date
views 3 307

Зокир Раҳимов иши: у ўзбек халқи ва Президентидан кечирим сўради

Зокир Раҳимов иши: у ўзбек халқи ва Президентидан кечирим сўради
Фото: Kun.uz
Жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят судида ЎзР ЖКнинг ўта оғир моддалари бўйича айбланаётган Зокир Раҳимов устидан олиб борилаётган суд иши ўз ниҳоясига етиб қолди. 2018 йил 29 октябрь куни бўлиб ўтган суд мажлисида судланувчи З.Раҳимовга ҳукм ўқилишидан аввалги сўнгги сўзини айтиш имконияти берилди, деб хабар қилмоқда Kun.Uz’нинг маҳкама жараёнида қатнашаётган мухбири. У ўзига нисбатан айрим моддалар бўйича айбловларни содир этганини инкор этар экан, баъзилари бўйича ўзбек халқи ва Президентидан кечирим сўради.

Судланувчи сўнгсўзини айтар экан, суд раисига мурожаат қилиб, қамоқ жазоси бўлмаган жазо тайинлашни сўради. Бунинг учун қуйидаги ҳолатларни инобатга олишни илтимос қилди.

“Мен ўзимга эълон қилинган ЎзР ЖКнинг Зокир Раҳимов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 155-моддаси 3-қисми “а”, “б” бандлари, 159-моддаси 4-қисми, 2422-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этмаганман. 223-моддаси 2-қисми, “б”, “в” бандлари, 2441-моддаси, 1-қисми бўйича айбловларни тан оламан ва шу қилмишларимдан қаттиқ пушаймонман. Мен хато қилганимни ва адашганлигимни тушуниб етиб ЎИҲ таркибини 2003 йилдаёқ тарк этганман”, - дея сўз бошлади судланувчи Зокир Раҳимов.

Унинг айтишича, орадан ўтган 15 йил мобайнида оиласи билан фақат савдо-сотиқ ва тадбиркорлик билан шуғулланиб келган, шу йиллар давомида бирорта ноқонуний ташкилотга аъзо бўлмаган, уларнинг ҳомийси ёхуд тарафдори бўлмаган. “Менинг ўй-фикрим оилам тирикчилиги бўлган, чунки 9 нафар фарзандни тарбиялаб, вояга етказиш эди”, - деган Раҳимов қандай қилиб Афғонистонга бориб қолгани, у ердан Покистон, Эрон ва Туркияга нима учун кетганини маълум қилди.

Раҳимовнинг билдиришича, 1999 йил февраль воқеаларидан сўнг, намоз ўқиб, масжидга боргани учун унга нисбатан ички ишлар идоралари томонидан тазйиқлар кучайган. Шу боисдан, қамалиб кетиш хавотирида 1999 йил охирларида Тожикистондаги қариндошлариникига қонуний йўл билан, Бекобод орқали ўтган. Кейинчалик, бу ерда унинг паспорти олиб қўйилган ҳамда 2000 йил бошларида ЎИҲ таркибига адашиб кириб кетган, Афғонистонга ўтиб кетган. Бу ерда жангарилар лагерида эмас, оилалар лагерида истиқомат қилгани, хато йўл қўйганини англаб етган ҳамда ЎИҲ таркибини тарк этиш учун қулай фурсат бўлишини кутиб юрган. Унинг сўзларига кўра, у Афғонистонда бўлган даври мобайнида ҳеч қандай жанговар ҳаракатларда иштирок этмаган, қон тўкмаган, инсон ўлдирмаган.

“2002 йилда бу ташкилотдан қочишга фурсат бўлиши биланоқ бу ишни амалга оширдим. Покистонга чиқиб кетдим. Мамлакатнинг Пешовар шаҳридан Ўзбекистонда менга ўхшаганларга афв эълон қилингани муносабати билан Ўзбекистоннинг Покистондаги элчихонасига 10 мартага яқин қўнғироқ қилиб, М.исмли ходими билан гаплашдим. Унга ўзим ва оилам тўғрисидаги барча маълумотларни бердим. Аммо рухсат бўлиши ҳақида жавоб бўлмади. Покистонда ҳужжатсиз юриш, яшаш мумкин бўлмаганлиги боис, БМТ Қочоқлар комиссиясига мурожаат қилишга мажбур бўлдим”, - деди Раҳимов сўнгсўзида.

Зокир Раҳимов

“Саидов Уйғун, Сатимов Ҳасанбой ва Узоқов Баҳодир билан юрган йўлимиз бир хил. Уларга Ўзбекистонга қайтишга ижозат беришди. Афв этишди. Менга рухсат берилмади. 2005 йилда Покистонда ҳужжатсиз яшаш мумкин бўлмагани сабабли Эронга ўтиб кетишга мажбур бўлдим. Бу ерда 10 йилга яқин яшаб, савдо-сотиқ ва тадбиркорлик билан шуғулландим. Яшаш манзилим ҳам ошкора эди. Оддий инсонлар сингари фарзандларимни мактабда ўқитдим, чунки бировлардан яшириниб юрадиган террорчи эмас эдим”, - дея қайд этди З.Раҳимов.

Унинг таъкидлашича, 2007 йилда Навоийда қолган турмуш ўртоғи катта ўғли билан борган ва Ўзбекистонга қайтиш учун ҳуқуқ идораларига қўнғироқ қилиш кераклигини айтиб, телефон рақами берган. Эрондан кейин Туркияга ўтган ва у ерда истиқомат қилиб, тадбиркорлик билан шуғулланиб юрган кезларида Туркия полицияси депорт қилган. Уни ҳеч ким бориб, ушлаб келтирмаган.

“Ҳурматли суд раиси! Менга нисбатан ҳукм чиқаришингизда 15 йил мобайнида Ватанимга қайтиб кела олмаганимни жазо ўрнида кўришингизни, оилавий аҳволим, яъни 9 нафар фарзандим борлиги, улардан 6 нафари вояга етмаганимни, оилада ёлғиз боқувчи эканимни, менга бир маротаба имкон бериб, қонуний енгиллик бериш орқали қамоқ билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлашингизни илтимос қилиб сўрайман. Шу йиллар мобайнида отам, онам, хотиним ҳаётдан кўз юмди. Яқинларим, акам, амакиларим вафот этишди. Яқин қариндошларимни йўқотганимни ҳам жазо сифатида инобатга олишингизни сўрайман.

Халқпарвар сиёсат олиб бораётган Президент сиёсатини қўллаб-қувватлайман, имкон берилганида бор куч-қувватимни Ватаним тараққиётига ҳисса қўшишга сарфлардим.

Менга ўхшаган адашганларни кечириш ва Афв этиш тўғрисида фармон чиқарган Президент Шавкат Миромонович Мирзиёев имзолаган ҳужжатларидан умид қилиб турибман. Барчадан, ўзбек халқидан, Президент Ш.Мирзиёевдан, маҳалладошларимдан кечирим сўрайман”, - дея сўнгсўзини якунлади судланувчи Зокир Раҳимов.

Шу билан суд раиси маслаҳатга кириб кетилишини билдирди. Навбатдаги суд мажлисида Зокир Раҳимовга нисбатан суд ҳукми ўқилади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Зокир Раҳимов иши: у ўзбек халқи ва Президентидан кечирим сўради