18:05 / 29.10.2018
4 883

Бош прокуратура: "Оққўрғон воқеаси айбдорлари мансабидан қатъи назар жавобгарликка тортилади"

Бош прокуратура: "Оққўрғон воқеаси айбдорлари мансабидан қатъи назар жавобгарликка тортилади"
Ўзбекистон бош прокуратураси Оққўрғон воқеаси бўйича расмий баёнот берди. Бу ҳақда Turon24га Бош прокуратуранинг матбуот хизмати раҳбари Сурайё Раҳмонова маълум қилди.

“Бош прокуратура бу ҳолатни текширмоқда, қатъий айтишимиз мумкинки, бундай ҳолатнинг юзага келишида айбдор бўлган шахслар, мансаби ва даражасидан қатъи назар тегишлича жавобгарликка тортилиши таьминланади”, – дейилади баёнотда.

Ижтимоий тармоқларда уст-бошини ечмасдан ариққа тушиб, тизза бўйи сувда турган олти эркакнинг сурати кенг тарқалган, кейинчалик воқеа 25 октябрь куни Тошкент вилояти Оққўрғон туманида рўй бергани, суратдаги олти киши буғдой вақтида суғорилмагани учун жазолангани ҳақида хабарлар пайдо бўлганди.

Ўзбекистонликлар ўртасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётган воқеа бўйича Turon24 суриштирув ўтказди.

Оққўрғон тумани ҳокими Фарҳод Омоновнинг айтишича, 25 октябрдаги воқеа иккита фермер хўжалигида ғалла экилганига 15 кун бўлгани ҳолда унинг ҳалигача суғорилмагани сабаб бўлган. “Мана, сув бўла туриб нима учун суғормадинг?” деган саволга жавоб бўлмагандан кейин қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича муовиним ўзи сувга тушиб кетган. Сувга тушгандан кейин ҳалигиларга: “Мана, сув бор-ку, нима учун қўймаяпсан?” деган ва “Туш буёққа!” деб уларниям сувга туширган”, – дейди ҳоким. Фарҳод Омоновга кўра бу ҳатти-ҳаракати учун прокуратура томонидан Шерзод Муродов энг кам иш ҳақининг беш баробари миқдорида маъмурий жавобгарликка тортилган.

Ҳоким ўринбосари Шерзод Муродов ваколатини суиистеъмол қилиб одамларни сувга тушишга мажбурлагани учун эмас, балки бошқа сабабга кўра маъмурий жавобгарликка тортилганини айтиб ўтди:

“Фермер хўжалигининг олиб бораётган иши вақтида ва етарли даражада назорат қилмаганимиз учун, белгиланган муддатда агротехник тадбирларни бажармаганимиз, вақтида суғоришни ташкил қилмаганимиз учун мана шунақа маъмурий жазо берилди. Мендан ташқари туман қишлоқ хўжалиги ва сув хўжалиги бўлимларининг бошлиқлари ҳам маъмурий жавобгарликка тортилди”.

Айрим оммавий ахборот воситаларида қайд этилишича, ижтимоий тармоқларда қўлма-қўл бўлаётган суратда акс этган олти кишини бош вазир ўринбосари Зойир Мирзаев ариқда оқаётган совуқ сув ичида ярим соат туришга мажбурлаган. Оққўрғон ҳокимининг ўринбосари Шерзод Муродов Turon24 билан суҳбатда уни ҳеч ким бу ишга мажбурламаганини, сувга ўзи тушганини, қолганлар ҳам унга эргашганини, бу жуда ғалати иш бўлганини қайта-қайта таъкидлаган. Оққўрғон тумани ҳокимига кўра бош вазир ўринбосари Зойир Мирзаев ўша куни суратга олинган жойда бўлмаган.

Бироқ ижтимоий тармоқларни кезиб юрган суратдагилардан бири – “Толовул” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Зокир Исабеков бошқача маълумотни айтган. Унинг маълум қилишича, “ўша куни Зойир Тоирович(бош вазир ўринбосари Зойир Мирзаев назарда тутилмоқда – Turon24)нинг гуруҳи текширувга келган". Бироқ Зокир Исабеков нима учун ёки кимнинг буйруғига кўра сувга тушгани, ким суратга олганини айтишни истамади.

Сувга тушган олти кишидан тўрттаси – туман сув хўжалиги бўлими бошлиғи Тоҳир Мирзакаримов, туман қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи Шароф Аҳмедов, “Мавлонбой ота” фермер хўжалиги раҳбари Раҳмон Мавлонов, “Абдуносир Ғулом” фермер хўжалиги раҳбари Ғулом Ҳусанов билан гаплашишнинг имкони бўлмаган.

Суриштирув давомида воқеа иштирокчилари ва мутасаддилар ариқда сув бўла туриб ғалла майдони нега суғорилмагани ёхуд бунга кимнингдир тўсқинлик қилганига ҳам ойдинлик киритишмаган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Бош прокуратура: "Оққўрғон воқеаси айбдорлари мансабидан қатъи назар жавобгарликка тортилади"