08:35 / 23.11.2018
5 146

"...Икки алифбони ўрганишдан ўзингни сақла"

"...Икки алифбони ўрганишдан ўзингни сақла"
Ўқитувчиман. Биринчи синф ўқувчиларига дарс ўтяпман. Уларга "Алифбе" дарслигида қўшма ҳарфлар мавзусини ўтиш асносида алифбодаги "қўшма ҳарфлар" деб берилган қатор: sh, ch, ng ҳарфий бирикмаларининг ҳосил бўлишини айнан дарсликда берилганидек тушунтирдим.

Шунда ўқувчиларимдан бири "Устоз, sh s ва h товушларидан, ng эса n ҳамда g дан ташкил топган, аммо ch ҳарфидаги c белгиси алифбода йўқ-ку", дея эътироз билдирди.

Ўйлаб қолдим, хўш, бундай вазиятда ўқитувчи ҳаммадан кўпроқ устозига ишонган болага қандай жавоб бе­ра олади? Албатта, бу математика дарслигидаги 2+2=5 га ўхшаш хато эмас. Аммо ўқувчининг дарс­ликка бўлган ишончига дарз кетишига биринчи сабаб, назаримда.

Бундан англадимки, лотин ёзувига асосланган ўз­бек алифбосидаги шу пайтгача мавжуд камчилик ва ғализликларни сезиш учун тилшунос эмас, шунчаки, она тилига бироз эътиборли бўлишнинг ўзи етарли.

Очиғи, ўқувчимнинг эътирози ҳақида ўйлаб юрган пайтимда матбуотда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида ташкил этилган илмий гуруҳ томонидан алифбога ўзгартиришлар киритиш бўйича қилинаётган ишлар ҳақидаги маълумотга кўзим тушди. Ўқиб билдимки, тилшунос олимлар томонидан қисқа вақтда самарали изланишлар олиб борилган. Албатта, бу ишда барча тилшунослар ҳамда юртдошларимиз, умуман, кенг жамоатчиликнинг фикр-мулоҳазалари эътиборга олинган.

Шундан кейин "Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини кенг жорий этиш ва такомиллаштириш муаммолари", деб номланган илмий-амалий конференция хулосаси оммавий ахборот воситаларида эълон қилинди. Алифбо янги тузатишлар билан тақдим этилди.

Ушбу изланишлар натижаси ўлароқ, алифбога янгиликлар киритишда бир тўхтамга келинган бўлса-да, аммо бу тўғрида турли фикр­ларнинг мавжудлиги, хусусан, ng ҳарфий бирикманинг сақлаб қолингани, с ҳарфининг киритилиш-киритилмаслиги, қолаверса, юмшоқ унлилар хусусида янги фикр­лар пайдо бўлгани кўпчиликда миллий алифбо бўйича ҳануз бироз хавотир уйғотгани, шубҳасиз.

Японларда "Умринг давомида икки алифбони ўрганишдан ўзингни сақла", деган ҳикмат бор. Бу айни ҳолатнинг нечоғлик машаққатли эканлигига ишора бўлса керак. Афсуски, бу ибора ўттиз йилдирки, ўз ечимини топмаётган ўзбек алифбосининг тақдирига ҳам тааллуқли.

Албатта, дунёда бирорта алифбони мукаммал деб бўлмайди, ҳар қандай алифбо ҳам муайян камчиликларга эга. Аммо янги ўзгартишлар асосида тасдиқланган миллий алифбо турли нуқсонлардан холи бўлса, мен каби бошланғич синф ўқи­тувчилари ўқувчиларни саводга ўргатишда турли иккиланишларга дуч келмайди.
Сулаймон МАРДИЕВ

Манба: Zarnews.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » "...Икки алифбони ўрганишдан ўзингни сақла"