2021 йилдан мажбурий тиббий суғурталаш босқичма-босқич жорий этилади

  • 09 декабрь 2018, 07:57
  • 2 073
  • Жамият
  • 2021 йилдан мажбурий тиббий суғурталаш босқичма-босқич жорий этилади
    Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисидаги Президент фармони қабул қилинди.

    Ҳужжат билан 2019—2025- йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси ва мазкур концепцияни амалга ошириш чора-тадбирлари дастури тасдиқланди.

    Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатасининг қуйидагилар тўғрисидаги таклифлари қабул қилинди:

    - 2019 йил 1 апрелдан бошлаб республиканинг айрим туманларида тиббиёт муассасаларини «ҳар бир даволанган ҳолат» учун клиник-харажат гуруҳлари бўйича ва киши бошига молиялаштириш тизимини эксперимент тартибида жорий этиш;
    - Эксперимент натижаларини танқидий таҳлил қилиш асосида молиялаштиришнинг янги механизмларини 2020 йил 1 апрелдан бошлаб республиканинг барча ҳудудларида босқичма-босқич татбиқ этиш;
    - 2019- йил 1 июлдан бошлаб вилоят ва туман (шаҳар) даражасидаги стационар соғлиқни сақлаш муассасаларида аралаш молиялаштириш тизимини жорий этиш, бунда кафолатланган бепул тиббий хизмат ҳажмига кирмайдиган даволаш турлари пуллик асосда амалга оширилади;
    - 2019 йил 1 июлдан бошлаб айрим даволаш-профилактика муассасаларини ишлаб чиқилган инвестиция лойиҳалари асосида белгиланган тартибда инвесторларга ишончли бошқарувга бериш;
    - 2021 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикасида мажбурий тиббий суғурталашни босқичма-босқич жорий этиш.
    Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги ташкил этилади.

    Қуйидагилар унинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгиланди:

    - кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа тоифаларига кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий хизматларни янада такомиллаштириш ва мувофиқлаштиришга қаратилган тиббий-ижтимоий ёрдамнинг ягона сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш;
    - ногиронликни белгилашнинг кенг қамровли ягона тизимини яратиш мақсадида норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштиришга қаратилган таклифларни ишлаб чиқиш;
    - тиббий-ижтимоий муассасаларнинг кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа тоифаларига тиббий хизмат кўрсатиш бўйича фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш;
    - муҳтож шахсларни протез-ортопедик буюмлар ва реабилитация техник воситалари билан таъминлаш фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш;
    - тиббий-ижтимоий экспертиза хизмати, ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш фаолиятига ташкилий-услубий раҳбарлик қилиш ва уларни мувофиқлаштириш.

    » » 2021 йилдан мажбурий тиббий суғурталаш босқичма-босқич жорий этилади