13:25 / 25.01.2019
8 094

«ГАИ» бемор билан кетаётган «Тез тиббий ёрдам» машинасини тўхтатиши мумкинми?

«ГАИ» бемор билан кетаётган «Тез тиббий ёрдам» машинасини тўхтатиши мумкинми?
Ижтимоий тармоқларда тарқалган, телевидениеда ҳам намойиш этилган қисқагина видео кўп муҳокамаларга сабаб бўлди. Унда ЙҲХХ ходими «Тез тиббий ёрдам» машинасини тўхтатгани, ҳайдовчининг машинада бемор борлигини билдирганига қарамай махсус автомобилнинг ҳужжатларини олиб, ўзи бошқариб кетгани акс этган.

Видеодаги овозларга қараганда Сурхондарё вилояти, Шеробод туманида кечгани англашиладиган бу воқеада «ГАИ» (ЙҲХХнинг эски номи ҳануз муомалада мустаҳкам турибди) ходими «Тез тиббий ёрдам» машинаси ҳайдовчисининг ҳужжатларини олиб, унга жарима ёзмоқчи бўлади. Ҳайдовчи:

– Бу жаримани барибир мен тўлашим керак? Беринг «правам»ни! – деб эътироз билдирганида «ГАИ» ходими «Мен жавоб бераман» дейди.

Ҳайдовчи «Жавоб бера олмайсиз» дея яна эътироз билдиради. Атрофдагилар «Машинада оғир касал бор, гапингиз бўлса шифохонага мурожаат қилинг» деб луқма ташлайдилар. Аммо «ГАИ» ходими барибир бориб «Дамас»га ўтиради ва олд ўриндиқда ўтирган ҳамширанинг «Ҳеч қандай қоидабузарлик қилмадик. «Мигалка»ни ёқмаганимиз учун тўхтатишди», дейишига қарамай машинани бошқариб кетади. Шу ерда видео тугайди ва саволлар пайдар-пай туғилишни бошлайди.

Биз бу саволларга ЙҲХХ низоми, йўл ҳаракати қоидаларига асосан қисқа жавоблар беришга ҳаракат қиламиз.

1. ЙҲХХ инспектори бемор олиб кетаётган «Тез тиббий ёрдам» машинасини тўхтатиши ва жарима майдонига олиб кетиши мумкинми?
Йўл ҳаракати қоидаларига кўра, «Тез тиббий ёрдам» машинаси барча махсус автомобиллар каби кечиктириб бўлмас хизматлар чоғида, махсус сирена ва маёқлардан фойдаланиб ҳаракатланаётган чоғида йўл ҳаракатининг бошқа иштирокчиларига нисбатан устунликка, имтиёзларга эга бўлади.

Айнан видеолавҳадаги ҳолатда, яъни Шерободдаги воқеада тез ёрдам автомобилида оғир аҳволдаги бемор мавжудлиги ҳолати тасдиқланмаган. Ҳолат юзасидан хизмат суриштируви давом этмоқда.

2. «Мигалка»ни ёқмаслик хизматда юрган «Тез тиббий ёрдам» машинасини тўхтатиш ва ҳайдовчига жарима солишга асос бўладими?
Йўқ, айнан «мигалка» ёқмай ҳаракатланиш сабаб бўлмайди. Аммо «Тез тиббий ёрдам» машинасида йўл ҳаракати қоидаларини бузиш, бу автомобилни тўхтатиш ва ҳайдовчига тегишли тартибда баённома тузишга асос бўлади.

3. ЙҲХХ инспектори ишончномасиз ва автомобиль суғурта полисида исм-шарифи қайд этилмаган ҳолда жаримага тортилган автомобилни бошқариб кета оладими?
Йўқ, мумкин эмас. Аммо жуда кўп ҳолларда ва ҳудудларда эвакуатор йўқлиги, кечикиши туфайли ЙҲХХ ходимларининг ўзлари ҳайдовчи билан бирга машинани жарима майдонига олиб бориб жойлаштириб келишади.

4. Охиргиси ва энг муҳими: рамзий айтадиган бўлсак – «102» ва «103» тортишуви пайтида беморнинг аҳволи оғирлашса ёки ундан ҳам ёмон ҳолат юз берса, бунинг учун ким жавоб беради?
Беморнинг ҳолати учун шифокор жавобгар. Аммо ЙҲХХ ходими оғир бемор борлигини кўра-била туриб «Тез тиббий ёрдам» машинасини тўхтатиб ўтирмайди. Аксинча, бундай ҳолатга гувоҳ бўлса, ўзи «Тез тиббий ёрдам» машинаси зудлик билан шифохонага етиб бориши чораларини кўради.

Юқоридаги ҳолат бўйича хизмат суриштируви давом этмоқда, «Тез тиббий ёрдам» машинасида оғир бемор бўлган-бўлмагани текширилмоқда.

Сурхондарёлик журналист, «Замон» кўрсатуви мухбири Элёр Гўрўғлиевнинг маълумотларига қараганда, «Тез тиббий ёрдам» машинаси ҳайдовчиси Акрам Шобердиев билан боғланишнинг иложи бўлмаган.

Вилоят ЙҲХБ матбуот хизмати катта инспектори Аброр Чориевнинг сўзларига кўра видеолавҳа қаҳрамонига айланган ва кўплаб эътирозларга сабабчи бўлган ЙҲХХ инспектори ҳаракати юзасидан хизмат суриштируви ўтказилмоқда.

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «ГАИ» бемор билан кетаётган «Тез тиббий ёрдам» машинасини тўхтатиши мумкинми?