18:50 / 02.12.2018
6 498

Телефондан офат келмоқда

Телефондан офат келмоқда
Бир ўрта мактаб директори ўқувчиларнинг дарсга телефон олиб келган ёки йўқлиги ҳақида рейд ўтказди. Сизга маълумки телефон ўқувчиларни дарсдан чалғитади. Рейд кутилмаганда бўлгани учун ўқувчиларда кўплаб телефонлар борлиги маълум бўлди. Энг қизиғи шундаки , текширув жараёнида тўққиз нафар қиз бола ва тўрт нафар ўғил болалар уяли алоқа телефонида беҳаё сурат ва видеолар борлиги аниқланди. Бизга маълумки қизлар ўғил болаларга нисбатан тезроқ балоғатга етишадилар. Балки шунинг учун қизларда кўпроқ бу нарсаларга қизиқиш кузатилгандир. Уйлаб кўрсак бу йигит қизлар видео ва суратларни яна биттадан дугона ва ўртоқларига кўрсатмаганларига ҳеч ким кафолат бера олмайди. Бу ҳол менимча фақат бу мактабда бўлмаса керак. Муаммонинг долзарб тарафи шундаки, бу кечагина туғилган болакайлар кўрганларини синаб кўргилари келиши мумкин албатта. Ана шунда жуда катта кўнгилсизликлар келиб чиқади.

Директор тўғри йўл тутиб уларнинг ота -оналарига ётиғи билан тушунтириб телефонларини олиб қўйишга эришди. Лекин бу муаммони ечими эмас. Ҳамма жойда йигирма биринчи аср “ахбарот техналогиялари асри” деб эълон қилиняпти. Унда йигирма иккинчи аср қандай бўлади? Ахир бу техникалар кириб келганига ҳеч қанча бўлмай шунча муаммо. Мен фарзандларим ўқиш ўрганиш ўрнига кераксиз нарсалар билан шуғулланишларини истамасдим. Фарзандлари кўча кўйда беҳаё видео ва суратларни кўриб , яна номаҳрам кишилар билан алоқада бўлиб юришларини ҳеч ким истамаса керак. Унда қандай қилиб болаларни бу балодан чеклаб қўйса бўлар экан? Шундан сўнг бу муаммони ечимини излашга жиддий киришдим.

Бир ҳарбий киши билан мулоқотда бўлганимда у киши ҳам шу муаммога дуч келгани ҳақида гапирди. Унинг айтишича: Аввалига, боласига телефон олиб бермабди ва телефон ишлатишни тақиқлаб қўйибди. Кейинги муаммо, дейди ўша киши -Ёш қизимни қаерда , кимлар билан юрганини билмай овора бўлардим. Уни тергаб туриш учун телефон олиб беришга мажбур бўлдим. Оддийгина, фақат гаплашиш учун мўлжалланганидан. У менга дарсга борганини, чиққанини, уйга келганини айтиб турарди. Вақт ўтгач қизим телефонини уйда қолдириб кетадиган одат чиқарди. – эсимдан чиқиб қолиб кетибди дер эди. Ойисидан билсам у буни атайлаб қилар экан. Чунки бу телефон учун ўртоқлари орасида камситилаётган экан.

Қизимни камситилганига қараб туролмай яхшироқ телефон олиб бердим. Аввалига телефон бўш, хотирасига ҳеч нарса жойланмаган эди. Бегона суратлар қўшила бошлади, суҳбатлашиш учун умумий сайтлар қўшилди, ўз ўрнида булар қизимнинг билим даражасига салбий таъсир кўрсата бошлади. Уни телефонини ўзиданда яхшироқ тушунишга ҳаракат қилдим. Қўл остимдагилар бунга қарашиб юборишди. Кейин қизимга телефонда қилаётган ҳар бир яширин ҳаракатини сезишимни кўрсатиб қўйдим. Қўшиқлар ва оилавий суратлардан бошқа ҳамма нарсани ўчириб ташладим. Деярли ҳар куни уни телефонини қўлимга олиб текшираман. Яна унга ортиқча бирор нарсани сезсам телефондан айрилишини яхшилаб тушунтирдим. Ҳозирги вақтларда у бирор ножўя ҳаракат қилгани йўқ, биладики, мен ҳаммасини сезаман. Балки бир кун келиб мени тўғри иш қилганимни тушуниб раҳмат ҳам айтар. Мени ютуғим шундаки ҳар куни қандай ҳолатда бўлишимдан қатъий назар у билан шуғулланишга вақт топаман, – дейди.

