08:54 / 09.12.2018
4 212

Икки қўлдан чиқаётган қарс

Икки қўлдан чиқаётган қарс
Биз коррупцияга қаршимиз


Кўчада машинангизда кетяпсиз. Қоидани буздингиз. ЙПХ ходими тўхтатди ва баённома расмийлаштирмоқчи бўлди. Сиз унга илтимос қила бошладингиз ва гап орасида "уни рози қилиб кетиш" ҳақида гапирдингиз.

У кўнди ва пулингизни олиб сизни қўйиб юборди. Сиз унинг ишидан хурсанд бўлиб раҳмат айтдингиз. Охирида эса у сиздан анча ёш бўлишига қарамай "ака, яхши кунларда учрашайлик" деб хуш кайфият ила у билан хайрлашдингиз. Ўша ЙПХ ходимининг яхши одам эканини, сизга яхшилик қилганини шерикларингизга мақтаб қўйдингиз. Кейин эса қаерда ЙПХ ходимлари ҳақида гап очилганда сиз "Сирдарёда..., Жиззахда..., Самарқандда..., йўлда фалон жойда яхши бир ЙПХ ходими туришини ва у сизга яхшилик қилганини" мақтаб гапириб юрдингиз.

Энди эса тескариси. Сиз йўлда кетяпсиз. Қоидани буздингиз. ЙПХ ходими сизни тўхтатди ва баённома ёзмоқчи бўлди. Сиз эса "илтимос ака, рози қилиб кетаман" деб ялинишни бошладингиз. У кўнмай "ака, пулингиз кўп бўлса банкка бориб тўлайсиз" деб баённомани расмийлаштирди. Сиз ана шу пайтда уни ҳатто сиздан ёши катта бўлсада сенсираб "одам эмас экансан" деб ошкора ҳақорат қилиб кетасиз. Камига эса бориб уни шерикларингизга ёмонлайсиз. Ундан кейин эса қаерда ЙПХ ходимларидан гап очилса "Сирдарёда.., Жизззахда.., Самарқандда.., йўлда фалон жойда бир ифлос ЙПХ ходими бор. Қўлига тушсанг ёзиб юборади. Пул ҳам олмайди, илтимосингга ҳам кўнмайди" деб ўшани ёмонлаб юрасиз.

Бунақа мисоллар жудаям кўп. Жамиятимизда порахўрлик ва коррупциянинг йўқолишини хоҳлаймиз. Аммо бир идорага бордик, ҳужжатларимизда камчилик бор. Идора ходими "ҳужжатларни тўғрилаб келинг" деб бизни қайтаряпти. Биз эса дарров унга "рози қилиб кетиш" ҳақида шипшитамиз. Қарабсизки "сиздан угина, биздан бугина" тарзида ишимиз битяпти.

Эътибор бериб қарасам қаерда бўлмасин, хоҳ у ЙПХ ходими бўлсин, хоҳ бошқа идорада ишласин 3-4 сўм пулимизни олиб ишимизни сал ноқонуний тарафи бўлса ҳам битириб берадиган одамлар биз учун яхши одамлар. Аксинча, қаерда бўлмасин бизни ҳатти-ҳаракатимизга қонунан чора кўрадиган, биз таклиф этаётган "рози қилиш"га кўнмайдиган инсонлар бизни назаримизда ёмон одамлар.

Ана шу ерда мен одамларимизнинг аслида нима хоҳлашларини тушунмаслигим аёнлашади. "Жамиятдан порахўрликни йўқотиш керак", деб дод-вой соламиз-у аммо ишимизни тезроқ битириш учун порани ўзимиз таклиф этамиз.
Қонун ҳамма жойда устувор бўлишини, хоҳлаймиз аммо уни биринчи бўлиб ўзимиз бузамиз.

Баъзида шу гапларни гапириб ким биландир баҳслашиб ҳам қоламан. "Энди ЙПХ ходимига 3-4 сўм берган билан катта бир идоранинг раҳбари олаётган поранинг фарқи бор-да" дейишади. "Сизни қўйиб юборгани учун ЙПХ ходимига ўз наздингизда "озгина" пул узатяпсиз. Олса хурсандсиз. Олмаса сўкасиз. Ана ўша катта бир идора раҳбарининг олдига бораётганлар ҳам сиздай, камчилигига қарамай пулларини олиб ишларини битирса ундан яхши одам йўқ. Мабодо "иложи йўқ, ҳужжатларингизда камчилик бор" деб қайтарса ундан ёмон, ундан порахўр одам дунёда йўқ ва эшигидан чиқибоқ уни ёмонлаб сўкишади. Умуман олганда "узат-узат" ана шу сизни ЙПХ ходимига узатаётган арзимас пулингиздан бошланади. Бугун ЙПХ ходимига узатасиз, эртага бошқасига. Ана шундай аҳволда умрингизни охиригача "узат-узат" билан ўтиб кетаверасиз. Жамиятда порахўрликни йўқолишини хоҳлайсизми, унда биринчи навбатда қонунни бузманг. Иккинчи навбатда эса ўзингизни қонунбузарлигингизни кимларгадир пора бериб ёпиб кетишга уринманг. Акс ҳолда ҳаммаси бекор гаплар бўлиб қоғозда қолиб кетаверади. Сиз эса ўзингиздан олдингилардай "жамиятимиз порахўрликка тўлган, уни йўқотишимиз керак" деб қичқириб ўтиб кетаверасиз", дейман. Аммо, барибир унинг наздида бир тарафдан порахўр ёмон одам, аммо ўзи биронтага ишини тезроқ битириш учун пора берса буни умуман "ёмон иш қиляпман" деб ўйламайди.

Жамиятдаги пора олди-бердиси ва порахўрликка бўлган мана шундай "икки хил стандарт"да қараш ҳам бизда порахўрликни камайиш ўрнига баттар авж олиб кетаётганига сабаб бўлмаяптимикин? Сизлар бунга нима дейсизлар?
Ғайрат ЙЎЛДОШ

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Икки қўлдан чиқаётган қарс