланди.

Терговолди суриштирувлар жараёнида Иброҳимов ва Маҳмудов "гашиш" моддасини қўшни Қирғизистон Республикаси ҳудудида сотиб олиб, Қувасой шаҳрининг Полмон қишлоғи яқинидаги айланма йўл орқали мамлакатимизга олиб ўтгани маълум бўлди.

Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан Давлат хавфсизлик хизмати Фарғона вилояти бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 246, 273-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » ДХХ томонидан гиёҳвандлик моддалари савдосининг олди олинди (видео)