20:50 / 15.01.2019
5 897

Ўзбекистонда Каъбанинг ёпинчиғидан парча бор (фото)

Ўзбекистонда Каъбанинг ёпинчиғидан парча бор (фото)
Фото: «Самаркандский вестник»
«Самаркандский вестник» вилоят газетасида Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси фонди бош мутахассиси Гулруҳ Рахматова мақола эълон қилинди. Мақолада Каъбанинг ёпинчиғидан бир парча мато ҳозирда мамлакат музейларидан бирида сақланаётгани ҳақидаги айтилган. Мақола қуйида тўлиғича берилди.

Самарқанд музей-қўриқхонасининг фондида узоқ йиллардан бери сақланадиган экспонат – қабр пўш эътибордан четда қолаётгандек.
Фондга қабул қилинадиган буюмлар қайд этилган китобда «Қабр пўш – Каъба устига ёпилган, араб ёзувлари туширилган қора матонинг парчаси» дейилган.

Инвентар қайдлар китобида ҳам у Саудия Арабистони, Маккадан келтирилгани ёзилган. Ушбу маҳсулотни 1933 йил 13 августда экспедиция ўтказаётган Самарқанд музейи илмий ходимлари Г.П. Снесарев ва М.С. Юсупов Бухоро шаҳридаги темир йўл станциясида фуқаро Ф. Шукурбоевадан 30 рублга сотиб олишган.

Фото: «Самаркандский вестник»
Ушбу экспонатни қайдлар китобига киритилаётганда унинг номи нотўғри талқин қилинган бўлиши мумкин – қабр пўш ва каъбапўш талаффузи жиҳатидан деярли бир хил, аммо улар турли маъноларга эга.

Қабр пўш (қабр устига ёпиладиган ёпинчиқ) – Марказий Осиё халқларининг дафн маросимидаги удумларидан бири. «Каъбапўш» сўзи эса тилга олинмаган.
Кўп йиллар давомида мазкур экспонат Шоҳизинда қабристонида 1965 йилдан 1989 йилгача фаолият юритган дин ва атеизм тарихи музейида намойиш этилган. Фақат Самарқанд музей-қўриқхонасининг маблағларини тўлиқ инвентаризация қилишнинг сўнгги йилларидагина бу экспонат тўғри таърифланган.

Каъбапўш ёки кисва (арабчада кисват ал-каъба — Каъбанинг ёпинчиғи ҳисобланган) – Каъба устига ёпилган «қора шойи мато» бўлиб, унга «Каъба Макка аҳли учун бино қилинган биринчи уйдир. У тинчлик-омонлик ва эзгулик йўлида қурилган» деган оят ва Қуръондан келтирилган суралар ёзилган.
Ёпинчиқ ҳар йили ҳаж маросимидан олдин, яъни ислом тақвимига кўра Зулҳижжа ойининг 10-санасида янгисига алмаштирилади. Каъбанинг устига ёпинчиқ ташлаш одати ислом динининг пайдо бўлишидан олдин ҳам бўлган деб ҳисобланади.

У пайтлар бутпараст араб қабилалари Каъбани ҳайвон териси билан ёпишган. Баъзи манбалар Каъба устини ёпиш одатини Муҳаммад Пайғамбарнинг катта бобоси Аднан билан боғлайди.
Қизиғи шундаки, онаси вафот этган Муҳаммадни олти ёшидан тарбиясига олган бобоси Абд ал-Муталлиб ва амакиси Абу Толиб ислом дини пайдо бўлгунича бутпарастларнинг ибодатхонаси ҳисобланган Каъбанинг қўриқчилари бўлган.

Бошқа бир афсона эса Каъбани мато билан ёпиш одати ҳимёритлар шоҳи Асад ал-Комилдан бошланган дейди.
Бир нечта олимлар биринчи кисва Исмоил пайғамбар томонидан қилинганини тасдиқлайди. Лекин жуда кўп манбалар ушбу анъанага Яман шоҳи Туба асос солган дейди.

