07:31 / 30.11.2018
3 350

Ўзбекистоннинг Индонезиядаги туризм элчиси унутилмас воқеа ҳақида сўзлаб берди (фото)

Ўзбекистоннинг Индонезиядаги туризм элчиси унутилмас воқеа ҳақида сўзлаб берди (фото)
Бугун Ўзбекистон туризмни ривожлантириш қўмитаси Индонезиядаги «Гунадарма» университети ректори, Индонезия-Ўзбекистон дўстлик уюшмасини раҳбари, профессор Эко Шри Маргиантини Ўзбекистоннинг Индонезиядаги туризм элчиси дипломи билан тақдирлади. Бу хақда ЎзА хабар берди.

– Бундай эътирофга сазовор бўлганимдан хурсандман, – дейди профессор Эко Шри Маргианти. – Илк бора 2010 йилда шахмат мусобақасига талабаларни олиб келгандим. Шундан буён Ўзбекистонга 13 марта келиб кетдим. Шу йилнинг ўзида эса тўрт марта келдим. Декабрь ойида юртимдаги университетларнинг ректорлари билан келиш ниятим бор. Аслини олганда келгусида юртимда яшовчи 265 миллион аҳолининг барчасини Ўзбекистонга жалб қилиш ниятим бор.

Шу ўринда қайд этиш жоизки, профессор Маргианти ўз мамлакатидаги 30 дан ортиқ университет билан Ўзбекистондаги олий таълим даргоҳлари ўртасида ҳамкорлик ўрнатишда ўзининг беқиёс ҳиссасини қўшиб келмоқда. Тошкент давлат шарқшунослик институти, Тошкент давлат иқтисодиёт университети Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти шулар сирасидандир. У туфайли таълим соҳасида талабалар алмашинувига эришилди.

– Ўзбекистони тарғиб қилишда оммавий ахборот воситаларидан унумли фойдаланилмоқда, – дейди фахрий меҳмон. – Индонезия теле ва радио каналларида кўплаб чиқишлар уюштирилмоқда. Индонезиялик сайёҳларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш учун туризм соҳаси кадрларини ва гидларни текинга малакасини ошириш ҳаракатидаман. Бу борада кўплаб ташкилотлар, айниқса реклама компаниялари билан ҳамкорлик қилаётирман.

Туризм элчиси Ўзбекистон ҳақидаги хотиралари ҳақида сўзлаганда Чимён тоғлари билан боғлиқ воқеалар ҳақида сўзлаб берди.

– Ўзбекистонда тўртта фасл ҳам бор, – дейди хоним. – Бизнинг халқимиз кўпроқ қорга қизиқади. Мамлакатимиз раҳбарлари билан бир келганимизда Чимён тоғларига борган эдик. Саёҳатимиз шу қадар мароқли бўлдики, вақт ўтганини сезмай қолдик. Натижада қайтиб кетиш учун самолётга зўрға улгурдик.

Тақдирлаш маросими якунида «Гунадарма» университетида ташкил этилган хор жамоаси талабалари Ўзбекистон давлат мадҳиясини ўзбек тилида куйлагани тасвирланган видео тақдим этилди. Шунингдек, Индонезия аҳолиси учун Ўзбекистон маданияти, тарихи, санъати ва бугуни ҳақидаги мақолаларни эълон қилиб борувчи сайтнинг расмий очилиши ҳам ўтказилди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистоннинг Индонезиядаги туризм элчиси унутилмас воқеа ҳақида сўзлаб берди (фото)