Келин ўз қайнонасини тунади...

  • 06 февраль 2019, 06:27
  • 3 164
  • Жамият
  • Келин ўз қайнонасини тунади...
    Россияда меҳнат қилиб юрган У.Т. маълум бир сабабларга кўра, ўз қонуний никоҳидаги хотини билан ажрашишга қарор қилгач, Н.С. билан муносабат ўрната бошлайди. Бу орада муносабатлар қуюқлашади, улар Ўзбекистонга қайтишади, ўртага совчилар тушади ва У.Т. ҳали биринчи хотинидан қонуний ажрашмасдан туриб, тўй бўлиб ўтади. Улар Самарқанд вилояти Оқдарё туманида истиқомат қила бошлашади.

    Орадан кунлар ўтади ва келиннинг кўнглига шумлик оралайди. У қайнонасига тегишли хонадаги сандиқ ичидан 4.600 АҚШ доллари миқдоридаги пул ва икки дона, бозор баҳоси 600 АҚШ доллари бўлган тилла билак узуклар, бир дона баҳоси 400 АҚШ долларлик оқ кўзли аёллар тилла узуги, баҳоси 4.000.000 сўмлик бир комплект, яъни оқ марваридли аёллар тилла сирғаси ва оқ марваридли аёллар тилла узуги, баҳоси 5.000.000 сўмлик бир дона бриллиант кўзли, кулонли аёллар тилла занжири, баҳоси 1.000.000 сўмлик қизил кўзли аёллар тилла сирғасини ўғирлаб олиб чиқади ва кўчага яшириб қўяди. Хонанинг деразаларини очиб, уйни тартибсиз ҳолатга келтириб, гўёки ўғриликни ташқаридан кириб, бегона одам қилгандек кўринишга келтиради.

    Лекин келиннинг бу ҳийласи ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг синчков нигоҳидан четда қолмади ва унинг жинояти ошкор бўлди. Гарчи судья И.Дониёров раислигида ўтган Оқдарё туман судининг очиқ сайёр суд мажлисида жабрланувчи тараф келин бўлмиш Н.С. томонидан уларга етказилган моддий зарарлар тўлиқ қоплаб берилганлигини, шу сабабли унга нисбатан даъво йўқлигини билдириб баёнот беришган эса-да, суд судланувчининг қилмишига ҳуқуқий баҳо берди.

    Судланувчи Н.С. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисмининг «б» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди ва унга энг кам ойлик иш ҳақининг 40 баравари, яъни 8 109 200 сўм миқдорида жарима жазоси тайинланиб, давлат даромадига ундирилди.

    Манба: Xabar.uz

    » » Келин ўз қайнонасини тунади...