Чироқчида туғилган 3 эгизакка Шавкат, Миромон, Мирзиё деб исм қўйилди (фото)

  • 28 январь 2019, 17:43
  • 2 727
  • Жамият
  • Чироқчида туғилган 3 эгизакка Шавкат, Миромон, Мирзиё деб исм қўйилди (фото)
    Фото: «Дарё»
    Чироқчи туманининг Қўрғонтепа қишлоғида тарих фани ўқитувчи Шерзод Дўстумродов оиласида дунёга келган 3 нафар эгизак фарзандларга давлат раҳбарига ҳавас қилиб Шавкат, Миромон ва Мирзиё деб исм қўйилди. Бу ҳақда «Дарё»га Чироқчи туман ФҲДЁ мудираси Озода Жумаева маълум қилди.

    «2017 йил мен учун жуда омадли келганди, — дейди эгизак фарзандларнинг отаси Шерзод Дўстмуродов. – 2019 йил эса ундан ҳам омадли йил бўлди. Яратган 21 январь куни 3 нафар полвондек ўғил берди. Ўша куни туғуруқхонада янгиликни эшитган пайтимдаги қувончимни сўз билан тасвирлаш қийин. Ўша дамда дунёда мендан-да бахтли ота бўлмаган бўлса керак».

    Эгизаклар гувоҳномасида қайд этилишича, Миромон 3,5 кг, Мирзиё 2,8 кг, Шавкат эса 2,5 кг туғилган.
    «Бугунги кунда фарзандларимнинг аҳволи жуда яхши, — дейди эгизаклар онаси Садоқатхон Қудратий. – Насиб этса юртимиз корига ярайдиган йигитлар бўлишсин».

    «Набираларим туғилишидан бир ярим ой илгари хабар топгандик, — дейди Садоқатхоннинг онаси Холида Рўзиқулова. – Ўшанда ният қилгандим. Насиб этса эсон-омон туғилиб олишса, Президентимизга ҳавас қилиб Шавкат, Миромон ва Мирзиё деб исм қўяман деб. Насиб қилганидан хурсандмиз. Худо хоҳласа, халқимизга, Президентимизга муносиб фарзандлар бўлсин».

    Фото: «Дарё»
    Холида Рўзиқулованинг таъкидлашича, ёш оиланинг яшаш учун шахсий уйи йўқ. Куёви ҳам 7–8 километр масофага қатнаб ишлар экан. Оиланинг фарзандлари ҳам 7 нафарга етган.

    «Балки Чироқчи туман ҳокимияти ёки Ёшлар иттифоқи вазиятдан келиб чиқиб, уй-жой масаласида ҳам ёш оилага ёрдам берса ёмон бўлмасди, дейманда. 7 нафар фарзандни катта қилиш осонми-ей?!», деб ёзади бу ҳақда ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев Telegram’даги каналида.

    Давлат хизматлари агентлиги Қашқадарё вилоят бошқармаси ходими Насиба Умарова берган маълумотларга кўра, 2018 йил 9 декабрь куни ҳам Касби туманининг Чўлқувар қишлоғида 3 нафар эгизак туғилган бўлиб, уларнинг исми Мадина, Мўътабар ва Зоҳир. 2017 йил Касби туманининг Қатағон қишлоғида Шерқуловлар оиласида дунёга келган эгизакларга оила бошлиқлари республиканинг Биринчи президенти Ислом Каримовга ҳавас қилиб Ислом, Карим ва Абдуғани деб исм беришган экан. Қамаши туманида эса 2016 йил 4 нафар эгизак туғилганлиги қайд этилган.

    » » Чироқчида туғилган 3 эгизакка Шавкат, Миромон, Мирзиё деб исм қўйилди (фото)