Ислом даврига келиб, Каъба бир вақтнинг ўзида бир қанча ёпинчиққа эга бўлди. Чунки эски ёпинчиқлар унинг устидан олиб ташланмаган эди. Бу ҳолат ҳижрий 160 йилда Аббосий халифа ал-Маҳдий Каъбани зиёрат қилмагунича давом этган. Ибодатхонанинг қўриқчилари ва хизматчилари халифага мурожаат қилиб, Каъба устма-уст қўйиб ташланган бунчалик кўп ёпинчиқни кўтара олмай, нураб тушишидан хавотирда эканликларини айтган. Шундан сўнг халифа Каъбани устига биттадан ортиқ ёпинчиқ ёпмасликни буюрган. Халифа ал-Маъмун даврида эса Каъбанинг ёпинчиғи бир йилнинг ўзида уч марта алмаштирилган: ҳаж ойининг 8-санасида қизил кисва билан, Ражаб ойининг 1-санасида оқ габат билан, Рамазон ойининг 29-санасида қизил парча билан ёпилган.

Кейинчалик аббосий халифа ан-Нозир Каъбани яшил мато билан ёпишларини буюрган. Бироз вақт ўтиб эса, халифа ан-Нозир бу рангни қорага алмаштиришга қарор қилган ва шундан кейин ҳозирги кунгача бу ранг ўзгармаган.

Муҳаммад Пайғамбар даврида кисва Яманда тайёрланган. Халифа Умар I даврига келиб, Мисрда тайёрланадиган бўлди. 1932 йилда Саудия Арабистонининг ташкил топиши билан, саудия қироллари Макка ва Мадинадаги масжидлар қурилишига эътибор қаратар экан, Каъбанинг ёпинчиғи мамлакат ичида тайёрланиши керак деган қарорга келди.

Тўқимачилик фабрикасида фақат эркаклар ишлайди. Ушбу завод йилига иккита ёпинчиқ-чойшаб ишлаб чиқаради, улардан биттаси заҳира ҳисобланади.
Эски кисвани Каъбанинг устидан олишгач, бўлакларга бўлиб, ҳаж сафарига келганларга эсдалик сифатида тарқатилади. Музей фондидаги ўша кисва ҳам аслида ҳаж зиёратидан келтирилган парчалардан бири.

Ўрнатилган тартибларга биноан, ёпинчиқ қора рангли табиий шойи матосидан тайёрланиши керак. Узунлиги 14 метр. Ёпинчиқнинг юқори қисмидаги учдан бир қисми 95 сантиметр кенгликдаги белбоғ ҳисобланиб, унга Қуръон суралари ёзилади ва исломий нақшлар билан безатилади.

Буларнинг ҳаммаси тилла ипдан тикилади. Белбогнинг умумий узунлиги 47 метр. Ҳар бир ёпинчиқ учун 736 килограмм шойи ип керак бўлади. Ип цехга табиий рангида келтирилади ва ўша ерда бўялади. Кисванинг устки қавати қўлда тўқилади.
Кисванинг алоҳида қисмлари тайёр бўлгач, яхлит ёпинчиқ ҳолатига келтириш учун ҳамма қисмлар қўшиб тикилади. Ёзувлар матни ҳеч қачон ўзгармаса-да, бир қатор рассом ва хаттотлар томонидан нақш ва ёзув услубига ўзгартиришлар таклиф қилинади.

Сўнг рассомлар Каъбанинг катталигидек келадиган чизма қоғозга янги дизайнни чиқадилар. Ушбу намуналар кейин ёзувлар лентасини тўқувчи машинага ўтказилади. Шойи лента тайёр бўлгач, навбат қўл меҳнатига етади.

Бошида ҳунармандлар сариқ ип билан лентага араб ёзувларини тикиб чиқадилар, бу эса асоснинг устидан 4 дюйм қалинликка эга бўладиган қатлам ҳосил қилади. Кейин эса унга ҳажм ва ёрқин кўриниш бериш учун олтин ва кумуш иплар билан устидан яна тикиб чиқилади. Натижада ёзувлар узоқ масофадан ҳам кўриниб турадиган ҳолга келади.

Ёпинчиқда Каъба эшиги учун махсус парда ҳам бор. Узунлиги 7,5 метр, кенглиги 4 метр. Пардада Қуръон оятлари ва исломий безаклар берилган. Буларнинг ҳаммаси аввал кумуш ип билан, устидан тилла ип билан тикилган. Ёпинчиқнинг астари дағал матодан тайёрланади. Биргина қоплама учун 70 килограмм табиий шойи кетади.

Бухоро давлат музейи-қўриқхонасида Каъба эшиги пардасидан олинган парча бор. Ҳозирда ёпинчиқнинг бир қисми Самарқанд вилояти ўлкашунослик музейининг «Ривожланган ўрта асрлар» залидаа кўргазмага қўйилган.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистонда Каъбанинг ёпинчиғидан парча бор (фото)