Энди мен қандай йўл тутсам экан? Боларим ҳали ёш улар ҳозирдан бу телефонларга қизиқишади. Агар уларнинг тарбиясини ҳозирдан босим остида ушласам уларга ёмон таъсир қилар экан. Ўз ихтиёрларига қўйса келжакда улардан нима кутиш мумкин? Оддий телефонга камситилсалар, мураккаблари уларни ҳаёлини бўлса. Ҳарбий акамнинг сўзларидан келиб чиқсам мен доим фарзандимдан бу мавзуларда ўн қадам олдинда бўлишим керак экан. Лекин улар менга дуч бўлгунча кун давомида бу телефонларида нима хоҳласалар қилиб кейин менга “тозалаб”, барчасини ўчириб бермасликларига кафолат йўқ-ку. Қолаверса мен уларни уйда назорат қилишим мумкин, уйдан чиққанларидан кейин кўчадаги муҳит таъсирига тушмайдиларми? Мен фақат ўзимнинг болам эмас, барчамиз бирлашиб болалар тақдири ҳақида уйлашимиз кераклигини тушундим. Агар ҳамма ўз боласи билан шуғуллансин десак бу нотўғри бўлар эди. Қўшним эртага ишдан толиқиб келиб фарзандини назорат қилишга вақти бўлмаслиги мумкин. Биз муаммони оммавий ечимини излашимиз керак!!! Ахир ҳаммамиз фарзандларимиз ор номус билан гўшангада келин- куёв бўлишларини, яхши билим юртларида ўқиб, муносиб лавозимларда ишлашларини истаймиз-ку.

Мен қидира-қидира бу муаммонинг оммавий ечимини топгандек бўлдим. Бир кун қалбимда Аллоҳни топиб унга сажда қилиб намоз ўқий бошладим. Шундан сўнг шаръий ҳукумлар ва фиқҳ илмини қизиқиб ўқир эканман, ёшлик чоғларимда эшитганим бир ривоят ёдимга тушиб кетди. Ривоятда устоз ўз шогирдларига уйга вазифа сифатида ҳаммадан яшириб Аллоҳ назари тушмайдиган бир жойда биттадан товуқни сўйиб келишларини буюради. Эртанги кун шогирдлар ҳаммаси товуқларни сўйиб келади, лекин фақатгина бир ўқувчи вазифани бажармай товуқни тириклайин олиб келади. У “Аллоҳ назари тушмайдиган бирор жой йўқ экан, қаерга бормай, нима қилмай Аллоҳ мени кўриб турганини билдим.” дейди. Бу ривоят мени ўша дамларда кўп чуқур ўйлашга мажбур қилган эди. Англагандимки отам, онамдан яширинча бирор ножўя иш қилсам улар берадиган жазодан қутулиб қолишим мумкин, аммо Аллоҳ таоло берадиган жазодан ҳеч қочиб қутилиб бўлмайди. Бунинг ўрнига Аллоҳнинг севган бандаларидан бўлишга ҳаракат қилишим керак.

Шу воқеаларни эслаб туриб барча муаммоларнинг ечими Аллоҳда эканини, энг катта муаммо ўзим эканимни тушундим. Чунки мен кўп тенгдошларим қатори динимни яхши билмайман. Пайғамбаримизни соллаллоҳу алайҳи васалламни танимайман, биз учун барча муаммоларнинг ечими берилган нажот китоби Қуръонни билмайман.

Шундан сўнг ҳар кун Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўргатганлари, айтганлари, васиятларидан болаларимга ўқиб шарҳлаб берадиган бўлдим. Аста-секин жажжи болаларим тушуняптиларки мен кўрмаётганимни, оналари кўрмаётганини, лекин Аллоҳ доим кўриб туришини. Ножўя иш ўрнига Аллоҳ розилиги учун савоб ишлар қилиш кераклигини, “Ота рози Худо рози”, “Жаннат оналар оёғи остида”, “Устоз отангдек улуғ” деган ҳикматлар замирини чуқур англаяптилар, Алҳамдулиллоҳ.
Навбаҳор тумани “Ахтам саҳоба”
жоме масжиди жамоатидан: Хуршид ФАРМОНОВ

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Телефондан офат келмоқда