17:30 / 08.02.2019
5 369

Тошкент метросига модернизация қилинган вагонларнинг янги партияси қўйилмоқда (фото)

Тошкент метросига модернизация қилинган вагонларнинг янги партияси қўйилмоқда (фото)
Темир йўл транспортида аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш энг устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Йўловчи ташиш борасида янги замонавий технологиялардан фойдаланиш, шинам ва қулай поездлар ҳаракатини жорий этиш, жаҳон стандартларига тўла жавоб берадиган вагонларни ишлаб чиқариш бугунги дунё талабларидан биридир, деб хабар қилмоқда «Ўзбекистон темир йўллари» ахборот хизмати.

Қайд этилишича, «Тошкент йўловчи вагонларини қуриш ва таъмирлаш заводи» акциядорлик жамияти томонидан йўловчи вагонларини сифатли ва замонавий тарзда таъмирлаш, ҳар томонлама жаҳон стандартларига жавоб берувчи янги вагонларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Шунингдек, бу ерда йўловчи вагонлари тубдан қайта таъмирланади. Ички қисми замонавий дизайн асосида безатилади. Йўловчиларга қўшимча қулайликлар яратилади.

Завод 2014 йилда метро вагонларини таъмирлаш бўйича халқаро сертификатга эга бўлган. Бу йўналишда корхона мутахассислари томонидан бир қатор изланишлар олиб борилди. Жумладан, эски метро вагонлари тубдан таъмирланиб, янги дизайн асосида ўзгача қиёфага олиб келинди. Бунинг натижасида «Тошкент метрополитени» унитар корхонаси замонавий, кенг ва ёруғ метро вагонларига эга бўлди.

2018 йилда темирйўлчилар томонидан 6 та метро поезди (24 та вагон) янгидан модернизация қилинди ва фойдаланишга топширилди. Жорий йилда 7 та ана шундай поездни (28 та вагон) тубдан таъмирлаш режалаштирилган бўлиб, айни кунларда 1 та таркиб (4 вагон) шай ҳолатда ва метрополитенда синовдан ўтказилмоқда. Энг муҳими яроқлилик муддати тугаган вагонлар умри 15 йилга узайтирилмоқда.

Метро вагонларини модернизация қилиш жараёнида ишлатиладиган бутловчи қисмларнинг (вагон тележкалари ва ички жиҳозлар) 30-40% ушбу заводнинг ўзида ишлаб чиқарилмоқда. «Тошкент йўловчи вагонларини қуриш ва таъмирлаш заводи» акциядорлик жамияти томонидан 2014 йилдан 2018 йилгача бўлган даврда жами 14 та метро поезди, яъни 56 та вагон модернизация қилинди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Тошкент метросига модернизация қилинган вагонларнинг янги партияси қўйилмоқда (фото)