08:28 / 31.10.2018
4 353

Самарқанд тунги клубларида ўтказилган рейдлар давомида вояга етмаган қизлар ушланди

Самарқанд тунги клубларида ўтказилган рейдлар давомида вояга етмаган қизлар ушланди
Самарқанд шаҳридаги «Ремикс» тунги клубида 2002 йилда туғилган, Самарқанд тумани «Конигил» маҳалласида яшовчи, Самарқанд туманидаги мактабнинг 9-синф ўқувчиси, вояга етмаган Н.Д. спиртли ичимликларни истеъмол қилиб ўтирганлиги аниқланган.

Ўрганишлар жараёнида Н.Д.нинг ота-онаси 2016 йилда ишлаш учун Россияга кетгани аниқланган. Вояга етмаган Н.Д.ни назоратсиз қолдиргани учун унинг бобосига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси 1-қисмига асосан тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, чора кўриш учун Самарқанд тумани ҳокимлиги ҳузиридаги вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссиясига юборилган.

Шунингдек, Н.Д.ни тунги клубга олиб келган, 1995 йилда туғилган, Самарқанд шаҳар 2531 сонли автокорхонаси 1-йўналиш автобус ҳайдовчиси А.Б.га нисбатан вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий ҳатти-ҳаракатларга жалб қилганлиги учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 188-моддасига асосан тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилган.

Мазкур ҳолат бўйича «Ремикс» тунги клубнинг иш бошқарувчиси, 1992 йилда туғилган Х.Ш.га нисбатан вояга етмаган шахсни тунги клубда бўлишига йўл қуйганлиги учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 188-2-моддасига асосан тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилган.

Рейд давомида «Ремикс» тунги клубда 4 нафар шахслар белгиланган тартибда рухсатнома олмасдан ўйинчилик фаолияти билан шуғулланиб юрганлиги ҳам аниқланган. Хусусан, 1999 йилда туғилган Я.С. ва Ж.К., 1997 йилда туғилган Б.П., 1985 йилда туғилган Б.Г. ҳамда тунги клубда белгиланган тартибда рухсатнома олмасдан диджей фаолияти билан шуғулланиб келган 1994 йилда туғилган Н.У.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 165-моддасига асосан тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилган.

Самарқанд шаҳридаги «Лигранд» тунги клуби текширилганда ушбу тунги клубда 7-нафар шахслар белгиланган тартибда рухсатнома олмасдан ўйинчилик фаолияти билан шуғуланиб юрганлиги аниқланган. Хусусан, 1998 йилда туғилган Ч.Н., 1994 йилда туғилган Б.Д. ва Ф.Н., 1985 йилда туғилган Т.Г., 1989 йилда туғилган А.Н., 1986 йилда туғилган Ч.V. ва 1988 йилда туғилга Ч.Э.га нисбатан «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси вилоят бўлими томонидан тегишли хулосалар берилиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 165-моддасига асосан тегишли чоралар кўрилмоқда.

Тадбир давомида олти нафар фуқарога нисбатан жамоат жойда спиртли ичимликлар истеъмол қилганликлари учун маъмурий баённомалар тузилган.

Ўрганиш жараёнида Самарқанд шаҳридаги «Гегобайт» компьютер ўйинхонасида вояга етмаган, 2000 йилда туғилган, Самарқанд туризм касб-ҳунар коллеж ўқувчиси М.Т. компьютер ўйнаб ўтирганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат бўйича «Гегобайт» компьютер ўйинхонасининг иш бошқарувчиси, 1988 йилда тўғилган Ш.М.га нисбатан тунги вақтда вояга етмаган шахсни компьютер ўйинлари хонасида бўлишига йўл қуйганлиги учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 188-2-моддасига асосан тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилди.

Вояга етмаган М.Т. онаси М.Е. ўз фарзандини тунги вақтда қаровсиз ва назоратсиз қолдирганлиги сабабли Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси 1-қисмига асосан тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, чора кўриш учун Самарқанд шаҳар ҳокимлиги хузиридаги вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссиясига юборилган.

Шунингдек, Самарқанд шаҳридаги «Сафрон» тунги клубида ўтказилган рейд давомида 1998 йилда тўғилган, Самарқанд чет тиллар институтининг 1-босқич талабаси Т.А., 2000 йилда туғилган, вақтинчалик ишсиз, А.А., 1999 йилда туғилган, Самарқанд давлат университетининг 1-босқич талабаси Х.М., 1999 йилда туғилган, вақтинчалик ишсиз А.Ж. белгиланган вақтдан ўтган бўлса-да тунги клубда юрганлиги аниқланган.

Ўтказилган назорат тадбирлари давомида юқоридаги масканларнинг бирортаси санитария ҳолатига жавоб бермаслиги аниқланган. Хусусан, «Сафрон» тунги клубида ходимлар махсус иш кийимларисиз фаолият юритиб, ошхона санитария талабларига жавоб бермайди. «Лигранд» тунги клубининг ошхонаси антисанитария ҳолатида, соат 23:00 дан кейин фаолият олиб бориши учун тегишли ҳужжатларни расмийлаштирмаган. Шундай бўлишига қарамасдан кўп сонли ёш қизларни норасмий ишга қабул қилган. «Ремикс» тунги клуби тегишли ҳужжатларни тақдим қила олмади.

Солиқ органлари томонидан тегишли назорат ишлари ташкил этилмаганлиги натижасида баъзи бир тадбиркорлар томонидан ўзбошимчалик қилиш, менсимаслик, ноқонуний фаолият юритиш ҳолатлари юзага келмоқда.

«Ўтказилган рейд давомида ‘Ремикс’ тунги клуби ишчилари томонидан ишчи гуруҳининг фаолиятига таъсир ўтказиш мақсадида қаршилик кўрсатиш ҳолатлари юзага келди. Ушбу масканларга ташриф буюраётган мижозлар ошхоналардаги санитария ҳолати билан бирор маротаба қизиқиб кўрмаган. Бундан-да ачинарлиси, ота-оналар вояга етмаган фарзандларининг кундузи интернет-клубларда, кечаси тунги клубларда мақсадсиз дайдиб, алкоголь ва тамаки истеъмол қилиб юрганлигидан, афсуски, хабари йўқ», — дейди Ёшлар иттифоқи Самарқанд вилоят кенгаши бош мутахассиси Ғофуржон Бобобеков.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Жамият » Самарқанд тунги клубларида ўтказилган рейдлар давомида вояга етмаган қизлар ушланди