14:08 / 16.01.2019
5 438

Пенсиялар қандай қилиб қайтадан ҳисоблаб чиқилади?

Пенсиялар қандай қилиб қайтадан ҳисоблаб чиқилади?
Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Тошкент шаҳар бошқармасининг пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун иш ҳақининг максимал миқдори 8 ЭКИҲдан 10 ЭКИҲгача оширилгани муносабати билан пенсиялар қайтадан ҳисоблаб чиқилиши тўғрисидаги расмий тушунтириши Norma шарҳида ёритилди.

Масаланинг тарихи
Эслатиб ўтамиз, президентнинг 12.12.2018 йилдаги ПФ–5597-сон фармонига мувофиқ, 2019 йил 1 январдан пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун иш ҳақининг максимал миқдори ЭКИҲнинг 8 бараваридан 10 бараваригача оширилди. Шу муносабат билан тайинланган пенсиялар миқдорларини қайта кўриб чиқиш вазифаси топширилди.

Нашр шу мавзуда кўп саволлар келиб тушаётганини, пенсияларни қайтадан ҳисоблаб чиқиш тартиб-таомилини белгиловчи алоҳида ҳужжат мавжуд эмаслигини инобатга олган ҳолда қуйидаги саволларга тушунтириш беришни сўраб бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига мурожаат қилди:

• пенсия қачон тайинланганидан қатъи назар, пенсияни қайтадан ҳисоблаб чиқиш тўғрисидаги қоида барча пенсионерларга нисбатан қўлланиладими;
• пенсия қай тартибда қайтадан ҳисоблаб чиқилади, пенсионер шахсан мурожаат қилиши зарурми, у қандай ҳужжатларни тақдим этиши лозим.

Тошкент шаҳар бошқармасининг тушунтириш беришича, Фармонга мувофиқ, пенсия тайинланган санадан қатъи назар, пенсияларни ҳисоблаб чиқаришда қабул қилинадиган ўртача ойлик иш ҳақи 8 ЭКИҲдан ортиқ бўлган барча пенсионерларнинг пенсия миқдорлари қайта кўриб чиқилади.

Бугунги кунда электрон маълумотлар базасида мавжуд бўлган маълумотлар асосида қайта кўриб чиқилиши лозим бўлган барча пенсия йиғмажилдлари бўйича қайта ҳисоб-китоб амалга оширилди, шу сабабли пенсионерларнинг ўзлари пенсиялари индексацияланиши учун қаергадир алоҳида мурожаат қилишлари керак эмас.

Айни пайтда, пенсия олувчиларда саволлар ёки қайтадан ҳисоблаб чиқиш учун асослар мавжуд бўлса, улар яшаш жойидаги Пенсия жамғармаси бўлимига қўшимча ҳужжатларни тақдим этишлари ва ариза билан мурожаат қилишлари мумкин. Идора пенсия бўлимига мурожаат қилганда пенсионернинг қўлида айнан қандай ҳужжатлар бўлиши кераклиги хусусида аниқлик киритмади. Бу вазиятда Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 147-бандига амал қилишни маслаҳат берамиз.

Бошқарма ўз тушунтиришида пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун ЭКИҲнинг 8 бараваридан ортиқ бўлмаган миқдордаги ўртача ойлик иш ҳақи олинадиган «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 31-моддасига ҳавола қилиб, ушбу норма 2019 йил 1 январгача амал қилганини қайд этиб ўтган. Бироқ шарҳ тайёрланган пайтда унга ўзгартиришлар киритилмаган эди. Бу билан турли юридик кучга эга бўлган иккита норматив-ҳуқуқий ҳужжат: президент фармони ва қонун ўртасида зиддият юзага келмоқда.

Айни пайтда Бошқарма хатида шундай дейилади: «...компьютердаги маълумотлар базасида мавжуд бўлган маълумотлар асосида барча пенсия йиғмажилдлари бўйича пенсиялар қайтадан ҳисоблаб чиқарилди...». Бундан юқорида тилга олинган фармон асосида пенсияларни қайта кўриб чиқиш жараёни амалга оширилмоқда, деган хулосага келиш мумкин, деб ёзади Norma.

Пенсияларни қайта кўриб чиқиш механизми тўғрисида
Бошқарманинг тушунтиришича, пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун иш ҳақи ўтган йиллардаги иш ҳақини пенсия ҳисоблаб чиқарилган кундаги даражага келтириш мақсадида қайтадан ҳисоблаб чиқилади. Яъни илк бор пенсия тайинланганда ҳисобга олинган иш ҳақи тўғрисидаги маълумотлар улар ҳар гал оширилганда тегишли коэффициентларни қўллаган ҳолда қайтадан ҳисоблаб чиқилади («замонавийлаштирилади»).

Сўнг 2019 йил 1 январдан бошлаб пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун 10 ЭКИҲдан ортиқ бўлмаган миқдордаги ўртача ойлик иш ҳақи қабул қилинишини, 1.11.2018 йилдан буён республикадаги ЭКИҲ 202 730 сўмни ташкил этишини инобатга олган ҳолда пенсияларни қайтадан ҳисоблаб чиқишга мисоллар келтирилган.

1-мисол. 1.01.2019 йилда пенсионернинг пенсияси ҳисоблаб чиқариладиган ҳақиқатдаги ўртача ойлик иш ҳақи (тегишли коэффициентларни қўллаган ҳолда аниқланган) 1 720 100 сўмни ташкил этган.
Мазкур шахсга пенсия ҳисоблаш учун ўртача ойлик иш ҳақи 1 621 840 сўм (202 730 х 8) миқдорида ҳисобга олинган, сабаби 1 720 100 сўмлик сумма 8 ЭКИҲдан ошган.

1 январдан бошлаб пенсия 1 720 100 сўмлик ҳақиқатдаги ўртача ойлик иш ҳақидан келиб чиқиб ҳисобланади, сабаби у энг кам иш ҳақининг 10 баравар миқдоридан (202 730 х 10 = 2 027 300 сўм) ошмайди.

2-мисол. 1.01.2019 йилда пенсионернинг пенсияси ҳисоблаб чиқариладиган ҳақиқатдаги ўртача ойлик иш ҳақи (тегишли коэффициентларни қўллаган ҳолда аниқланган) 3 450 200 сўмни ташкил этган.
Пенсияни ҳисоблаш учун унинг ўртача ойлик иш ҳақи ҳам 1 621 840 сўм (202 730 х 8) миқдорида ҳисобга олинган, у 8 ЭКИҲдан ошмаган.

1 январдан бошлаб пенсия 2 027 300 сўм (202 730 х 10 = 2 027 300 сўм) миқдоридаги ўртача ойлик иш ҳақидан ҳисобланади, сабаби пенсионернинг ҳақиқатдаги ўртача ойлик иш ҳақи (3 450 200 сўм) 10 ЭКИҲдан ошади.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Пенсиялар қандай қилиб қайтадан ҳисоблаб чиқилади?